Ўзбекистон | 16:28 / 17.08.2019
221515
7 дақиқада ўқилади

Бу йил терилган 1 кг пахта учун неча пул тўланиши режалаштирилаётгани маълум бўлди

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг “2019 йил ҳосили пахта хом ашёсини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти, «Ўзагросервис» акциядорлик жамияти, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг 2019 йил ҳосили учун етиштирилган пахта хом ашёсини териб олишда:

пахта хом ашёсининг машинада терилган 1 тоннаси учун 500 000 сўм хизмат ҳақи тўлаш;

пахта хом ашёсининг қўлда терилган 1 килограмми учун биринчи теримда ўрта толали пахта навлари учун – 800 сўмдан, узун толали пахта навлари учун – 1000 сўмдан, иккинчи теримда ўрта толали пахта навлари учун – 1000 сўмдан,  узун толали пахта навлари учун – 1400 сўмдан меҳнат ҳақи тўлаш;

пахта йиғим-терими мавсумида терим отряди раҳбарлари ҳамда Сирдарё вилоятида ташкил этилаётган дала марказларининг раҳбарлари (менеджерлари)га истисно тариқасида фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан меҳнат ҳақи тўлаш тўғрисидаги таклифлари маъқулланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги жорий йилнинг 15 сентябрига қадар эксперимент тариқасида, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан пахта териш ишларига жалб қилинадиган пахта териш машиналари хизматидан фойдаланганлик учун харажатларнинг 30 фоизини қоплаб бериш механизмини жорий этади.

Белгиланишича:

отряд раҳбарлари терилган пахта хом ашёси миқдоридан келиб чиққан ҳолда меҳнат ҳақини ошириб бориш асосида рағбатлантирилади;

пахта йиғим-теримида иш кучи етишмовчилиги мавжуд бўлганда, туманлар ҳокимликлари, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотлари ҳамда туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларининг буюртмаларига асосан туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказлари ва хусусий бандлик агентликлари томонидан қўшимча теримчилар ихтиёрий равишда жалб этилади;

хусусий бандлик агентликлари хизматлари томонидан ҳар бир иш билан банд бўлмаган аҳолини пахта йиғим теримига ихтиёрий равишда жалб қилганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида меҳнат органлари томонидан Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади.

Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотларига пахта хом ашёси етиштирувчи фермер хўжаликларининг моддий манфаатдорлигини ошириш, етиштирилган пахта хом ашёсини ўз вақтида териб олишни таъминлаш мақсадида ўзларига бириктирилган ҳудудда пахта хом ашёсини қўлда териб олиш учун меҳнат ҳақини мазкур қарорда белгиланган нархлардан кам бўлмаган ҳолда эркин белгилаш тавсия этилади.

«Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотлари:

пахта йиғим-теримини механизациялаш даражасини ошириш, пахта териш машиналаридан кенг кўламда фойдаланишни рағбатлантириш, пахта етиштирувчи хўжаликларнинг манфаатдорлигини ошириш учун қўлда ва машинада терилган пахта хом ашёсининг навлари ва синфлари бўйича давлат томонидан кафолатланган нархларда харид қилинишини;

маҳсулот етиштирувчилар томонидан топширилган пахта хом ашёсини қабул қилиб олишда ахборот-коммуникация технологияларидан ва электрон тарозилардан фойдаланган ҳолда пахта қабул қилиш жараёнининг шаффофлигини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти тизимидаги пахта тозалаш ташкилотлари ҳамда пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотлари томонидан пахта хом ашёсини қабул қилиш масканларидаги лабораторияларда пахта хом ашёсини қабул қилишда соф (физик) вазн билан кондицион вазн ўртасидаги фарқларнинг ҳаққонийлиги ва чегирмаларнинг адолатли қўлланилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, республика тижорат банкларига «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси билан биргаликда пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотларига пахта хом ашёсини териб олишга талаб этиладиган маблағлар учун йиллик фоиз ставкасини хорижий валютада 6 фоиздан ва миллий валютада 16 фоиздан ошмаган миқдорда кредитлар ажратиш тавсия этилади.

Жамғарма, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, республика тижорат банклари, «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари пахта хом ашёси учун теримчиларга меҳнат ҳақини ушбу қарорда белгиланган тариф ставкаларидан келиб чиққан ҳолда ҳар беш кунда, зарурат бўлганда ҳар куни тўлашни ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 28 февралдаги ПҚ-3574-сон қарори талабларидан келиб чиқиб, 2019 йил пахта ҳосилини қисқа муддатда йиғиб-териб олишни, теримчилар билан ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида жамғармага 2020 йилда қайтариш шарти билан фоизсиз ссуда ажратади.

Жамғарма, «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотлари етказиб берилган пахта хом ашёси учун фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари билан жорий йилнинг 31 декабрига қадар тўлиқ ҳисоб-китоб қилинишини таъминлайди.

Пахта етиштирувчи фермер хўжаликлари билан ҳисоб-китобларнинг тўғри ва ўз вақтида амалга оширилишига ҳамда ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланилишига «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ва «Агробанк» АТБ раҳбарлари шахсан масъул эканликлари белгилаб қўйилади.

Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг пахта йиғим терими мавсумида теримчилар жойлашган ётоқ жойларида сарфланадиган электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви харажатларини маҳаллий бюджет ҳисобидан қоплаб бериш тўғрисидаги таклифлари маъқулланиши мумкин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари 2019 йил пахта ҳосилини нес-нобуд қилмасдан уюшқоқлик билан йиғиб-териб олишни ташкил этиш, мавсумда қатнашаётган теримчиларга меҳнат ҳақи тўлаш ҳамда иш кучи етишмовчилиги мавжуд туманларга қўшимча теримчиларни жалб қилиш ва уларга кафолатланган ҳақ тўлаш бўйича тегишли чора-тадбирларни тасдиқлайди.

Мавзуга оид