Ўзбекистон | 00:38 / 18.08.2019
52725
2 дақиқада ўқилади

Олий суд матбуот хизмати раҳбари фаолиятидан қониқмаганлигини билдириб лавозимини тарк этди

16 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг тўлиқ таркибдаги навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. 

Судлар фаолияти таҳлилига бағишланган ва танқидий руҳда ўтган мазкур йиғилишда Олий суд матбуот хизмати раҳбари Олимжон Ўсаров судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги мавзуида маъруза қилган. 

Kun.uz манбасининг хабар беришича, матбуот хизмати раҳбари ўз маърузасида сўнгги вақтларда ОАВда судлар фаолияти борасида танқидий чиқишлар кўпайиб бораётгани ва бу каби чиқишларга жиддий эътибор қаратиш, холис муносабат билдириш кераклигини, аммо бу борада жойларда сусткашликларга йўл қўйилаётгани, шунингдек, айрим судья ва суд ходимлари томонидан журналистарнинг суд мажлисларида иштирок этишига асоссиз тўсиқлар қўйилаётганини танқид қилган.

«Ҳозир давлат органларининг ахборот хизматлари фаолияти янгитдан кўриб чиқилмоқда, матбуот хизмати раҳбарларига эса катта ваколат ва имкониятлар бериляпти. Бундан биринчи навбатда давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти тўғрисида жамоатчиликка холис ахборот етказиш мақсади кўзланган. Ташкилот ва ОАВ ўртасида ҳамкорлик қоғозда эмас, амалда бўлиши лозим. 

Аммо матбуот хизмати ходимларининг иш жойига тушга яқин келиши, натижада журналистларнинг мурожаатлари жавобсиз қолаётгани, берилаётган қисқа жавоблар эса уларни қониқтирмаётгани, натижада суд фаолиятига нисбатан турли норозиликларнинг кўпайиб бораётгани туфайли лавозимимни тарк этаман», дея фикрларини якунлаган Олимжон Ўсаров.

Маълумот учун, Олимжон Ўсаров 28 йиллик иш фаолияти давомида давлат ҳокимияти органлари ва оммавий ахборот воситаларида турли масъул лавозимларда ишлаган. 

2002-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг матбуот хизмати раҳбари ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ахборотномаси» илмий-амалий журнали ва «Куч-адолатда» газетаси бирлашган таҳририяти бош муҳаррири, шунингдек, икки чақириқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлган.

Мавзуга оид