Ўзбекистон | 19:28 / 19.08.2019
12039
2 дақиқада ўқилади

Атом энергияси агентлиги вакили «Чернобиль» сериалини танқид қилди ва ядровий энергетикага қарши чиқишлар ортида ким турганини айтди

Антиядровий чиқишлар ортида нефть-газ компаниялари турибди. Тошкентда бўлиб турган Халқаро атом энергияси агентлиги бош директори ўринбосари Михаил Чудаков ана шундай баёнот берди, деб хабар қилди Kun.uz мухбири.

Ўзбекистон Фанлар Академияси Ядро физикаси институтига ташрифидан сўнг журналистлар олдида чиқиш қилган Чудаков «Чернобиль» сериалини танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, Чернобиль фожиаси ва Япониядаги Фукусима АЭСи ҳалокатининг инсон саломатлигига таъсири «жуда бўрттириб кўрсатилган». Чудаковнинг таъкидлашича, Японияда радиациядан ҳеч ким ўлмаган, икки киши цунами оқибатида ҳалок бўлган.

«Чернобилда 28 киши ҳалок бўлган – тезкор таркиб ва ўт ўчирувчилар, яна бир неча ўн кишининг ҳалок бўлгани баҳсли. Ҳолливуднинг Чернобиль ҳақидаги фильмида кўрсатилганидек минглаб одамлар эмас. Унда ҳақиқатга мос келадиган чиройли манзаралар берилган, аммо ҳар доимги антисоветча хулоса қилинганидек, юз минглаб кишилар жабрлангани айтилган», – деди Чудаков журналистларга.

«Аслида, ишончим комилки, бу барча антиядровий чиқишлар ортида келажакларини атом энергетикаси кўмиб ташлашини яхши тушуниб турган углерод энергияси манбалари турибди. Шу боис бутун дунёда ва Ўзбекистонда атом энергетикаси улкан истиқболга эга эканлигига ишонаман», – деди у.

Буюк Британия ва АҚШ ҳамкорлигидаги «Чернобиль» мини-сериали HBO канали орқали май ойида намойиш этилганди. Сериалда 1986 йил 26 апрелда содир бўлган Чернобиль АЭСи воқеаси ва унинг оқибатлари ҳақида ҳикоя қилинади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид