Спорт | 03:26 / 19.08.2019
87893
2 дақиқада ўқилади

Видео: Водий дербисидан кейин Андижондаги стадионда тартибсизлик юзага келди

«Соғлом авлод» стадионида бўлиб ўтган водий дербиси доимгидек «қизиқарли» воқеаларга бой бўлди. Суперлиганинг 17-тури доирасидаги учрашув ўйин сифати жиҳатидан юқори савияда бўлди, дея айта олмаймиз. Ҳар икки жамоа ҳам нурсиз ўйин намойиш қилди. 

Ўйиннинг 52-дақиқасида Азиз Турғунбоев жарима нуқтасидан гол уриб, «Навбаҳор»га уч очко ва жамоаси мухлисларига бир олам қувонч бахш этгач, стадион трибуналарида бироз тартибсиз ҳолат юзага келди. 

Наманганлик мухлисларнинг трибуналардаги рақслари «Андижон» жамоаси ишқибозларининг эҳтиросларини жунбушга келтирди. 

Натижада, меҳмон мухлислар стадионга ҳам тушиб кетишди. Улар ўзларига трибунанинг орқа томонидан тош отилаётганини айтишган. Андижон ИИБ ходимлари тартибсизликни ўз вақтида бартараф этди. Ҳеч ким жароҳат олмади.

Наманганлик мухлислардан иборат машиналар колоннаси вилоят чегарасигача кузатиб қўйилганлиги айтилмоқда.

Қайд этиш керакки, бундай тартибсизликлар «Андижон» ва «Навбаҳор» жамоалари ўртасидаги ўйинлар учун одатий ҳол.

Бундан уч ой олдин, Наманганда бўлиб ўтган дербида ҳам футболчилар стадионни тарк этаётган пайтда мухлислар турли нарсаларни улоқтирган, шунингдек, стадион ташқарисида ҳам тартибсизликлар бўлган эди. 

Мавзуга оид