Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ўзбекистон буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империялар, динлар, маданиятлар» ҳафталиги старт олди
22-27 август кунлари “Ўзбекистон буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империялар, динлар, маданиятлар” маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтади. Бу ҳақида 21 август куни бўлиб ўтган ҳафталик олди матбуот анжуманида маълумот берилди.

Тошкент, Термиз, Бухоро, Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтадиган мазкур ҳафталик доирасида Ўзбекистоннинг энг қадимги даврлардан бошлаб шаклланган маданий меросини ўрганиш ва уни сақлаб қолиш мақсадида дуёнинг турли нуқталаридан мутахассислар жамланиши кутилмоқда.
Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва тарғиб қилиш бутунжаҳон жамияти раиси:

─ Мазкур ҳафталикда 3 нафар Фанлар Академияларининг раҳбарлари, 3 нафар йирик халқаро нашриёт директори, 3 нафар халқаро фонд директори, 35 нафар музей ва кутубхоналар директорлари, 250 нафар олим ва тадқиқотчилар, 250 нафар профессор ва докторлар, 12 нафар академик, 25 нафар ЮНЕСКО вакили иштирок этиши режалаштирилган. Ушбу халқаро миқёсдаги тадбирни ёритиш учун 60дан зиёд хорижий ОАВ ҳам жалб қилинган. Кенг қамрови жиҳатидан илк бор ўтказилаётган бу йирик ҳафталик Ўзбекистон тарихи ва маданиятини ўрганиш жараёнини янги босқичга олиб чиқади.
Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари:

─ Бу ҳафталик нафақат Ўзбекистон ёки Марказий Осиё учун, балки бутун Евроосиё учун катта аҳамиятга эга. Чунки Ўзбекистон ҳудудида кечган маданият цивилизацияси бутун инсониятнинг бойлиги. Бу ҳафталик давомида бўлиб ўтадиган кўргазма, семинар, тақдимот, маърузалар Ўзбекистоннинг муҳташам маданияти ҳақида яхлит бир полотно ҳосил қилишга ёрдам беради. Ўзбекистон ҳукумати халқаро миқёсдаги мутахассислар ва илм аҳлини жамлаш орқали маданий меросни сақлаб қолиш бўйича керакли кўрсатмалар ва йўналишларни билиш ва уларни келгусида жорий этишни мақсад қилган.
Камола Оқилова, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири ўринбосари:

─ Ўзбекистонда жадал кечаётган ривожланиш маданият соҳасида ҳам намоён бўляпти. Маданий меросни асраш масаласи бутун дунёда ҳар доим долзарб бўлиб келган. Моддий ва номоддий меросни сақлаш борасида бизда бир қатор муаммолар бор, лекин биз бугун бу муаммолар ҳақида гапира бошлаганимизнинг ўзи ҳам уларни ҳал қилиш йўлидаги энг муҳим қадамдир.
Фредерик Старр, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва тарғиб қилиш бутунжаҳон жамияти илмий кенгаши аъзоси:

─ Марказий Осиё ҳудудидан ўтган Буюк ипак йўли фақатгина савдо маркази бўлиб қолмай, маданиятлар алмашинувига ҳам хизмат қилган. Бу йўл жойлашган ҳудуд ─ Ўзбекистонни ўрганиш бутун дунё ҳамжамияти учун жуда муҳим. Бу сирли маконда қадимий динлардан тортиб архитектура обидалари, интеллектуал бойликкача кўриш мумкин. Афсуски, архитектура обидалари пишмаган ғиштдан қурилган, уларни сақлаб қолишни зудлик билан кўриб чиқиш керак. Маданий ёдгорликлар жойлашган ҳудудга туристлар оқимининг кириб келиши натижасида юзага келиши мумкин бўлган салбий таъсирлар хусусида ҳам бош қотириш лозим.
Ефим Резван, Буюк Пётр номидаги антропология ва этнография музейи директори ўринбосари, профессор, қуръоншунос:

─ Ўзбекистонда мисли кўрилмаган ҳажмда инсоният маданиятининг мероси жамланган. Уларни ўрганмаслик, тадқиқ қилмаслик катта хато бўлади. Маданий меросни кўпроқ ўрганган сайин чуқурроқ кириб бориш, янгидан-янги қирраларини кашф этиш мумкин. Келгуси авлод ҳам бу меросдан баҳраманд бўлиш учун биз ҳозирданоқ биргаликда бу меросни ўрганишимиз ва бутунлигича асраб қолишимиз даркор.
Ҳафталик дастурига кўра, 22-23 август кунлари Тошкентда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва тарғиб қилиш бутунжаҳон жамиятининг учинчи халқаро конгресси бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон маданий меросининг дунё тўпламларида сақланаётган меросига бағишланган 20 жилдли китоб-альбоми тақдимоти ҳам ўтказилади. Бу альбомнинг ўзига хослиги шундаки, штрих-кодни сканер қилиш функциясидан фойдаланган ҳолда маданий мерос объектлари ҳақида батафсил ҳикоя қилувчи видеоматериалларни томоша қилиш мумкин бўлади.

Шунингдек, конгресс давомида Ўзбекистон тарихи ва маданияти ҳақида сўзловчи “Бобур ва бобурий маликалар изидан”, “Катта Лангар Қуръони: сирлар ва ҳақиқатлар” сингари фильмлар премьераси бўлиб ўтади. Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида “Кушон хазинаси”, Фанлар Академиясининг Шарқшунослик институтида “Ўзбекистон қўлёзма ёдгорликлари” кўргазмалари ҳам бўлиб ўтади. Бу кўргазмаларда айрим бебаҳо асарлар илк маротаба омма эътиборига тақдим этилиши кутилмоқда.
24 август куни Термизда давом этадиган ҳафталикда “Ўзбекистон цивилизациялар чорраҳаси” конференцияси бўлиб ўтади. Унда академик Эдвар Ртвеладзе раҳбарлигида Кампиртепада олиб борилган тадқиқотлар натижаси ─ Оксиана Искандарияси ҳақида ҳали ҳеч кимга маълум бўлмаган маълумотлар баён қилинади. Ҳафталик иштирокчилари Сурхондарё ҳудудидаги қадимги шаҳарчалар, қазишма ҳудудлари, тарихий ёдгорликларни бориб кўришади.
24 август куни Бухоро шаҳридаги тарихий ёдгорликлар билан ҳам дунё илм аҳлини яқиндан таништириш режалаштирилган.

25 август куни Самарқандда “Ўзбекистон обидалари нима ҳақида сукут сақлайди?” мавзусида экскурсия, “Асрлар қаъридан таралган нур” мавзусида исломшунос олимлар иштирокидаги халқаро конференция бўлиб ўтади. “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” туркумидаги китоб-альбомларнинг Хоразм ва Бухоро вилоятлари обидаларига бағишланган навбатдаги 14- ва 15-жилдлари ҳамда “Катта Лангар Қуръони: сирлар ва ҳақиқатлар” китоби тақдимоти бўлиб ўтади. Ҳафталикнинг энг ёрқин тадбирларидан бири сифатида Амир Темурнинг етти боғидан бири намунасида тикланган “Боғишамол”нинг тантанали очилиш маросими ва ўрта аслар муҳитини жонлантирувчи “Самарқанд ─ Буюк ипак йўли юраги” фестивали бўлиб ўтади.
Ҳафталик анъанавий “Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивали билан якунига етади.
Мавзуга оид
10:12 / 15.05.2025
Тошкент вилоятида 13 та тарихий ёдгорликка зарар етказилди
08:07 / 12.05.2025
Вазирлар Маҳкамаси биноси маданий мерос объектлари рўйхатига киритилади
22:21 / 08.05.2025
Жиззах вилоятида палеолит ва неолит даврларига оид янги археологик масканлар аниқланди
18:38 / 28.04.2025