Жамият | 08:00 / 21.08.2019
23758
6 дақиқада ўқилади

«Шамол уйимизга эсса, нафас ололмаяпмиз» - янгибозорликлар ғишт заводларининг зарарли таъсиридан азият чекмоқда

Тадбиркорликни ривожлантириш – Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётини юксалтиришнинг муҳим шартларидан бири эканига шубҳа йўқ. Бугун ишбилармонлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, уларга жуда кўп имкониятлар, имтиёзлар берилмоқда, уларнинг олдидаги тўсиқлар олиб ташланмоқда. Аммо гап тадбиркорликни ривожлантириш билан бир қаторда, инсон саломатлиги ва атроф-муҳит муҳофазаси масаласига бориб тақалса нима бўлади? Албатта бунда давлатимиз қонунлари, идора ва ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилган меъёрлар ва қоидаларга амал қилинади. Таҳририятимизга келиб тушган мурожаат айнан шу мавзуга дахлдор.

Хоразм вилояти, Янгибозор тумани, Бошқирших қишлоғининг Янги-ёп маҳалласида истиқомат қилувчи аҳоли ғишт ишлаб чиқариш цехлари фаолиятининг салбий таъсири оқибатида экологик ва санитария-эпидемиологик вазият оғирлашганидан шикоят қилишди.

Айни пайтда маҳалла ҳудудига яқин жойда бир эмас, учта ғишт ишлаб чиқариш цехи фаолият юритмоқда. Аҳоли шикоятига кўра, цехлардан тарқалаётган сассиқ ҳид ва тутун туфайли нафас олиш қийинлашмоқда, турли аллергик касалликлар келиб чиқмоқда. Одамлар бу заводлар кўчириб юборилишини истаяпти.

Янгибозор тумани ҳокимлиги маълумотига кўра, Янги-ёп маҳалласи ҳудудида ғишт ишлаб чиқарувчи учта - «Мирзо Ҳалилло ўғли» (кўмир ёқилғисидан фойдаланади), «Амин Бўрон Мирзо» (газ) ва «Бўзқалъа муҳандиси» (кўмир) цехлари фаолият юритяпти.

Санитария меъёрлари ва қоидаларига кўра, ғишт цехи аҳоли яшайдиган жойлардан маълум бир узоқликда бўлиши, орадаги санитария ҳимоя масофасига амал қилиниши шарт. Акс ҳолда аҳоли саломатлигига путур етказиши мумкин.

Хоразм вилояти Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази (ДСЭНМ) томонидан Янги-ёп маҳалласида ўтказилган ўрганиш натижасида, ғишт ишлаб чиқариш цехлари билан аҳоли хонадонлари ўртасидаги санитария ҳимоя масофаси сақланилмагани аниқланди. «Ўзбекистон Республикаси аҳолиси яшайдиган жойларда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича санитария меъёрлари ва қоидалари»нинг 6-бандига асосан, ғишт ишлаб чиқариш цехларидан аҳоли яшайдиган жойларгача бўлган санитария ҳимоя ҳудуди 300 метр қилиб белгиланган. Бироқ, Янги-ёп маҳалласидаги бу масофа 200 метрни ташкил қилади. Бундан ташқари, маҳалла ҳудудидаги «Янгибозор саноат касб-ҳунар коллежи»дан ғишт цехигача бўлган масофа эса атиги 50 метрга тенг.

ДСЭНМ ходимларининг аҳоли билан ўтказган суҳбати давомида, шамол уйларга қараб эсган маҳалда кўмир ҳидидан уй ичкарисида ва ташқарисида нафас олиш қийинлашиши аниқланди. Лаборатория текшириш натижаларига кўра, ўлчанган кўрсаткичлар бўйича атмосфера ҳавосидаги УГЛЕРОД ОКСИДИ (CO2) даражаси рухсат этилган меъёрдан 4 БАРОБАР юқори экани, яъни меъёрда 5мг/м3 бўлган ҳолда, амалда 20 мг/м3 экани аниқланди.

Янги-ёп маҳалласидаги ғишт ишлаб чиқариш цехлари атрофидаги вазиятни кўздан кечириб, экинзорлардан, санитария ҳимоя ҳудудларидан номаълум шахслар томонидан тупроқ қазиб олинганини аниқладик. Хусусан, юқори кучланишли электр таянч симёғочлари атрофидан катта ҳажмда тупроқ кўчириб олинган. Бу эса кучли шамол ёки ёмғирда таянчларнинг қулаб тушишига, техноген фалокат юз беришига сабаб бўлиши мумкин. Янгибозор тумани ҳудудий электр тармоқлари корхонасини бунга эътибор қаратишини сўраймиз. Қайд этиш жоизки, ғишт цехлари тупроқни фақат махсус ажратилган карьердан олишлари шарт.  

Хоразм вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан ўтказилган ўрганиш натижасида ғишт ишлаб чиқариш цехлари учун «Чиқиндиларни атмосфера ҳавосига чиқариладиган чегаравий миқдори» /ПДВ/ экологик норматив лойиҳаси ҳужжати ишлаб чиқилмагани аниқланган. Бу билан «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 25-моддаси ва «Экологик экспертиза тўғрисида»ги қонунининг 13-моддаси талаблари бузилган.

Янгибозор тумани ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Бунёд Тўлиевдан бу ҳолат юзасидан изоҳ олганимизда, Янги-ёп маҳалласидаги ғишт цехларини бошқа жойга кўчириб юбориш режаси борлигини, аммо бу қачон амалга оширилиши номаълум эканини айтди.

Айни пайтда маҳалла аҳолиси ғишт цехларидан тарқалаётган сассиқ ҳид ва тутун туфайли азият чекмоқда. Шамол одамларнинг уйига қараб эсган маҳалда нафас олиш қийинлашмоқда, кучли йўтал ва аллергик тошмалар келиб чиқмоқда. Янги-ёп маҳалласи аҳолиси бир неча йиллардан бери юқори ташкилотларга шикоят қилиб келаётганига қарамай, вазият ҳамон ўнгланмаган.

Ғишт ишлаб чиқарувчи цехлар фаолиятига ҳеч ким тўсқинлик қилмоқчи эмас. Бугунги кунда ғиштга ва бошқа қурилиш материалларига бўлган талаб юқорилиги, уларнинг фаолияти муҳим эканини кўриб турибмиз. Бундан ташқари, цехларда одамлар ишламоқда, бу орқали рўзғор тебратмоқда. Цехлар давлатга солиқ тўламоқда, туман бюджетига пул тушмоқда. Албатта уларнинг тўхтатилиши молиявий зарарни келтириб чиқаради. Аммо одамлар саломатлиги ва атроф муҳитга етказилаётган зарар-чи?

Унутмаслик лозим, тадбиркорлик фаолияти қонун ҳимоясида бўлгани каби, одамлар саломатлиги ва атроф-муҳит муҳофазаси ҳам давлат ҳимоясидадир. Чунки бу ҳар қандай фойда ва даромаддан қадрли ҳисобланади.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид