Иқтисодиёт | 18:55 / 23.08.2019
31050
4 дақиқада ўқилади

Содиқ Сафоев: «Ҳозир пахтадан фойдамиз – йилига 2 млрд доллар. Яқин келажакда эса 7 миллиардга етиши кутиляпти»

Фото: Kun.uz

Ҳозир Ўзбекистон текстиль маҳсулотларини сотишдан йилига 2 миллиард доллар фойда оляпти ва бу рақам яқин келажакда 7 миллиардга ошиши кутилмоқда. Таққослаш учун, мустақилликдан олдин атиги 8 фоиз пахта толаси Ўзбекистоннинг ўзида қайта ишланган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 80 фоизга етган.

Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бугунги ялпи мажлисдаги маърузасида шу ҳақда тўхталиб ўтди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Қаранглар, бир неча йил аввал бизда етиштирилган пахта толасининг атиги тўртдан бири ўзимизда қайта ишлаб чиқариларди. Шу борада эслатмоқчиман, бир хиллар ўтмишни ностальгия билан эслайди... Биз иқтисодчиларнинг эсимизда бор, совет даврида атиги 8 фоиз пахта ўзимизда қайта ишлаб чиқариларди. Қолган ҳаммаси Ивановога, бошқа жойларга жўнатилиб, тайёр маҳсулот сифатида қимматроқ бўлиб, ўзимизга қайтиб келарди.

Бугун эса 80 фоиз пахта ўзимизда қайта ишлаб чиқарилмоқда ва тайёр маҳсулот сифатида четга сотилмоқда.

Бунинг эвазига, агар илгари муккайиб, бутун миллат қийналиб, болаларни меҳнатга жалб қилиб, етиштирган пахтамизни сотганимизда, яхши ва омадли йилда 1 миллиард долларни олардик.

Мана шу инвестициялар натижасида, ўзимиздаги ривожланган ишлаб чиқаришлар натижасида бугун текстиль маҳсулотларини сотиш эвазига биз 2 миллиард доллар фойда оламиз. Яқин келажакда бу рақам – 7 миллиард долларга ўсиши кутилмоқда.

Мана бу – биз олиб бораётган инвестицион сиёсатимизнинг амалий натижасидир», – деди Содиқ Сафоев.

Сиёсатчининг таъкидича, инвестиция масаласи – Ўзбекистон «тақдири учун стратегик аҳамиятга эга». У ўз нутқида жаҳон иқтисодиётига оид умумий статистик рақамларни ҳам келтириб ўтди.

«Жаҳон банки маълумотларига кўра, жорий йилда глобал ўсиш 2,6 фоизни ташкил қилган бўлиб, бу – кутилган кўрсаткичдан 0,3 фоизга камроқ. Мутахассислар келгуси уч йилда ривожланаётган мамлакатларда инвестицияларнинг ўсиши секинлашади, деган хулосага келмоқдалар. Бу хулоса биз учун муҳим.

Умуман, дунёда ўтган йилда тўғридан тўғри хорижий инвестициялар 19 фоизга тушди ва 1,2 триллион АҚШ долларини ташкил этди. Бу тенденцияни биз билишимиз керак.

БМТ маълумотига кўра, энг йирик ҳажмда инвестицияларни ташқарига йўналтирувчи ўнта мамлакат қаторига Япония, Хитой, Буюк Британия, Германия, Гонгконг, Канада, Сингапур, Франция ва Испания киради. Энг кўп инвестицияларни қабул қиладиган ўнталик мамлакатларига АҚШ, Хитой, Гонгконг, Буюк Британия, Сингапур, Бразилия, Голландия, Австралия, Ҳиндистон, Германия киради. Эътибор беринг, буларнинг барчаси – иқтисодий ривожланган, бой, ишбилармонлик муҳити ва инсон капитали юқори даражада бўлган давлатлар.

Инвестиция кимга кўпроқ кириб келяпти, мана шунга эътибор бериб, ўзимизга хулоса қилишимиз керак», – деди Содиқ Сафоев.

Унинг сўзларига кўра, ички ва ташқи салбий омилларга қарамай, Ўзбекистонда макроиқтисодий кўрсаткичларнинг муттасил ўсиши таъминланмоқда: реал ЯИМ бу йилнинг биринчи ярмида ҳам қарийб 6 фоизга ўсди ва бу – жаҳонда қайд этилган ўртача кўрсаткичлардан анча баландроқдир.

Бу, Сафоевнинг қайд этишича, жорий йилда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,6 баробар кўпроқ инвестиция ўзлаштирилгани, хорижий сармоялар 2,7 мартага ошиб, 1,7 млрд долларга етгани, халқаро молия институтлари маблағлари жалб этилиши 3,7 баробар ўсгани билан боғлиқ.

Сенаторнинг қўшимча қилишича, ўзлаштирилган тўғридан тўғри хорижий сармояларнинг қарийб 75 фоизи ҳудудий дастурларга тўғри келмоқда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид