Ўзбекистон | 18:40 / 23.08.2019
21159
2 дақиқада ўқилади

Йилнинг иккинчи ярмида қандай ўзгаришлар бўлади? Азиз Абдуҳакимов Сенатга ҳисобот берди

23 август куни Олий Мажлис Сенатининг 21-ялпи мажлиси иш бошлади. Ялпи мажлис кун тартибига асосан «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» давлат дастури доирасида 2019 йилнинг иккинчи ярим йиллигида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳисоботи тингланди.

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, 2019 йилнинг иккинчи ярим йиллиги якунига қадар ялпи ички маҳсулот ҳажми ўтган йилнинг шу даврига қараганда 5,5 фоизга ўсиши, инфляция даражаси эса 7,2-7,4 фоиз атрофида ушлаб турилиши прогноз қилинмоқда.

Йил якунига қадар республика бўйича 330та объектда 926 млрд сўм маблағни жалб қилган ҳолда қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилиши кутилмоқда.

«Бухоро, Наманган, Самарқанд ва Қарши шаҳарларида сув таъминоти ва канализация тизимини сифатли йўлга қўйиш учун давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида бошқарувга берилади. Ҳудудларда бизнес муҳитини яхшилаш мақсадида Тошкент шаҳри, Нукус шаҳри ва вилоят марказларида бизнес-ишбилармонлик марказлари фаолияти йўлга қўйилади. 47 трлн сўмга баҳоланаётган лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 130,000та янги иш ўрни яратилади. 840та нодавлат мактабгача таълим муассасаси, 20та нодавлат умумтаълим муассасаси, 146та янги тиббиёт муассасаси фаолияти йўлга қўйилади», дея бош вазир ўринбосари сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Абдуҳакимовнинг баёнотига кўра, 2019 йил якунига қадар Тошкент метрополитени тизимидаги бир қатор лойиҳалар якунига етказилади. Юнусобод йўлидаги 3 км узунликдаги Юнусобод-Туркистон бекатлари ишга туширилади. Тошкент шаҳри ерусти ҳалқа метро йўлининг биринчи босқичи ишга туширилиб, электропоездлар қатнови йўлга қўйилади.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид