Ўзбекистон | 08:16 / 24.08.2019
306934
3 дақиқада ўқилади

«Супер-контракт» нархи қанча ва кимлар учун?

Фото: KUN.UZ

Тест натижалари чиқишни бошлагач, абитуриентлардан қўшимча контракт (халқ тилида "супер-контракт") ҳақида саволлар кўпайди, деб ёзади ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев. У қўшимча контракт ҳақидаги айрим саволларга жавоб беришга ҳаракат қилди.

Қўшимча контрактда ўқиш учун неча балл олиш керак?

Фарқи йўқ. Тестга кирган бўлса, кифоя. 1 балл олган бўлса ҳам, қўшимча контрактда ўқиши мумкин. Фақат нархи балига қараб фарқ қилади.

Қўшимча контрактда ўқишни хоҳлаганлар қачон ариза бериш керак?

Ўқишга кира олмаган абитуриентлар қўшимча контрактда ўқиш учун тест натижалари эълон қилингандан бошлаб 1 ой ичида ариза бериши керак.

Ариза қаерга берилади?

Қўшимча контрактда ўқиш истагида бўлганлар ОТМ ректори номига ариза беради.

Оширилган контрактнинг нархи қанча?

Оширилган тўлов-контракт миқдори амалда ўрнатилган тўлов-контракт миқдорига нисбатан қуйидаги миқдорларда белгиланади:

1-тоифа

Кириш чизиғига 4 балл етмаганлар нисбатан анча арзон контракт тўлайди. Жумладан:

1 баллгача етмаган абитуриентлар учун - 1,5 баробар;

1.1 баллдан 2 баллгача етмаганлар учун - 2,0 баробар;

2.1 баллдан 3 баллгача етмаганлар учун - 2,5 баробар;

3.1 баллдан 4 баллгача етмаганлар учун - 3,0 баробар.

Масалан, кириш бали 140 бўлган дейлик. 139 балл тўплаган абитуриент контрактнинг 1,5 баробарини тўлайди. Асли 10 млн сўм контракт бўлса, 15 млн сўм тўласа кифоя.

138,9 балл олган абитуриент эса 2 баробарини тўлайди, яъни 20 млн сўм. Ва ҳ.к.

2-тоифа

56,7 баллдан кўп тўплаган, лекин кириш чизиғига 4 баллдан кўпроқ етмай қолган абитуриентлар контракт суммасининг 10 бараваридан 25 бараваригача миқдорида тўлайди.

Масалан, яна ўша кириш 140 балл бўлган йўналишни мисол олсак, 135,9 баллдан кам 56,7 баллдан кўп тўплаганлар 2-тоифага тушади.

Жорий йилда 2-тоифа учун нархлар ҳали тасдиқланмади.

3-тоифа

56,7 баллдан кам тўплаганлар 2-тоифадаги супер-контракт миқдорининг 2 баробарини тўлаб ўқишлари мумкин. Масалан, оддий супер-контракт 15 баробар бўлса, 56,7 баллдан кам тўплаганлар 30 баробар тўлаб, 2-тоифадаги супер-контрактда ўқиши мумкин.

Оширилган контракт ҳар йили тўланадими ёки бир марта?

Бир марта тўланади. 1-ўқув йилини тугатгандан сўнг кейинги йилларда эл қатори оддий контрактни тўлаб ўқишади.

Магистратурада ҳам қўшимча қабул борми?

Ҳа, бор. Фақат магистратурада бакалаврга ўхшаб табақалаштирилган қиммат контракт тўланмайди, оддий контракт нархи қанча бўлса, қўшимча қабул қилинган магистрлар ҳам шунча тўлашади.

Супер-контрактни бўлиб-бўлиб тўласа бўладими?

Йўқ, минг афсуски ҳозирги қоидалар бўйича супер-контрактни тўлиқ тўлаш талаб этилади. 100% тўлангандан кейингина буйруқ чиқарилади. Лекин бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини яратиш керак, менимча.

Супер-контракт учун таълим кредити олса бўладими?

Йўқ, супер-контракт учун таълим кредити бериш амалдаги қонунчиликда белгиланмаган.

Эслатма: 10 ёки 20 баробар дегани бу энг кам ойлик иш ҳақига нисбатан эмас, ўша йўналишдаги контракт нархига нисбатан. Яъни контракт 10 млн сўм бўлса, 15 баробар бўлганда қўшимча контрактда 150 млн сўм тўланади.

Мавзуга оид