Ўзбекистон | 11:11 / 26.08.2019
32050
9 дақиқада ўқилади

Патент марказлари, Uzbekistan Airways’га топшириқ ва суғурта. Ҳукумат меҳнат мигрантлари бўйича янги қарор қабул қилди

Фото: Иван Секретарев / AP

Вазирлар Маҳкамасининг “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига улар Ватанга қайтиб келганидан кейин ишсиз ва банд бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва касбий таълимнинг бошқа муассасалари, шу жумладан, нодавлат касбий таълим муассасаларининг касбга ўқитиш марказларида, кейинчалик ишга жойлаштириш учун, шу жумладан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобига грантлар бериш йўли билан талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича бепул касбий ўқитиш, қайта ўқитиш ва уларнинг малакасини оширишни назарда тутувчи меҳнат, ижтимоий ва психологик қайта интеграциялашувида кўмаклашиш шаклларини кенгайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирларини кўради.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

2020-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Екатеринбург, Новосибирск, Волгоград, Пятигорск (Россия Федерацияси), Истанбул (Туркия), Нур Султон (Қозоғистон), Дубайда (Бирлашган Араб Амирликлари) Агентлик маблағлари ҳисобига ваколатхоналарини очиш, кейинчалик маблағларни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобига қоплаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрадилар;

2021 йил 1 мартгача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикасида Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишга рухсатномани (патентни) тайёрлаш, расмийлаштириш ва бериш хизматлари кўрсатиш ваколатига эга бўлган Россия органлари ва ташкилотларининг филиалларини (фронт-офисларини) очиш бўйича Россия Федерацияси минтақалари (Татаристон Республикаси, Приморье ўлкаси, Санкт-Петербург шаҳри, Красноярск, Новосибирск, Ростов, Ленинград ва Свердловск вилоятлари, шунингдек, Урал федерал округининг Ханти-Мансийск ва Ямал-Ненец автоном округлари) билан музокаралар ўтказадилар;

Россия Федерациясининг Андижон, Фарғона ва Хоразм вилоятларидаги миграция марказлари ваколатхоналари негизида, шу жумладан, бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан бинолар ва хоналарни бериш йўли билан Россияда ишга жойлашишга рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш хизматлари кўрсатувчи меҳнат мигрантларини виза, ҳужжатлар билан қўллаб-қувватлаш марказлари ташкил этилишига кўмаклашадилар;

меҳнат мигрантларининг мурожаатлари бўйича, айниқса меҳнат миграциясида бўлган даврда вафот этган фуқароларнинг жасадларини, шунингдек, чет элдаги меҳнат фаолияти даврида меҳнат лаёқати йўқотилишига олиб келган шикастланган ёки оғир тан жароҳати олган фуқароларни ташиш, ҳамроҳлик қиладиган шахсларнинг транспорт харажатларини молиялаштириш, Агентлик ваколатхоналари билан Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари ўртасидаги функцияларни аниқ чегаралаш масалаларини кечиктирмасдан ва жадал кўриб чиқиш ва ҳал этишни назарда тутувчи Агентликнинг Чет элдаги ваколатхоналари регламентини икки ҳафта муддатда ишлаб чиқадилар ва тасдиқлайдилар.

"Uzbekistan Airways" АЖга Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ёки Агентликнинг буюртманомалари бўйича меҳнат миграциясида бўлган даврда вафот этган фуқароларнинг жасадларини, шунингдек, хорижда меҳнат фаолияти вақтида оғир тан жароҳати олган фуқароларни бепул асосда Ўзбекистон Республикасига олиб келиш тавсия қилинди.

Белгилаб қўйилишича, вафот этган фуқароларнинг жасадларини, шунингдек, хорижда меҳнат фаолияти вақтида оғир тан жароҳати олган фуқароларни олиб келиш зарур бўлган минтақалардан (аэропортлардан) "Uzbekistan Airways" АЖнинг йўналишлари мавжуд бўлмаган тақдирда транспорт харажатлари Меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобига қопланади.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ Агентлик ҳузуридаги ихтисослаштирилган кассаларда хорижий авиация, темир йўл ва автомобилда йўловчилар ташувчиларнинг чипталари сотилишига йўл қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 2020 йил 1 январгача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш марказлари негизида Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобига чет элга ишга кетаётган фуқароларни кетишдан олдин касбга йўналтириш марказлари ташкил этади.

Белгиланишича:

кетишдан олдин касбга йўналтириш марказларида шу жумладан, ишсизлар ва иш билан банд бўлмаган шахсларни касбга ўқитиш марказлари билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чет элга жўнаб кетаётган фуқароларни хорижий меҳнат бозорида талаб этилган мутахассисликлар ва чет тиллари бўйича қисқа муддатли ўқитиш, қайта ўқитиш ва малакасини ошириш, шунингдек, профессионал компетенциясини тест синовдан ўтказиш ва тасдиқлаш амалга оширилади;

кетишдан олдин касбга йўналтириш марказлари фаолиятини ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Агентлик шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартларида профессионал ўқув марказлари, тармоқ уюшмалари, йирик иш берувчилар ва бошқа муассасалар сирасидан хорижий ёки маҳаллий шерикларни жалб этишга ҳақлидир;

Агентлик ёки хусусий бандлик агентликлари томонидан ташкилий меҳнат миграцияси йўли бўйича чет элда ишлаш учун кетаётган фуқароларни касбга ўқитиш учун кетишдан олдин касбга йўналтириш марказларида ёки касбий таълимнинг бошқа муассасаларида, шунингдек, давлат муассасаларида касбга ўқитиш учун Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобига ҳар бир таълим олувчи учун бир ойда 4 базавий ҳисоблаш миқдоридан ортиқ бўлмаган миқдорда грантлар ажратилади;

фуқароларни кетишдан олдин касбга йўналтириш марказларида ёки касбий таълимнинг бошқа муассасаларида касбга ўқитиш хорижий иш берувчилар ёки хорижий давлатларнинг меҳнат бозорида воситачилик фаолиятини амалга ошириш ваколатига эга бўлган ташкилотларнинг буюртманомалари бўйича амалга оширилиши мумкин.

Агентлик икки ой муддатда:

Агентликнинг расмий веб-сайтида миграция ва меҳнат ҳақидаги қонунлар бузилиши билан боғлиқ масалалар бўйича меҳнат мигрантларини улар турган мамлакатларда ҳуқуқий ҳимоя қилиш хизматлари кўрсатишга очиқ танловни жойлаштириш учун электрон майдончалар ташкил этиш;

танлов якунлари бўйича миграция ва меҳнат ҳақидаги қонунлар бузилиши билан боғлиқ масалалар бўйича меҳнат мигрантларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш хизматларини кўрсатишга бўлиш мамлакатларининг ихтисослаштирилган ташкилотлари билан, улар хизматлари қиймати Меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобига ҳақ тўланган ҳолда битимлар тузиш чора-тадбирларини кўради.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида меҳнат мигрантларининг соғлиғи ҳолати тўғрисидаги тиббий хулосани, шунингдек, суғурта полисларини ўзаро эътироф этиш тўғрисида битим лойиҳаларини тайёрлайдилар ва Россия томонидан кўриб чиқиш учун дипломатик каналлар бўйича юборадилар.

"Ўзагросуғурта" АЖ ва "Кафолат" суғурта компанияси" АЖга ҳаётни суғурта қилиш соҳасида фаолиятни амалга ошираётган ихтисосли шуъба ташкилотлар билан биргаликда икки ой муддатда қуйидагиларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш тавсия қилинди:

а) меҳнат мигрантлари учун имтиёзли тарифлар бўйича:

ишга жойлашишга патент ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатлар берилиши рад этилиши таваккалчилигини суғурта қилишни;

хорижда ишга жойлашиш бўйича транспорт харажатлари ва бошқа харажатларни тўлаш учун берилган кредитлар қайтарилмаслиги таваккалчилигини суғурта қилишни;

меҳнат мигрантларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ихтиёрий тиббий суғурта полиси бериш ва суғурта қопламасини тўлашни ёки суғурта полиси шартларига мувофиқ меҳнат мигрантлари вақтинча бўлган мамлакатдаги ассистанс хизматлари кўрсатувчи хорижий суғурта компаниялари томонидан тиббий хизматлар кўрсатилишини ташкил этишни назарда тутувчи янги суғурта маҳсулотларини;

б) суғурта қопламасини суғурта бадали тўланган валютада тўлашни, суғурта қопламаси миқдори суғурта ҳодисасига қараб қуйидаги ҳолларда меҳнат мигрантларининг ҳаётини ихтиёрий узоқ муддатли суғурта қилиш механизмларини:

суғурта суммаси миқдорига тенг бўлганда - суғурта қилинган шахс вафот этган ёки у меҳнатга лаёқатини йўқотган тақдирда (I ва II гуруҳ ногиронлик);

суғурта суммаси миқдорига ва суғурта ташкилотининг инвестиция даромадидаги улушга тенг бўлганда - суғурта қилинган шахс белгиланган ёшга етганда. Бунда йўналтирилаётган пул маблағларининг камида 30 фоизи суғурта мукофотини тўлашга ўтказилган ва ҳаётни узоқ муддатли суғурта қилиш шартномасига мувофиқ суғурта даври 12 ойдан ортиқни ташкил этганда, суғурта ташкилотлари жорий пул ўтказиш билан боғлиқ харажатларни тўлиқ қоплайдилар.

Мавзуга оид