«Сурхондарё саноатлашган вилоятга айланиб бормоқда» — вилоят ҳокими Тўра Боболов билан интервью
Kun.uz мухбирларининг маҳаллий ҳокимликлар ва давлат идоралари раҳбарлари билан мунтазам уюштирилаётган интервьюларининг навбатдаги сони Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Абдиевич Боболов билан бўлди.
— Ўтган давр мобайнида Сурхондарёда қандай аҳамиятли ишлар амалга оширилди.
— Сурхондарё азалдан қишлоқ хўжалигига ихтисослашган аграр вилоят ҳисоблаган. Ҳозир катта катта қурилишлар бўляпти. Саноат корхоналари кўпаймоқда. Инвестиция дастурлари амалга оширилмоқда. Вилоятда туризм соҳасини ривожлантириш, йўл-транспорт инфраструктурасини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.
— Вилоятда экотуризм, этнотуризм ва зиёрат туризмини ривожлантириш учун катта салоҳият бор. Бу йўналишда олиб борилаётган ишлар қай аҳволда?
— Вилоятда 384та тарихий обида мавжуд. Хусусан, зиёрат туризмини оладиган бўлсак, ал Ҳаким ат-Термизий, Имом Термизий, Султон Саодат каби зиёратгоҳларимизга туристлар оқими кўпаймоқда. Чет элдан келаётган зиёратчилар оқими ҳам ошмоқда. Термизий боболар зиёратгоҳларига элтувчи инфраструктурада барча шароитлар яратилган.
Бундан ташқари, Сурхондарёнинг ўзига хос иқлими нуқтаи назаридан экотуризмни ривожлантириш учун имконият бор. Сурхондарёда шундай гўшалар борки, ёз ўртасида ҳам тўрт фаслга гувоҳ бўлиш мумкин. Бу ерларнинг ҳавоси экологик жиҳатдан жуда тоза. Бундай жойларга ҳам ташрифчилар сони ортмоқда. У ерларга элтадиган йўлларни реконструкция қилиш, зарур инфраструктура объектларини яратиш устида иш олиб борилмоқда.
Сангардак ва Бойсунга хориждан ҳам ташриф буюрувчилар сони ортиб бормоқда.
Сурхондарёда агротуризмни ҳам ривожлантириш учун етарли имкониятлар бор. Чунки иқлимимиз бошқача. Мева-чевалар ва полиз экинлари бошқа жойларга нисбатан 1 ой аввал етилади.
Термиз туманида 100 гектарлик иссиқхона барпо этилган. Бу ерда йил бўйи маҳсулот етиштирилади. Шерободнинг анорлари машҳур, Ангорда турли кўкатлар етиштирилмоқда.
— Сурхондарёда етиштирилаётган маҳсулотларни хорижий давлатларга экспорт қилиш борасида ҳам ишлар олиб борилмоқдами?
— Сурхондарёда йирик «Карвонсарой» логистика марказимиз фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда маҳсулотлар йиғилади, сақланади ва экспортга йўналтирилади. Лекин, тан олиб айтишимиз керак, маҳаллий тадбиркорларимизда маҳсулотларни сақлаш ва ўраш бўйича кўникма етарли эмас. Ҳозир бу борада ҳам ишлар олиб бориляпти. Маҳсулот сақловчи совуқхоналар қурилмоқда.
Шерободнинг анорини эса кўпроқ Қашқадарёнинг Варганза ҳудудидан тадбиркорлар келиб олиб кетиб, сақлаб, Япония, Жанубий Корея ва бошқа хорижий давлатларга экспорт қилишмоқда.
— М-39 «Олмаота — Термиз» трассасининг вилоятдан ўтувчи қисми жуда сифатли қилиб таъмирланди. Бироқ, вилоят марказидан ўтувчи ички йўллар, М-41 йўли, Бойсун – Сариосиё йўлларининг аҳволи жуда абгор. Бу йўлларга қачон эътибор қаратилади?
— Йўл масаласи Сурхондарёдаги жуда оғриқли масалалардан бири бўлиб турибди. М39 халқаро йўли Термиздан Деҳқонободгача халқаро стандартлар талаби бўйича мукаммал таъмирдан чиқди.
Бойсундан Сариосиёгача бўлган ички йўлини икки полосали қилиб, халқаро стандартлар даражасида таъмирлаш бўйича аниқ дастур тузилган. Бу ишга шу йилдан киришамиз. Бу борада ишлар бошланган.
М41 «Термиз – Душанбе» йўлининг Сариосиёгача бўлган қисмини капитал таъмирлаш ишларига келгуси йилнинг февраль ойидан киришилади. «Ўзавтойўл» давлат қўмитаси мутахассислари билан биргаликда иш олиб бормоқдамиз. Бу йўл тўрт полосали йўл қилиб кенгайтирилади. Нафақат вақт ва масофани қисқартириш, шунингдек, хавфсизликни таъминлаш учун ҳам айрим туман марказлари — Жарқўрғон, Қумқўрғон ва Шўрчи туманлари марказларини четлаб ўтадиган йўл бўлади.
Интервьюнинг тўлиқ видео кўриниши:
Таҳририятдан: Тўра Боболовнинг маълум бир мавзуларда билдирган фикрлари билан кейинги чиқишларимизда таништириб борамиз.
Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ суҳбатлашди.
Тасвирчи: Муҳаммаджон ҒАНИЕВ.
Мавзуга оид
17:10 / 30.04.2024
"Тўра Абдиевич, қаттиқроқ олинг" - Зойир Мирзаев тиббиётда ёш кадрларни ишга олишдаги муаммолар ҳақида
16:48 / 01.08.2023
Тўра Боболов туманга ҳоким бўлди
13:30 / 27.02.2023
Тўра Боболов янги лавозимга тайинланди
13:36 / 04.02.2023