Спорт | 13:30 / 27.08.2019
25080
3 дақиқада ўқилади

Эктор Купер Ўзбекистондаги бир йиллик фаолияти бўйича хулосалари билан ўртоқлашди

Фото: Tribuna.uz

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Эктор Купер ушбу лавозимда иш бошлаганига бир йилдан ошди.

Аргентиналик мутахассис бугун ЎФА мажлислар залида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ушбу ўтган давр хулосалари билан ўртоқлашди, деб хабар бермоқда Tribuna.uz мухбири.

«Мен оптимист мураббийман. Албатта, бир йил – анча катта муддат, лекин жуда ҳам кўп деб айта олмаймиз. Терма жамоа мураббийларида доим вақт муаммоси бор. Кам вақт ичида натижа кўрсатиши керак.

Бир йиллик фаолиятим бўйича ҳамма нарсадан мамнунман. Баъзи ўзгаришлар, масалан раҳбариятдаги ўзгаришларга қарамай, биз ўз йўналишимиз бўйича кетишга ҳаракат қиламиз.

Баъзида ўхшамаслиги мумкин, лекин ўзимнинг хулосам ижобий. Футбол ҳам худди сиёсат ёки иқтисодиётдек. Ҳаммага ёқиш қийин, барчанинг ўз фикри бор. Лекин ҳозиргача қилган ишларимиздан, ўйинчиларнинг ишга бўлган муносабатидан мамнунман. Умумий қилиб, бир йиллик ишимни ижобий деб баҳолайман.

Албатта, ҳамма нарсадан қониқдим, деб ҳам айта олмайман. Оптимистик руҳда ишлашда давом этишимиз керак. Оптимист дегани биз ҳаммани ютиб ташлаймиз, бизда ҳаммаси зўр, дегани эмас, муаммолар доим ҳаммада бўлади. Лекин мен салбий нарсаларни гапиришни хоҳламайман.

Эртага йиғинимиз бошланади, ўйинчилар билан кўришамиз. Улар билан режалар, муаммолар ҳақида гаплашиб оламиз. Хатолардан тўғри хулоса қилиб ишлашга, ғалабалардан завқ олиб ишлашга ҳаракат қилишимиз керак. Мен ғалаба қозонишни хоҳлайман.

Бу йилни ўтган йилгидан ижобийроқ баҳолайман. Ҳали ҳам ишлашимиз керак бўлган кўп нарсалар бор. Барчага имконият беришга ҳаракат қиламиз. Аммо барчага ёқиш қийин. Биз билан бирга ишлаётган одамлар бизга ёрдам беришяпти.

Агар танлаган йўлимизда хатолик бўлса, биз дарров ўзгартириш киритамиз. Сизларга кафолат беришим мумкин, ишламайдиган қайсар одам эмасман – хатони кўрсам, ўзгартириш киритаман. Ҳамма таклифларга тайёрман, олдин албатта таҳлил қилишимиз керак», – деб хулоса қилди Купер.

Мавзуга оид