Жамият | 10:30 / 27.08.2019
141958
8 дақиқада ўқилади

Шифокорни ёқмоқчи бўлган ўғилнинг онаси: «Дўхтирлар боламни шу ҳолатгача олиб боришди»

 21 август куни Андижон шаҳрида жойлашган Андижон вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида шифокорларга беморнинг қариндоши томонидан суиқасд уюштирилганди.

 Ҳодиса рўй берган куниёқ Андижон вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси оғир бемор бўлган аёлнинг ўғли ортопедия ва жароҳатлар бўлими шифокори Бобур Шавкатовни бўғиб ҳушидан кетказгач, стулга қўл-оёғини боғлаб устидан бензин қуйиб ёқиб юбормоқчи бўлгани, шифокорлар хонасига бензин сепиб, хонага ўт қўйишга урингани ҳақида маълумот берган эди.

 Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 112-моддаси (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми ва 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш),173-моддаси (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳуқуқбузарнинг онаси сайт таҳририяти билан алоқага чиқиб, «ўз айтар сўзлари борлигини маълум қилиб, сўзларини тинглаш»ни сўради.

 Болам мени жуда яхши кўради...

Онахоннинг олдига бордик. Хонобод шаҳрининг «Бунёдкор» маҳалласида яшовчи Инобатхон ая узоқ йиллар давомида ўқитувчилик қилиб нафақага чиққан. Айни пайтда юра олмайди. Танасининг белидан пастки қисми яхши ишламас экан. У 2004 йилдан бери турли касалликларга чалиниб, улар билан олишиб ўтмоқда. Ўти ва қораталоғи операция йўли билан олиб ташлашган. 2010 йили чурра (грижа) олиш бўйича операция столига ётган.

«Юра олмай қолганимдан кейин ўғлим мени турли жойларга олиб бориб текширтириш ва даволаш учун қаттиқ ҳаракат қила бошлади. Атрофда биз учрамаган нейрохирург қолмади, ҳисоб.

Узоқ йиллик касалликлар ва операциялардан сўнг 2017 йили яна белим увишиб, ҳаракатланишим қийинлашгач, Андижон Тиббиёт институти қошидаги клиник шифохонада даволандим. Шифокорлар бу касалликни операция қилиб бўлмайди дейишганди. Ўша пайтларда кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокори Бобуржон Шавкатовнинг довруғи тарқаётган экан. Тавсия қилишди. Учрадик. У киши «Сизга ўхшаган беморларни операция қилиб юргизиб юборганман. Ҳаммаси яхши бўлади», деди. Белимдаги «грижа»ни операция қилишди.

Бир томондан олиб қараганда Бобуржон мени тўғри операция қилган. Чунки, у операция қилган жойда ҳам чурра (грижа) бўлган. Лекин, бу операция менинг касаллигимга тўғри келмас эди. Абдураҳимжон исмли врач «ўша жойдаги грижа оғриқ беради» деди. Менга у «грижа» оғриқ бермаган экан. Белимдан пастим увишиб, оёғим юрмай қолган. Унинг айтишича, увишишга сабаб кўкрак қафасимнинг орқасидаги сариқ суюқлик орқа мияни қисиб қолиши оқибатида бўлар экан. Бобуржон увишиш сариқ суюқликдан эмас, белдаги «грижа»дан деб белимни операция қилган. Оқибатда операция самара бермади.

 Германиядан келган шифокор «Буни нотўғри операция қилибди, каналларни тозалаб берсин», деди. Ўғлим Бобуржонга учраса, у «Онангизни тезда олиб келинг, таътилга чиқиб кетяпман. Ўша шифокор айтгандай операция қилиб, кўнглим хотиржам дам оламан» дебди. Бу орада Тошкентга бордик. Хусусий клиника шифокори пастдан, яъни белдан яна операция қилиш кераклигини айтди. Шу клиниканинг бошқа бир шифокори кўкрак қафасини операция қилиш лозимлигини билдирди. Ҳар хил ташхислардан ўғлимнинг боши гангиб қолди.

 Охири, Бобуржоннинг ваъдасини олгач, эртасига йўлланма билан Андижон вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказига бордик. У киши операцияда экан. Кутиб қолдик. Операциядан чиқиб, ишлари билан яна бир жойга кетиб қолди. Ўғлим «Ваъда берганди. Наҳотки, чиқиб кўриб қўймайди?», деб сиқила бошлади. Бобуржон мени кўришни Абдураҳимжонга буюриб кетибди. Унинг устига Абдураҳимжоннинг «бу касаллик умуртқадан эмас, кўкрак қафасидаги сариқ суюқликдан», дегани ўғлимнинг жаҳлини чиқариб юборди. Чунки, Бобуржон белимни операция қилдирмоқчи эди. Шу пайт ўғлим «мен бозорчага чиқиб келаман» деб чиқиб кетди. Кейин шу воқеалар бўлди.

Мудҳиш воқеага энг асосий сабаб - шифокорларнинг билимсизлиги, ташхисни тўғри қўя олмагани ва ваъда бериб менга эътибор қилмаганида бўлди. Менинг касалимни тўлиқ ўрганмай операция қилиб, ўғлимни ишонтириб қўйиб, менга вақт ажратмаганидан шу ҳолат келиб чиқди. Турли ташхисларни, инсон тақдирига эътиборсизликни кўрган болам шок ҳолатига тушди.

 Ўғлимнинг қилган ишини умуман оқламайман. Бир инсоннинг оёқ-қўлини боғлаб, унга ўт қўйиб юбориш бу - жаҳолат, ваҳшийлик. Лекин, ўғлимни шу даражадаги ёмон ва гуноҳ ишга қўл уришига сабаб бўлган жиҳатлар ҳам бор-ку? Врачларнинг лоқайдлиги, инсон тақдирига бефарқлигини ҳам ҳисобга олинглар, ахир? Бошқарма берган маълумотномада «Бобуржон Шавкатов беморни кўрувдан ўтказди», дейилган экан. Аслида ундай бўлмаган. Шунинг учун сизларни чақирдим.

 Болам мени жуда-жуда яхши кўради. Боламнинг руҳияти жойида, ҳеч қандай камчилиги йўқ эди. Бир пайтлар ҳарбий бўлган. Маълум бир сабабларга кўра, ишдан чиқиб кетган. Ҳозир четга бориб ишлаб келади. Нима қилай, жуда ёмон иш бўлди», дейди она.

МФЙ раиси нима дейди?

Биз беморнинг ўғли ҳақида тўлиқ маълумот олиш учун у истиқомат қиладиган «Бунёдкор» МФЙ раиси Муҳаммаджон Аблазов билан ҳам суҳбатлашдик.

 Маҳалла оқсоқоли бўлиб ўтган воқеа бўйича фикр билдирди.

 «Тараққиёт» кўчасида истиқомат қилувчи оила ва Файзулло ҳақида шуни гапиришим мумкинки, у бу ишни қилганига аввал ишонмадим. Файзулло чет элда қайсидир идораларда «охранник» бўлиб ишлаб келишини биламан. Шунинг учун у маҳалланинг тўй-маъракаларида кам бўлади. Ўзи оиласи билан яшамайди. Онасига боғланиб қолган. Қизиққон йигит.

Маҳалладагилар ҳам бўлган воқеани эшитиб жуда ҳайрон қолишди. Ундан бу ишни кутишмаган эди-да. Бироқ, унинг қилмиши инсонийликка тўғри келмайди ва оқлаб ҳам бўлмайди», дейди у.

 Хулоса ўрнида...

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимизки, мазкур мақола орқали шифокорларни қорага чиқариб, жиноятга қўл урган одамни оқлаш ниятимиз йўқ.

 Биз қураётган ҳуқуқий жамиятда қонунларни четлаб ўтиб инсонни «самосуд» қилишга, шахсга нисбатан ўзбилармонларча чора кўришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Суиқасд қилиш, бировнинг ҳаётини хавфга солиш эса ўта қаттиқ жазоланишини барча фуқаролар яхши билиши керак.

 Андижон вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида бўлган мазкур воқеадан сўнг ижтимоий тармоқларда жуда кўп фикрлар янгради. Биз эса жиноятга қўл урган йигитнинг онасининг илтимосига кўра унинг фикрларини ҳам тингладик.  

 Сўнгги икки йил давомида тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳолатлари кўпайди. Шифокорлик инсоният учун энг керакли, покиза касб. Уларнинг дахлсизлиги алоҳида қонунлар билан ҳимояланиши керак.

 Бироқ соҳа ходимлари орасида  беморларга бўлган муносабатларини қайта кўриб чиқиши заруриятга айланган шифокорлар ҳам учраб туради...

 Kun.uz мухбири, Элмурод Эрматов,
Тасвирчи, Аҳрорбек Ёқубжонов

Мавзуга оид