Ўзбекистон | 22:27 / 27.08.2019
23620
6 дақиқада ўқилади

Сўров: агар эртага парламент сайловлари ўтказилса, қайси партияга овоз берган бўлардингиз?

Тез орада Ўзбекистонда Олий Мажлис ва давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловлар бўлиб ўтади.

Ҳозирда республикада бешта сиёсий партия - «Миллий тикланиш» Демократик партияси, Халқ демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, «Адолат» социал-демократик партияси ва Экологик партия фаолият кўрсатмоқда.

Мавзунинг долзарблигидан келиб чиқиб, Kun.uz «Сизнинг фикрингиз» Telegram каналида экспресс-сўровнома ўтказди. Сўров онлайн тарзда ўтказилганлиги боис иштирокчиларнинг жинси, ёши ва бошқа жиҳатлари инобатга олинмади.

Респондентларга агар эртага парламент сайловлари ўтказилса, қайси партияга овоз берган бўлишлари сўралди. Ушбу саволга 33,6 минг киши жавоб қайтарди.

Респондентларнинг 11 954 нафари (35 фоиз) Либерал-демократик партияни, 10 738 нафари (32 фоиз) «Миллий тикланиш» Демократик партиясини, 1 872 нафари (6 фоиз) «Адолат» социал-демократик партиясини, 1 661 нафари (5 фоиз) Халқ демократик партиясини ва 883 нафари (3 фоиз) Экологик партияни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Шу билан бирга, 4 341 нафар респондент (13 фоиз) сайловларда қатнашишни режалаштирмаётганини билдирди. Бундан ташқари, 2 164 киши (6 фоиз) кимга овоз беришини билмаслигини маълум қилган.

Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра , Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси 2003 йил 15 ноябрда бўлиб ўтган таъсис съездида ташкил топган. Ушбу партиядан номзоди кўрсатилган Шавкат Мирзиёев 2016 йил 4 декабрда ўтказилган президентлик сайловларида ғолиб бўлган. Мазкур партия депутатлари ўзбекистонликларга яхши таниш. Хусусан, депутат Расул Кушербаев мамлакатда содир бўлаётган воқеалар борасида тез-тез ўз фикрини билдиради . У уй-жойларни бузиш, қурилишлар, тонировка ва бошқа муаммолар хусусида очиқчасига гапирган.

2008 йил 20 июн куни Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси ва Ўзбекистон "Фидокорлар" миллий демократик партиясининг бирлашиш Қурултойи бўлиб ўтиб, икки партия негизида янги Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси ташкил топган. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг асосий мақсад-вазифаси миллий анъаналарни ва қадриятларни сақлашдан иборат. Шу йилнинг март ойи ўрталарида партиянинг собиқ раҳбари Сарвар Отамуродов бугунги жамиятдаги муаммолар ҳақида сўзлади ва қатор вазирликлар ҳамда Ёшлар иттифоқи фаолиятини танқид қилди . Кейинроқ у лавозимини тарк этди ва «Ўзагросуғурта» акциядорлик жамияти раҳбари бўлди. Партия шунингдек, мамлакатда туризмни ривожлантиришга фаол ҳисса қўшмоқда.

“Адолат” социал-демократик партияси 1995 йил 18 февралда партиянинг биринчи таъсис қурултойида ташкил топган. Партиянинг асосий мақсади – демократик, ҳуқуқий давлатни, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган кучли, адолатли фуқаролик жамиятини барпо этишда ҳамда Ўзбекистон ҳудудида яшаётган барча миллат ва элатларнинг умумий манфаатларига мос келадиган, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, бирдамлиги, конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланган маънавий жипслашган жамиятни шакллантиришда фаол иштирок этиш.

Халқ демократик партиясига 1991 йил 1 ноябрдаги партиянинг таъсис қурултойида асос солинган. Партия ижтимоий қўллаб-қувватлашга ва ҳимояга эҳтиёжманд фуқаролар манфаатларини ифодалайди ва ҳимоя қилади. Июнь ойида партия марказий кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов ўз лавозимини тарк этди . Наманган давлат университети ректори Улуғбек Иноятов партиянинг янги раҳбари бўлди.

Афсуски, МСК сайтидан Ўзбекистон Экологик партияси ҳақида маълумот топиб бўлмади. 2018 йил 14 ноябрь куни экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш соҳасида фаолият кўрсатаётган мутахасисислар, олимлар, профессор-ўқитувчилар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, умуман кенг жамоатчилик вакилларидан иборат бир гуруҳ фуқаролар томонидан Ўзбекистон Экологик партиясини тузиш ташаббуси кўрсатилганди. Жорий йилнинг  8 январида  Ўзбекистон Экологик партияси таъсис съезди бўлиб ўтди. Ўша ойда Адлия вазирлиги ушбу партияни рўйхатга олди.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 22 август куни республикада фаолият кўрсатаётган сиёсий партиялар раҳбарлари билан учрашди. Мулоқот чоғида партияларнинг жамият сиёсий-ижтимоий ҳаётидаги ўрни ва ролини ошириш, шу йил декабрь ойида парламент ва маҳаллий вакиллик органларига бўладиган сайловларга тайёргарлик ишларининг бориши тўғрисида, бу борадаги энг муҳим ва долзарб масалалар хусусида атрофлича фикр юритилди.

Учрашувда давлат раҳбари «Ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади», деб таъкидлади.

Умуман олганда, ижтимоий тармоқларда кўпинча ўзбекистонликлар ўз депутатларидан шикоят қилишларини кузатиш мумкин. Кўпчиликнинг фикрича, муаммолар қалашиб ётишига қарамасдан, депутатлар ҳеч қандай ташаббус  кўрсатмаяпти.

Kun.uz апрель ойида ҳам «Сизнинг фикрингиз» Telegram каналида экспресс-сўровнома ўтказганди. Ўшанда респондентлардан ўз депутатларини танишлари ҳақида сўралганди.

Сўровномада 2 968 киши қатнашган. Афсуски, уларнинг 95 фоизи Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган ўз депутатларини танимасликларини айтишган. Бу эса айрим депутатларнинг ўз сайловчилари билан фаол ишламасликларини англатади. Англашиладики, агарда депутат ўз сайловчиларига панд берса, у ҳолда сиёсий партия бутун бир электоратга панд беради.

Таъкидлаш лозимки, холисона сўров ўзбекистонликларнинг фикрини билиш учун ўтказилди. Таҳририят ҳеч кимнинг манфаатини кўзламайди. Сайлов кодексига кўра, Ўзбекистон Республикасида сайлов очиқ ва ошкора ҳамда умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали ўтказилади.  

Улуғбек Акбаров

Мавзуга оид