Иқтисодиёт | 13:54 / 27.08.2019
21173
8 дақиқада ўқилади

Хуфиёна иқтисодий фаолият фактларини аниқлашда ёрдам берган шахслар моддий рағбатлантирилади

Фото: Shutterstock

Давлат солиқ қўмитасининг “Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ва хуфиёна иқтисодий фаолиятни амалга ошириш фактларини аниқлашда ёрдам берган шахсларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Низомга кўра, солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида жисмоний ва юридик шахсларнинг маълумотлари давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалдаги қонун ҳужжатлари, шунингдек, ушбу Низом талабларига асосан кўриб чиқилади.

Солиққа оид ҳуқуқбузарликларни аниқлашда ёрдам берган жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳимоя қилинади.

Қуйидаги асослардан бири мавжуд бўлган тақдирда солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида маълумот берган жисмоний ва юридик шахслар рағбатлантирилади:

яширин ишлаб чиқариш цехлари;

республикамизга контрабанда йўллари билан олиб келинган товарлар, шунингдек, контрафакт ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган товарларни ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ёки сотиш фаолияти билан шуғулланаётган шахслар (объектлар);

солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилаётган солиқларни тўлашдан бўйин товлаш “схема”лари;

этил спирти, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ёки муомалага киритиш.

Мазкур Низомнинг 7-бандида кўрсатилган асослар мавжуд бўлган ва ҳуқуқбузарлик ҳолати солиқ назорати тадбирида тўлиқ исботини топган тақдирда, солиққа оид ҳуқуқбузарликларни аниқлашда ёрдам берган жисмоний ва юридик шахсларни рағбатлантириш масаласи кўриб чиқилади.

Давлат солиқ қўмитасининг my2.soliq.uz cайтида жисмоний ва юридик шахслар томонидан юборилган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотлар реестри шакллантирилади.

Жисмоний ва юридик шахслар томонидан солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотлар cайтдаги “Солиқ ҳуқуқбузарлиги ҳақида хабардормисиз?” рукни орқали юборилади.

Жисмоний ва юридик шахслар томонидан юбориладиган маълумотларда қуйидагилар кўрсатилади:

жисмоний шахснинг фамилияси, исми, солиқ тўловчининг идентификацион рақами (СТИР), яшаш манзили, телефон рақами, рағбатлантириш бўйича маблағни тушириш учун банк пластик карточкаси рақами ва тижорат банки номи, ҳуқуқбузарлик тавсифи, содир этиш аниқ манзили;

юридик шахс номи, солиқ тўловчининг идентификацион рақами (СТИР), юридик манзили, телефон рақами, рағбатлантириш бўйича маблағни тушириш учун банк ҳисоб рақами ва тижорат банки номи, ҳуқуқбузарлик тавсифи, содир этиш аниқ манзили кўрсатилади.

Маълумотларга зарур ҳолларда қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ фото ва видео тасвирлар илова қилиниши мумкин.

Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида сайтга киритилган маълумотларга махсус код берилади (уяли телефонига SMS хабар юборилади) ҳамда давлат солиқ хизмати органлари томонидан мурожаатчининг шахси сир сақланиши таъминланади.

Давлат солиқ хизмати органлари мансабдор шахслари томонидан солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотларни кўриб чиқиш жараёнида қўшимча ўрганиш ва (ёки) қўшимча маълумотларни олиш зарур деб ҳисобланган тақдирда, маълумот юборган жисмоний ва юридик шахслардан қўшимча ахборотларни ва ҳужжатларни талаб қилиб олишга ҳақли.

Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида жисмоний ва юридик шахслар томонидан тақдим этилган маълумотлар масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат солиқ хизмати органига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида кўриб чиқилади.

Бунда, қўшимча ўрганиш ва (ёки) қўшимча маълумотларни сўраб олиш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширув ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишиш лозим бўлган ҳолларда, маълумотлар келиб тушган санадан бошлаб бир ойдан кечиктирмасдан кўриб чиқилади.

Жисмоний ва юридик шахслар томонидан юборилган маълумотларда ноаниқ ва (ёки) ёлғон ахборотлар киритилганлиги аниқланган тақдирда, бундай маълумотлар кўриб чиқилмайди.

Бунда, жисмоний ва юридик шахслар томонидан олдиндан била туриб, қасддан ёлғон ва нотўғри ахборотлар киритилганлик ҳолатлари аниқланганда, давлат солиқ хизмати органлари бундай жисмоний ва юридик шахсларни қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортиш ҳақида суд органларига мурожаат қилади.

Жисмоний ва юридик шахслар ўзлари тақдим этган маълумотларни кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги ахборотни cайтнинг “Солиқ ҳуқуқбузарлиги ҳақида хабардормисиз?” рукнидаги “Натижаларни билинг” бўлимида тегишли кодни киритиш орқали оладилар.

Солиққа оид ҳуқуқбузарликларни аниқлашда ёрдам берган жисмоний ва юридик шахсларни моддий рағбатлантириш ҳуқуқбузарликка йўл қўйган солиқ тўловчининг рўйхатдан ўтган жойи бўйича туман (шаҳар) давлат солиқ инспекцияси томонидан қарор қабул қилиш асосида амалга оширилади.

Бунда, юқори турувчи ёки бошқа давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилган солиқ назорати тадбирлари материаллари билан бирга, солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида маълумот берган жисмоний ва юридик шахслар тўғрисидаги маълумот ҳам солиқ тўловчи рўйхатдан ўтган жой бўйича туман (шаҳар) давлат солиқ инспекциясига юборилади.

Солиққа оид ҳуқуқбузарликларни аниқлашда ёрдам берган жисмоний ва юридик шахслар, ушбу Низомнинг 7-бандида кўрсатилган ҳар бир тасдиқланган хабар учун, назорат тадбирлари натижаси бўйича бюджетга тушган бир ойлик солиқ ва мажбурий тўловлар, шунингдек, ундирилган молиявий жарималар ёки ҳуқуқбузарлардан олиб қўйилган товар-моддий бойликларини сотишдан бюджетга тушумларнинг 5 фоизи, бироқ тўлов муддатида амалда бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 бараваридан ошмаган миқдорда пул маблағлари билан рағбатлантирилади.

Солиққа оид ҳуқуқбузарликларни аниқлашда ёрдам берган жисмоний ва юридик шахсларга пул маблағларини тўлаш қоидабузарликни содир этган солиқ тўловчи томонидан бир ойлик тўланган солиқ ва мажбурий тўловлар, шунингдек, ундирилган молиявий жарималар ёки ҳуқуқбузарлардан олиб қўйилган товар-моддий бойликларни сотишдан бюджетга тушумлар амалга оширилган санадан бошлаб, ўн кундан кечиктирмасдан амалга оширилади.

Ушбу Низомнинг 7-бандида назарда тутилган ҳолатлар ҳақида икки ва ундан ортиқ шахс давлат солиқ хизмати органларига маълумот берган тақдирда, бу ҳақда биринчи бўлиб хабар берган шахс рағбатлантирилади.

Солиқ тўловчилар Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 54-моддасида белгиланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни амалга ошириш муддатини кечиктириш, шунингдек, молиявий жарима суммаларини олти ой ичида тенг улушларда тўлаш ҳуқуқидан фойдаланган ҳолларда, солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида маълумот берган жисмоний ва юридик шахсларга пул маблағларини тўлаб бериш, солиқ тўловчи томонидан тўловлар амалга оширилгандан кейин амалга оширилади.

Солиққа оид ҳуқуқбузарликларни аниқлашда ёрдам берган жисмоний ва юридик шахсларга пул маблағлари тўлаш харажатлари Давлат солиқ қўмитасининг “Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси” маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Мазкур Низом талаблари асосида аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича бюджетга ўтказилган пул маблағлари ҳисобидан давлат солиқ хизмати органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларга тўланган пул маблағлари (жумладан, суд органларининг инстанцияларида солиқ тўловчилар фойдасига ҳал этилган қарорлари бўйича) қайтариб олинмайди.

Рағбатлантирилган жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳисоби тўловни амалга оширган давлат солиқ хизмати органи томонидан юритилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид