Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«100 миллион сарфлаб йўлни тайёрладик, асфальтдан дарак йўқ» — ургутликлар «дастурга киритилган» йўл таъмирланишини кутмоқда
Самарқанд вилояти Ургут туманида яшовчи аҳоли вакиллари сайт таҳририятига тумандаги йўллар таъмирланиши пайсалга солинаётгани бўйича мурожаат қилишди.


«Пул йиғиб берганмиз, аммо ҳалиям йўлни таъмирлашмаяпти», дейилади мурожаатда.
Ургутликлар ўзларидаги асосий муаммо сифатида йўллар масаласини айтишади. Тоғли ҳудуд ҳисобланган Ургутда йўл қуриш осон эмас, чунки қишда қор узоқ вақт эримайдиган кўчаларни сифатли тарзда ушлаб туриш мураккаб. Аммо таъмирланиши дастурга киритилган йўл ҳамон нобоп ҳолатда қолаётгани одамларнинг норозиликларига сабаб бўлмоқда.

Ургутнинг Мозортеппа ва Чорраҳа маҳаллалари орасидаги йўл маҳаллий аҳоли ҳамда ҳокимиятнинг келишувига кўра икки томон иштирокида таъмирланиши керак бўлган. Маҳалла аҳли вакилларининг айтишича, ҳокимият вакиллари уларга «Йўлларни асфальт ётқизишга тайёрланглар, Ургут туман йўл қурилиш ДУК йўлларни асфальтлаб беради» деб айтган. Шу келишувга кўра, аҳоли ўз ҳисобидан йўлларни асфальт ётқизишга тайёрлаган. Уларнинг сўзларига, сув оқиши учун кўчаларга швиллер ва бетон ариқлар ётқизиш, махсус техника ёрдамида кўчаларни текислаш ишларига 100 миллион сўм атрофида харажат қилинган. Бу пулларни одамларнинг ўзи йиғишган. Аммо «доротдел» ваъда қилинган асфальтни ётқизиб бермаган.



Бу масала юзасидан Ургут туман йўл қурилиш ДУК раҳбари билан учрашдик. Ташкилот раҳбарини Ургутнинг Алгар маҳалласида асфальт ётқизиш жараёнида учратдик. Унинг айтишича, Алгарда ишлаётганлар туркиялик йўл қурувчилар экан. Ургут йўл қурилиш ДУК раҳбари Мозортеппа ва Чорраҳа маҳаллалари орасидаги йўл дастурга киритилгани ва бу йўл мустақиллик байрамигача таъмирланишини айтди.

Шу ўринда, Мозортеппа ва Чорраҳа маҳаллаларидаги яна бир нарса эътиборни тортди. Иккита маҳалла биноси ҳам одамлар томонидан кўркам қилиб таъмирланган ва ҳар икки маҳалла биноси ичида масжид бор, аммо бу масжидлар ишламайди, чунки уларнинг очилишига рухсат берилмаган.



Маҳаллий аҳолининг айтишича, Мозортеппадаги масжид юз йиллик тарихга эга ва бу Ургутнинг энг кўҳна масжидларидан. Айтишларича, масжид таҳоратхонаси кенгайтирилгач, унинг расман очилиши ваъда қилинганди. Маҳалла аҳли таҳоратхонани кенгайтириб, уни чиройли кўринишга келтирган, аммо Самарқанддаги масжидларга эҳтиёж энг юқори бўлган Ургутдаги бу кўҳна масжид ҳамон очилмаяпти.

Чорраҳа маҳалласидаги янги қурилган масжидда ҳам намоз ўқилмайди, чунки у ёпиб қўйилган. Бу атрофдаги одамлар намоз ўқиш учун Боғишамол маҳалласидаги масжидга боришга мажбур бўлишмоқда. Бу масжид ҳам узоқ вақтдан буён таъмирланмоқда.

Хуллас, Ургутда шунақа гаплар. Ургутликларнинг айтишича, уларда муаммо кўп эмас, аммо борларига ҳам эътибор берилмаяпти...
Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Мавзуга оид
12:31 / 08.04.2025
Ургутда гиёҳванд модда сотган мактаб директори 10 йилга қамалди
10:56 / 02.03.2025
Ургутга темирйўл линияси тортилади
11:38 / 17.11.2024
Самарқандда 3 кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчига ҳукм ўқилди
10:06 / 19.09.2024