Иқтисодиёт | 18:07 / 28.08.2019
4588
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Миллий банки ва Хитой давлат тараққиёт банки 500 миллион Хитой юани миқдорида шартнома имзолади

2019 йил 26 август куни Пекинда (ХХР) Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитасининг бешинчи йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки (Ўзмиллийбанк) 500 миллион Хитой юанида маблағ жалб қилиш учун Хитой Давлат тараққиёт банки (ХДТБ) билан шартнома имзолади.

Ушбу шартнома еттинчи келишув бўлиб, бу икки банк ўртасида мустаҳкам ўрнатилган ҳамкорликдан далолат беради. ХДТБ билан ўзаро ишлаш тажрибаси Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг барча соҳаларида муҳим инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш самарадорлигини намойиш этади. Шу билан бирга, Хитой юанида бундай битимнинг имзоланиши Миллий банкнинг Хитойнинг етакчи молия институти билан ҳамкорлик тарихидаги биринчи бундай ҳужжатдир.

Хитой юанида молиялаштиришни жалб қилишнинг асосий афзаллиги LIBOR ставкасидаги сакрашларга боғлиқлик йўқлиги. Бундан ташқари, юандаги ташқи савдо шартномалари бўйича ҳисоб-китоблар бошқа давлатларнинг валюталарида тўловларни амалга оширишда валюта конверсия қилиш билан боғлиқ харажатларни камайтиради. Хитой юанидаги пул-маблағлари курснинг ўзгариши билан боғлиқ хатарларни камайтиради ва Миллий банк мижозларига узоқ муддатли молиялаштиришда янада қулай шарт-шароитларни тақдим этади.

Шу билан бирга, ушбу келишув Хитой юанида янги тўлов усулларидан фойдаланишни назарда тутади, шу билан Хитой юанидаги тўловлар Хитойга тўғридан-тўғри етказиб берувчининг ҳисобига ўтказилади, бу эса икки мамлакат ва шериклар ўртасидаги тўловларни амалга ошириш вақтини сезиларли даражада камайтиради.

Молиявий ҳамкорлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши икки томонлама муносабатларга ва икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг ривожланишига янги туртки беради, шунингдек қулай шарт-шароитларда пул-маблағларини жалб қилиш имкониятини беради. Бу эса Ўзбекистонда янги йирик инвестиция имкониятларини яратади.

Маълумот ўрнида: Хитой Давлат Тараққиёт Банки (ХДТБ) 1994 йил март ойида йирик саноат тармоқларини, шу жумладан энергетика ва транспортни ривожлантиришни модернизация ва инфратузилмани ривожлантиришга йўналтирилган давлат лойиҳаларини молиялаштириш учун ташкил этилган. Хитой молия институтининг асосий мақсади иқтисодииёт ривожланиши ва стратегик таркибий ўзгаришларни қўллаб-қувватлаб, марказий ҳукуматнинг макроиқтисодий сиёсатини тартибга солиш. ХДТБнинг асосий фаолияти узоқ муддатли сармоялар бериш ва облигациялар чиқаришдир.

«Ўзмиллийбанк» Матбуот хизмати

Жамшид Рузибаев
Тайёрлаган Жамшид Рузибаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид