Ўзбекистон | 21:25 / 30.08.2019
27957
4 дақиқада ўқилади

Самарқанд 20 йилда «миллионер» шаҳарга айланади — унинг бош режаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди

Айни кунларда Самарқанд шаҳри аҳолиси 529 минг кишини ташкил этади. 11 198 гектар ер майдонига эга бўлган шаҳар йирик иқтисодий, маъмурий, сиёсий, илмий, таълим ва маданий марказ ҳисобланади. 2040 йилга бориб Самарқанд аҳолиси сони 1 миллионга, шаҳар ҳудуди эса 30 000 гектарга кенгайтирилиши кутилмоқда.

Самарқандда хоҳ ишлаб чиқарувчи бўлсин, хоҳ хизмат кўрсатувчи, хоҳ уй-жой бўлсин бино қурилишида Самарқанд шаҳрининг ҳали-ҳамон бош режа йўқлигидан азият чеккан ҳолатлар жуда кўп. Аслида айрим тайёр биноларнинг бузилиши ҳам, қурилишга рухсат берувчи кўплаб ҳужжатларнинг протест ёки суд ажрими билан бекор қилиниши каби муаммоли ҳолатларнинг бир учи ҳам ана шу – бош режа йўқлигига бориб тақаларди. Айнан шу ҳужжатнинг йўқлиги боис йирикроқ лойиҳага қўл уришга иккиланиб турган тадбиркорлар қанча.

Ниҳоят шаҳарнинг бош режаси тайёр ҳолатга келиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Бу ҳақда Самарқанд вилоят Қурилиш Бош бошқармаси ахборот хизмати Kun.uz’га маълум қилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 5 январдаги қарори асосида Қурилиш вазирлиги томонидан тасдиқланган манзилли дастурга мувофиқ «ТошкентбошпланЛИТИ» давлат унитар корхонаси томонидан 2017-2019 йилларда Самарқанд шаҳрининг 2040 йилгача мўлжалланган бош режасини ва марказий қисмини батафсил режалаштириш лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган эди.

Шунингдек, бош режа ва батафсил режалаштириш лойиҳасини ишлаб чиқишда Хитойнинг «China Construction Engineering Design Group Corp. Ltd» компанияси мутахассислари ҳам иштирок этди. Дастурда лойиҳа дастлаб «ТошкентбошпланЛИТИ» давлат унитар корхонаси ҳамда Самарқанд вилояти ва шаҳридаги тегишли мутахассислар, жамоатчилик вакиллари билан муҳокама қилиниб, кейинги босқичда республика архитектура-шаҳарсозлик кенгашида кўриб чиқилиши, шундан сўнг Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши белгиланган.

Шу йилнинг июль ва август ойларида вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, ташкилотлар масъуллари иштирокида муҳокама қилинган бош режа лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Айни вақтда ҳам жамоатчилик муҳокамаси давом этмоқда.

Самарқанднинг ноёблиги ва унинг жаҳон маданиятидаги улкан тарихий ва маданий аҳамияти, унинг ривожланишида асосий омил ҳисобланади. Янги Бош режанинг вазифасига шаҳардаги табиий шароитларни, ёдгорликлар ва уларнинг атрофини, маҳаллаларни, инфратузилмаларни ва Ислом маданиятини ва унинг маънавий меросини асраб келаётган самарқандликларнинг ҳаёт тарзини сақлаб қолиш каби вазифалар қўйилган.

2001 йилда бўлиб ўтган Жаҳон мероси қўмитасининг 25-сессиясида Самарқанднинг тарихий маркази «Самарқанд — маданиятлар чорраҳаси» номинациясида ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Жаҳон меросининг муҳофазаси тарихий ҳудудлар ва қурилиш ҳудудларининг чегараларини ўрнатиш билан амалга оширилади. Жаҳон мероси рўйхатига бутун Афросиёбнинг археологик шаҳри, эски, яъни Темурийлар шаҳри ва Марказий Осиёнинг Россияга қўшилиш даврига оид шаҳарнинг Европа қисми кирган. Қурилиш бошқаруви мобайнида тарихий ҳудудларда замонавий қурилишлар назорат остига олиниши, хусусан, шаҳарнинг тарихий қисмлари қиёфаси сақлаб қолиниши қаттиқ назорат қилиниши кўзда тутилган.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид