Ўзбекистон | 11:05 / 31.08.2019
4228
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон АҚШ билан кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни кучайтиради

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

30 август куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида АҚШнинг фавқулодда ва мухтор элчиси Даниэл Розенблюм қабул қилинди. Вазир Иномжон Мажидов ва Даниэл Розенблюм замонавий таълим йўналишларида малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида келгусида олий таълим соҳасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди.

Учрашувда президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил май ойида АҚШга қилган давлат ташрифи давомида имзоланган ҳужжатлар мамлакатларимиз ўртасида олий таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилгани қайд этилди.

Элчи америкалик мутахассисларнинг ўзбек олий таълим муассасаларида инглиз тили фанини ўқитиш методикасини такомиллаштириш, ўқув режа ва дастурларни тузиш, қолаверса, икки давлат ўртасида академик мобиллик дастурларини йўлга қўйишга қўшаётган ҳиссасини эътироф этди. Шу билан бирга истиқболда малакали кадрлар тайёрлашда ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришда ҳали жуда катта имкониятлар борлигини айтиб ўтди.

– Сўнгги вақтларда Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари тўқимачилик ва кимё саноати, фармацевтика, архитектура ва қурилиш, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, машинасозлик, энергетика ва бошқа шу каби техника ва муҳандислик фанлари соҳасида халқаро ҳамкорлик қилишга катта эътибор қаратмоқда, – деди учрашувда Иномжон Мажидов. – Биз АҚШ билан бу йўналишларда Тошкентда АҚШ университетлари филиалини ташкил қилиш ёки кадрлар тайёрлаш бўйича қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик қилишга доим тайёрмиз.

Марказий Осиёда биринчи бўлиб Тошкентда Вебстер университетининг таълим дастурларини амалга ошириш марказининг очилиши икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг мисолидир. Жорий ўқув йилидан ўз фаолиятини бошлаган Вебстернинг Тошкент филиалида компьютер технологияси, бошқарув ва иқтисод, медиа коммуникациялар, мактабгача таълим соҳасида бакалаврлар тайёрланмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид