Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Менинг бир йиллик умрим ўйинчоқ эмас» — «Нархоз» Самарқанд филиалида абитуриентларнинг ҳарбий имтиёзи ҳисобга олинмади
Таҳририятимизга муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган, Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалига ҳужжат топширган бир неча абитуриент мурожаат қилди.
Уларнинг айтишича, олий ўқув юртларига имтиҳон натижалари эълон қилингач, бу олийгоҳда ҳарбий имтиёзлар ҳисобга олинмаган экан. Шу тарзда 30 нафар абитуриентнинг келгуси тақдири ҳали ҳам номаълум бўлиб қолмоқда.
«Ҳали бирор-бир институтда ҳарбий имтиёз ҳисобга олинмайди деган эълон чиқарилган эмас. Агар шундай бўлганида биз ҳеч қачон «Нархоз»га ҳужжат топширмаган бўлардик. Модомики, ҳарбий имтиёзлар бу олийгоҳда ҳисобга олинмас экан бизни огоҳлантиришлари шарт эди. Ахир, бизнинг бир йиллик умримиз ўйинчоқ эмас-ку», демоқда абитуриентлар.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали раҳбари О.Муртазоевдан бу ҳолат юзасидан изоҳ сўрадик.
«Қабул квоталарини Давлат қабул комиссияси белгилайди. Белгилаш вақтида барча олий таълим муассасаларидаги имтиёзлар қўшилади. Янги очилган филиалларга бу нарса қўшилмай қолган. Давлат қабул комиссиясининг бу бўйича қарори давлат тест марказига, тест маркази томонидан эса олий таълим муассасаларига юборилади. Барча олийгоҳларнинг янги ташкил этилган филиалларига бу нарса киритилмаган», дейди филиал раҳбари.
Табиийки, филиалларга ҳарбий имтиёзлар учун квоталар киритилмай қолганидан, аниқроғи муайян ташкилотлар хатосидан абитуриентларнинг хабари йўқ. Чунки бу борада ҳеч қандай эълон берилмаган. Ўзлари айтганидек, ёшларнинг бир йиллик умри битта хато эвазига бемақсад ўтадиган бўлиб турибди.
Филиал раҳбариятининг маълум қилишича, айни вақтда Тошкент давлат иқтисодиёт университети томонидан ана шу масала юзасидан юқори турувчи идораларга хат юборилган.
Дарвоқе, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 августда эълон қилинган «Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномаларига эга бўлган фуқароларни олий таълим муассасаларига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори эълон қилинган. Ҳужжатнинг 1-иловасида ушбу низом фақатгина хорижий олий таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари ҳамда нодавлат олий таълим муассасаларига татбиқ этилмаслиги аниқ қилиб белгилаб қўйилган.
Демак, фикримизча, абитуриентлар бошқа олий таълим муассасалари ва уларнинг филиалларида давлат томонидан берилган имтиёзлардан фойдаланишга, аниқроқ айтганда ҳали масала ечим топишидан умид қилишга ҳақли.
Хўш, хатони тузатиш мумкинми? Ана шу саволга айни кунларда ўнлаб ёшлар хавотир ва интиқлик билан жавоб кутишмоқда.
Мавзуга оид
17:00 / 07.06.2024
Тошкент давлат иқтисодиёт университети халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтди
16:35 / 15.04.2024
Ўзбекистон–Тожикистон олийгоҳлари ректорлари 2-форуми ўтказилди
22:14 / 27.02.2024
ТДИУ ректори: “Сергелига кўчиш масаласи олдимизга қўйилмаган”
18:05 / 08.02.2024