Жамият | 18:46 / 01.09.2019
36253
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси ўз мулкини рейдер қурувчи «ҳамла»сидан сақлаб қолди

Самарқанд шаҳрининг ЮНЕСКО рўйхатидаги тарихий қисми буфер зонасида — Отатурк кўчаси 13-уйда жойлашган 3-сонли шаҳар милиция бўлинмаси биноси бузиб ташланиб, ўрнида навбатдаги ноқонуний қурилиш бошлаб юборилгани ҳақида самарқандлик мустақил блогер Мирзо Субҳонов Kun.uz’га маълум қилган эди.

3-сонли шаҳар милиция бўлинмасини жойлашган ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, эски бинони бузиб ташлаб, ўрнига ноқонуний равишда қурилиш ишларини ташкил этгани учун «Буран қурувчи сервис» МЧЖ директори Самарқанд шаҳар маъмурий суди томонидан жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Kun.uz’га блогер Мирзо Субҳонов маълум қилди.

Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига ўтгунга қадар Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган Азиз Тошпўлатов 3-сонли шаҳар милиция бўлими биносининг қурувчи томонидан ноқонуний эгаллаб олингани ва бузиб ташланганидан хабар топиб, ўзининг вилоят ҳокимлигига берган хатини бекор қилди ва бино ҳудуди Самарқанд шаҳар ҳокимлигига берилмайдиган бўлди.

Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармасининг янги бошлиғи Шавкат Раҳмоновнинг расмий маълумотига кўра, ноқонуний бузиб ташланган 3-сонли милиция бўлими ҳеч кимга берилмайди ва унинг ўрнига миллий меъморчилик услубидаги янги замонавий шаҳар милиция бўлими қурилади. Қурилиш 2020 йилдаги Ички ишлар вазирлигининг манзилли қурилиш дастурига киритилади.

«Буран қурувчи сервис» МЧЖнинг Самарқанд шаҳрининг тарихий ҳудудидаги ижтимоий давлат объекларини бузиб, ўрнига кўп қаватли уй-жойлар қуриш амалиёти аввалдан кузатиб келинади.

Хусусан, жамият томонидан шаҳарнинг тарихий қисмида жойлашган Отатурк кўчасидаги Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими ва ҳарбийларнинг фарзандлари учун ихтисослашган болалар боғчаси, Лутфий кўчасидаги вилоят прокуратураси қарамоғида бўлган 9-сонли Меҳрибонлик уйи ҳам бузилиб ўрнида кўп қаватли уй-жойлар қурилган.

Прокуратура қарамоғидаги 9-сонли Меҳрибонлик уйи ва ҳарбийларнинг фарзандлари учун ихтисослашган болалар боғчаси мажбуран тугатилган бўлса, Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлимининг ҳозирга келиб ҳам доимий жойлашган манзили мавжуд эмас.

Айни пайтда халқ таълими бўлими шаҳардаги 2-сонли ўрта мактабнинг 4-қаватида вақтинчалик жойлашган бўлиб, ташкилотга орқа тарафда жойлашган зиналардан кўтарилиш мумкин. Бунда 2-сонли мактаб кўп қаватли биносининг ёнғин пайтидаги фавқулодда орқа томондан чиқиш йўллари беркитиб қўйилган.

Бундан ташқари, блогер Мирзо Субҳоновга кўра, «Буран қурувчи сервис» МЧЖнинг юқорида тилга олинган ижтимоий объектларни бузиб, уларнинг ўрнига қурган кўп қаватли тураржойлари ҳам ноқонуний қурилган, деб топилган ва ЮНЕСКО талаби бўйича бузилиши белгиланган Самарқанд шаҳридаги жами 17та объект рўйхатига киритилган.

Мавзуга оид