Жамият | 20:05 / 02.09.2019
82384
4 дақиқада ўқилади

«Ҳар ой 8 миллион сўм кредит тўлаймиз». «Strаus House»дан норозилар сони ортмоқда

Жорий йилнинг 26 август куни “«Strаus House»дан аҳоли нега норози?” номли мақола эълон қилинган эди. Унда “Straus House” МЧЖ билан 2019 йил январ – апрел ойларида туяқуш етказиб бериш бўйича шартнома имзолаб, тўловни амалга оширган, бироқ бугунги кунга қадар пулни ҳам туяқушларни ҳам ололмаётган фуқароларнинг муаммолари ҳақида сўз юритилганди.

Мазкур мақола эълон қилингандан сўнг, айнан ушбу масала юзасидан таҳририятга мурожаат йўлловчилар сони кескин кўпайди. Бу сафар туяқуш жўжаларини харид қилиш учун тўловни банк кредитлари орқали амалга оширган фуқароларнинг сўзларини тингладик.

Тошкентлик Баходир Алимов жорий йилнинг 4 апрел куни «Strаus House» МЧЖ билан 12 бош туяқуш жўжалари учун шартнома имзолаб, жўжа ва унинг озуқа еми учун “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида ТИФ “Миллий банк”нинг Марказий амалиёт бўлимидан 30400000 (ўттиз миллион тўрт юз минг) сўм кредит расмийлаштирган. Шартнома бўйича 90 кунда (4 июлгача) етиб келиши лозим бўлган жўжалар ва уларнинг емидан ҳанузгача дарак йўқ. Банк кредити эса фоизлари билан тўлаб келинмоқда.

Андижон вилоятидаги кўп тармоқли “Evro Osiyo Biznes Starj” масъулияти чекланган жамияти ҳам яхши ниятлар ила фаолият йўналишини яна биттага кўпайтириш мақсадида «Strаus House» МЧЖ билан 100 бош туяқуш жўжалари учун шартнома тузади. Бу мақсад учун имтиёзли асосларда йиллик 8 фоиз банк кредитини расмийлаштиради ва олинган 200 млн. сўмлик кредит маблағларининг 160 млн. сўмини туяқуш ҳамда 40 млн. сўмини унинг еми учун «Strаus House» МЧЖга тўлайди.

Шартнома 2019 йил 21 январида тузилиб, тўловлар май ойида тўлиқ амалга оширилган бўлса-да, шу кунгача жўжалардан ҳам уларнинг емидан ҳам дарак йўқ. Бу вақт орасида 4 гектар ер олиб, уни туяқуш боқиш учун махсус воситалар ёрдамида тайёрлашга ҳам бир неча миллион сўм маблағ сарфланган. Банкдан олинган кредит учун тадбиркор тўлайдиган ҳар ойлик фоиз миқдори 8 млн. сўмни ташкил этмоқда. Пуллар ўз вақтида қайтарилмаса тадбиркорнинг ҳоли не кечишини тасаввур қилиш қийин эмас.  

Воқеаларнинг бу тахлит ривожланиши ўзларини туяқуш бизнесида синаб кўрмоқчи бўлган қаҳрамонларимизнинг ҳафсаласини пир қилган. Улар шу вақтгача кредит учун фоиз тўлаш эвазига кўрган зарарларига рози, фақат «Strаus House»га тўлаган пуллари қайтса бўлди.

Маълум бўлишича, кўп сонли фуқароларнинг шикоятларига асосан «Strаus House» МЧЖ вакилларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги департаментнинг Юнусобод туман бўлими томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

KUN.UZ нашри мазкур органлар билан боғланиб, ҳолат юзасидан ахборот олишга уриниб кўради. Воқеалар ривожини биз билан кузатишда давом этинг.

 

Баҳодир Аҳмедов

Мавзуга оид