Жамият | 11:54 / 02.09.2019
11079
2 дақиқада ўқилади

Урганч туманида Давлат хизматлари марказининг янги биноси очилди

Хоразм вилояти Урганч туманида Давлат хизматлари марказининг янги биноси қуриб битказилди ва фойдаланишга топширилди, деб хабар беради Kun.Uz мухбири.

Мустақиллик байрами арафасида ўтказилган тантанали маросимда Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов, Урганч тумани ҳокими Фрунзе Шарипов, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, туман фаоллари, ёшлар иштирок этишди.

Қайд қилиш жоизки, Урганч туманида 193 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Қисқа вақт ичида қад кўтарган 2 қаватли бинода аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун барча қулайликлар мавжуд.

Бинода мурожаат қилувчи аҳолига барча қулайликлар яратилган бўлиб, энг сўнгги русумдаги техник воситалар билан таъминланган. Шунингдек, кутубхона, ёш болали оналар фарзандлари учун ўйинчоқлар билан тўлдирилган махсус хона, овқатланиш хоналари, инвесторларга хизмат кўрсатиш хонаси, кутиш зали кабилар ташриф буюрувчилар хизматига шай.

Урганч тумани Давлат хизматлари маркази орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ўтган 2018 йил давомида жами 32 942 та давлат хизмати кўрсатилган. 2019 йилнинг ўтган 9 ойи давомида эса давлат хизматлари кўрсатиш сони ўтган йилга нисбатан анча кўпайиб ушбу кўрсаткич 56 465 тани ташкил этди. Янги бинода аҳолига хизмат кўрсатиш сифати янада ошиб, бу кўрсаткич сони икки баробарга кўпайиши кутилмоқда.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид