Жамият | 21:36 / 04.09.2019
23534
6 дақиқада ўқилади

Бухоро ихтисослаштирилган маданият мактаб-интернатида нималар бўлмоқда?

Kun.uz сайтига Бухоро шаҳридаги ихтисослаштирилган маданият мактаб-интернатининг бир гуруҳ ўқитувчи ва ходимлари томонидан мурожаат йўлланди.

Унда таълим масканида носоғлом муҳит юзага келгани, интернат раҳбари томонидан турли қонун бузилишларга йўл қўйилаётгани, жамоага тазйиқ ўтказаётгани ва қўпол муомалада бўлаётгани баён этилган.

Шикоят хатига мактаб-интернати директор ўринбосарлари, ўқитувчилар, бош ҳисобчи, касаба уюшмаси қўмитаси, Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти етакчиси ва яна бир неча нафар ходимлар имзо чекишган.

Ушбу мурожаатни ўрганиш мақсадида мазкур таълим масканида бўлдик ва педагоглар билан суҳбатлашиб, уларнинг эътирозларини тингладик.

«Биринчи навбатда эътирозимиз мактаб-интернатига раҳбарлик қилиб келаётган Нодира Ражабова юзасидан. Унинг тазйиқлари ва қўпол муомаласидан тўйдик. Унинг хонасига ҳам бирор масалада киролмаймиз. Гўёки биз учун мумкин эмасмиш. Эшигининг ёнида ҳафталаб турсак ҳам, қабул қилмайди. Кайфияти яхши бўлишини кутишга мажбурмиз. Дарс соатлари ажратишда ҳам ноҳақликка йўл қўйилмоқда», — дейди математика-информатика ўқитувчиси Азиза Ғаниева.

Шундан сўнг касбий таълим бўйича директор ўринбосари Олима Қурбонова ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Ёшим анча улуғлиги учун директоримизнинг номақбул муносабатидан ранжийман. Биздан кексаларни ҳам умуман ҳурмат қилмайди. Нима учунлигини тушунмаймиз. Бирор фикримизни айтолмаймиз. Раҳбар жамоа билан бундай оҳангда суҳбатлашиши мумкинми?», — дейди директор ўринбосари. 

Биз билан суҳбатда ўз навбатида таълим муассасаси бош ҳисобчиси Маърифат Нусратова бир қатор ноқонуний пул ўтказмаларига раҳбар томонидан мажбурланганини таъкидласа, директор котибаси Лола Субҳонова раҳбар томонидан доимий тазйиқдалиги, оиласига аралашиш таҳдиди билан уни қўрқитиб келишини айтиб берди. Шунингдек, яна бир неча нафар педагог Нодира Ражабовадан жабрланганини баён этишди. Асосий эътироз турли ноҳақликлар, қўпол муомала ва ҳақоратлар туфайли.

Маълум бўлишича, ушбу таълим масканига 2017 йилдан буён раҳбарлик қилиб келаётган Нодира Ражабова жорий йил май ойида лавозимидан озод этилган. Бухоро вилоят маданият бошқармаси раҳбари Йўлдош Генжаев томонидан янги тайинланган директор таништирилган. Аммо орадан бир кун ўтиб «баъзи сабаблар»га кўра, янги раҳбар ишлашдан бош тортган ва Нодира Ражабова яна директор вазифасини вақтинча бажарувчи сифатида ишини давом эттирган.

Билдирилган эътирозлар асосида ихтисослаштирилган маданият мактаб-интернати раҳбари Нодира Ражабова билан суҳбтлашдик. Суҳбат жараёнини ёзиб олишга қаттиқ қаршилик кўрсатганидан кейин мутасадди билан овозини ёзиб олмасликка келишган ҳолда суҳбатни давом эттирдик.

Дастлаб Нодира Ражабова барча шикоятлар унга нисбатан туҳмат эканлигини билдириб, шикоятчиларнинг эътирозларини рад этди. Аммо бизда унинг ўз ходимларига қўпол муомалада бўлиши, уларни уятли сўзлар билан ҳақоратлагани ёзиб олинган аудиоёзувлар мавжуд эди. Уларни Нодира Ражабовага эшиттирдик ва жамоага нега бундай муомалада бўлиши юзасидан изоҳ сўрадик.

«Мен ҳам инсонман, асабийлашган бўлишим мумкин», – дейди у.

Тўғри, ҳамма ҳам инсон, асабийлашиши мумкин. Аммо педагог-раҳбарнинг ўз ходимларини бундай уятли сўзлари билан ҳақоратлашини ҳеч бир нарса билан оқлаб бўлмайди.

Ушбу таълим масканида ўрганиш олиб борар эканмиз, турли эътироз-у фикрларни тингларканмиз, муассасада носоғлом муҳит чуқур илдиз отганини ҳис қилдик.

Мазкур ҳолат юзасидан изоҳ олиш учун Бухоро вилояти маданият бошқармаси бошлиғи Йўлдош Генжаев билан учрашиш мақсадида бошқармага йўл олдик.

Ажабланарлиси, бошқарма эшиги олдида ихтисослаштирилган маданият мактаб-интернатининг бошқа бир гуруҳ ўқитувчилари кутиб туришарди. Тўғриси, уларнинг бундай қисқа вақтда, қолаверса, таътил вақтда етиб келишгани ҳайратланарли эди.

Маълум бўлишича, бу ўқитувчилар бизга шикоят йўллаган мурожаатчиларга қарши гуруҳ экан. Улар директор устидан шикоят қилганларнинг ўзларини айблаб, директорни оқлаб, турли фикрларни билдириб ўтишди.

Ким ҳақ, ким ноҳақлиги ўз йўлига, аммо шундай таълим масканида педагог жамоа орасида гуруҳбозлик авж олганига, носоғлом муҳит чуқур илдиз отганига яна бир бор амин бўлдик.

Нега вазият шу ҳолатга келгунга қадар мутасаддилар эътиборидан четда қолган?

Ушбу савол билан Бухоро вилояти маданият бошқармаси бошлиғи Йўлдош Генжаевга мурожаат қилдик.

 

«Бу борада бизга ҳам мурожаатлар бўлганди. Янги директор ҳам қўйгандик. Аммо янги раҳбар у ерда ишлашни истамаганидан кейин яна Ражабова вақтинча раҳбарлик қилиб келаётганди. Тўғриси, ҳолат бунчалик чуқурлашиб кетган, деб ўйламагандик. Албатта, бундай носоғлом муҳит юзага келишига биринчи ўринда раҳбар айбдор. Биз тегишли чораларни кўрамиз», — деди бошқарма бошлиғи.

Таъкидланганидек, учрашувнинг эртаси куни Йўлдош Генжаев мактаб-интернатида йиғилиш ўтказиб, вазиятни жамоа билан муҳокама қилгани ҳақида хабар топдик.

Аммо орадан бироз муддат ўтиб мактаб-интернатининг бир гуруҳ жамоаси бизга такрорий мурожаат қилиб, Генжаев томонидан берилган ваъдалар бажарилмагани, вазият бундан-да оғирлашгани, шу масала ортидан мактаб-интернати Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси (таҳририятга йўлланган шикоятда унинг ҳам имзоси бор)нинг сирли равишда ишдан олиниши ортидан шикоят қилганларга «ҳужум» бошланганини билдиришди.

Кўриниб турибдики, таълим муассасасида вазият ўнгланиши ўрнига баттар чигаллашган. Мутасаддилар томонидан эса жамоа ўртасидаги муҳитни соғломлаштириш бўйича етарлича чоралар кўрмаган.

Ишни бу ҳолатда давом эттириб бўлмайди, албатта. Ахир, педагогик жамоа ёш авлодга таълим берсинми ёки гуруҳларга бўлиниб, бир-бирини айблаш билан вақт ўтказсинми? Бундай ҳолатда асосий иш бир четда қолиб кетмайдими?

Бардошбек САМАД ўғли,

Kun.uz мухбири.

Ғолиб Абдусаломов
Тайёрлаган Ғолиб Абдусаломов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид