Ўзбекистон | 20:20 / 04.09.2019
45211
10 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «Билимлар куни»: Барча вилоятларда ҳокимлар мактабда дарс ўтди

Шу йилнинг 23 август куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселекторда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда бошқа раҳбарлар мактабларга бориб, дарс бериш тартибини жорий этиш вазифаси топширилганди. Бугун, 4 сентябрь куни республиканинг барча вилоятлари ҳокимлари ўзлари ўқиган мактабга бориб, ўқувчи-ёшларга «Мустақиллик дарси»ни ўтишди.

Андижон вилояти

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Андижон шаҳридаги 18-умумтаълим мактабидаги биринчи қўнғироқ тадбирларида иштирок этиб, ўқувчиларни янги ўқув йили билан табриклади. Сўнг мактабнинг 11-синф ўқувчиларига «Мустақиллик дарси»ни ўтди. Вилоят ҳокими дарс давомида она ватанни севиш инсоний бурч эканлиги, унга муносиб фарзанд бўлиш учун ҳар бир ўқувчи етук билимга эга бўлиши зарурлиги ҳақида сўзлади.

Бухоро вилояти

Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев ўзи таълим олган Қоракўл туманидаги 15-сонли умумтаълим мактабида янги ўқув йили бошланиши билан ўтказилган «Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!» шиори остидаги тадбирда иштирок этди.

Тадбир давомида вилоят раҳбари таълим маскани ўқитувчи ва ўқувчиларини янги ўқув йили билан табриклади. Шунингдек, вилоят раҳбари ўзининг ҳаётидан мисоллар келтириб, улар эришган муваффақиятларда мактабдаги таълим ва тарбиянинг роли катта бўлгани, қолаверса, ўқувчиларга мактаб даврида яхши ўқиб, вақтдан унумли фойдаланиш муҳимлиги ҳақида қисқача маъруза қилди. Ўқувчиларга ўқув қуролларидан иборат Президент совғаларини топширди. Таълим масканида ўқувчи ёшлар педогогик жамоа учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

Жиззах вилояти

Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев Жиззах шаҳридаги Ҳ.Олимжон ва Зулфия номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатидаги «Билимлар куни» тадбирида иштирок этди.

Вилоят ҳокими иштирок этган «Мустақиллик дарси»да кўзи ёниб турган болажонлар мамлакатнинг эртаси, бугунги олиб борилаётган ислоҳотларнинг давомчиси ва буюк аждодларнинг муносиб авлоди, жаннатмакон юртнинг ҳақиқий меросхўри экани ва улар учун барча шарт–шароитларни яратиш барчанинг зиммасидаги муқаддас бурч ва вазифа эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Навоий вилояти

Навоий вилоятида «Бутун кучни халқ ичидан олайлик, қучоқ очиб мактабларга борайлик» шиори остида барча умумтаълим мактабларида «Мустақиллик дарслари»ни вилоят ҳамда туман ва шаҳар сектор раҳбарларидан 51 нафари, вилоят корхона ва ташкилот раҳбарларидан 50 нафари, маҳаллий депутатлардан 260 нафари ўзлари таълим олган мактабларга бориб, «Билимлар куни» тадбирларига қатнашиб, «Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!» мавзусида Навоий вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамда Навоий вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида яратилган тавсия асосида мустақиллик дарсларини ўтишди.

Вилоят ҳокими Қобил Турсунов ҳам Кармана туманидаги ўзи таҳсил олган 21-сонли умумтаълим мактабида бўлиб, таълим масканига илк қадам қуйган болажонларга Президент совғаларини тантанали топширди ҳамда 11 синф ўқувчиларига дарс ўтди

Наманган вилояти

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, 4 сентябрь куни Наманган шаҳрида янги қуриб фойдаланишга топширилган 84-умумтаълим мактабига ташриф буюриб, тантанали очилиш маросимида ва «Биринчи қўнғироқ» тадбирида қатнашди.

Шунингдек, Чортоқ туманидаги ўзи таълим олган 9-умумтаълим мактабига ташриф буюриб, «Билимлар куни» шодиёнасида иштирок этди ҳамда 9-синф ўқувчиларига мустақиллик дарсини ўтди.

Қашқадарё вилояти

Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев мактаблардаги «Биринчи қўнғироқ» байрам дастурларида иштирок этди. Косон туманидаги 62-умумтаълим мактабида ўтказилган тадбирда вилоят ҳокими сўзга чиқиб, ўқувчиларни янги ўқув йили билан табриклади ва мактаб таълимининг инсон ҳаёти давомидаги ўрни ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, вилоят ҳокими ўқувчиларга «Мустақиллик дарси»ни ўтди. Унда Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келаётганини алоҳида таъкидлади.

Ўқувчилар билан учрашув давомида мактаб остонасига илк қадам қўйган болажонларга Президент совғалари топширилди.

Самарқанд вилояти

Самарқанд давлат университети Бош майдонида янги ўқув йили бошланиши муносабати билан вилоят ҳокимлиги ва жамоатчилиги, талабалар ва профессор-ўқитувчилар иштирокида тантанали тадбир ўтказилди.

Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов сўзга чиқиб, университет талабаларини янги ўқув йили билан табриклади. Шунингдек, вилоят ҳокими мустақиллик дарсларида ҳам қатнашди.

Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги 80та мактабда «Билимлар куни» ва «Мустақиллик дарслари» ўтказилди

31-умумий ўрта таълим мактабидаги тадбирга мактабнинг собиқ ўқувчилари – вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов ва Самарқанд шаҳар ҳокими Б.Облоқулов иштирок этиб, ўқувчиларни янги ўқув йили билан табриклади.

Шундан сўнг ўзлари таҳсил олган синфхоналарда бўлди ва ўқувчи-ёшларга «Мустақиллик дарслари»ни ўтишди.

Сирдарё вилояти

Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев Гулистон шаҳрида Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабининг очилиш маросимида иштирок этди.

Сўнгра  вилоят ҳокими Сардоба туманидаги 18-мактабда бўлиб ўтган «Биринчи қўнғироқ» байрам дастурларида қатнашди ва юқори синф ўқувчиларига «Мустақиллик дарси»ни ўтди. Вилоят ҳокими ўқувчиларнинг физика, математика, она тили фанлари бўйича билимларини амалий машғулотлар асосида синовдан ҳам ўтказди.

Сурхондарё вилояти

Сурхондарё вилояти Ангор туманидаги 18- умумтаълим мактабида бўлиб ўтган тадбирда вилоят ҳокими Тўра Боболов иштирок этиб, билимга чанқоқ ўқувчилар, устозлар, маҳалла фаоллари ва ота-оналарни мустақиллигимизнинг 28 йиллик байрами ҳамда янги ўқув йилининг бошланиши билан қизғин қутлади. Кейинги йилларда таълим-тарбиядаги ислоҳотлар ўқитишни сифат ва мазмун жиҳатдан янада яхшилаш, болаларга пухта ва мукаммал билим бериш, уларни миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашдек эзгу мақсадларга қаратилганини алоҳида таъкидлади.

Мактабнинг 9-синфида бошланган илк дарсда вилоят ҳокими келажак сари интилаётган бу ёшларга Ватанни севиш, унинг тинчлигини асраб-авайлаш, тараққиётига ҳисса қўшиш ҳар бир фарзанднинг бурчига айланиши, асосийси, бу ният ва мақсадларга эришиш йўлида ўқувчилар кучли билимга эга бўлиши, одоб-ахлоқ, тарбия билан камолга етиши зарурлигини алоҳида таъкидлади. Вилоятда мустақиллик йилларида амалга оширилаётган улуғвор ишлар, эришилган ютуқ ва марралар ҳақида ҳаётий мисоллар воситасида сўзлаб берилди.

Тошкент вилояти

Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Рустам Холматов Қибрай туманидаги 4-умумтаълим мактабида ўқувчи-ёшларга «Мустақиллик дарси»ни ўтди.

Вилоят раҳбари мактабнинг юқори синф ўқувчиларига ватан тараққиёти, унинг истиқболи, юртимиз ва жаҳондаги ҳозирги ижтимоий-сиёсий вазият, бунда бизнинг ўрнимиз қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги фикрларини айтиб ўтди.

Фарғона вилояти

Фарғона вилоятидаги таълим муассасаларида ҳам янги – 2019/2020 ўқув йили «Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!» шиори остидаги «Мустақиллик дарслари» билан бошланди. 

Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев Фарғона шаҳридаги 10-умумтаълим мактабида ўтказилган тадбирларда иштирок этиб, ўқитувчи ва ўқувчиларни янги ўқув йили билан табриклади. Вилоят ҳокими мактаб фаолияти билан танишди, ўқувчилар билан суҳбатда бўлиб, уларга чуқур билим эгаллашларида муваффақият тилади. Биринчи синф ўқувчиларига Президент совғалари топширилди.

Хоразм вилояти

Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов ва Урганч тумани ҳокими Фрунзе Шарипов Урганч тумани «Қорамон» маҳалласидаги янги 315 ўринли 49-умумтаълим мактабининг очилишига бағишланган тадбирларда иштирок этиб, ўқитувчи ва ўқувчиларни янги ўқув йили билан табриклади.

Вилоят ҳокими мактаб фаолияти билан танишди, ўқувчилар билан суҳбатда бўлиб, уларга чуқур билим эгаллашларида муваффақият тилади. Биринчи синф ўқувчиларига Президент совғалари топширилди.

Қорақалпоғистон Республикаси

Бугун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Муса Ерниязов Хўжайли туманида жойлашган 1-сон Меҳрибонлик уйига ташриб буюриб, муассасада таълим олаётган ўқувчилар билан ўқитувчиларни янги ўқув йилининг бошланиши билан табриклади ва Президент совғаси «Газель» автомобили ва мактаб қуролларини тантанали равишда топширди.

Тошкент шаҳри

Бугун Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам ўзи ўқиган Шайхонтоҳур тумани, Ҳувайдо маҳалласидаги 169-мактабга бориб, «Билимлар куни»га бағишланган тантанали тадбир ва «Мустақиллик дарс»ларида иштирок этди.

Шаҳар ҳокими ўз нутқида мактаб педагогик жамоаси, билимга чанқоқ ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан учрашганлигидан мамнунлигини билдириб, мустақилликнинг тарихий аҳамияти, истиқлол сабаб қўлга киритилган ҳуқуқ ва имкониятлар, ютуқларга тўхталиб ўтди. Айни пайтда юртимиз тараққиётнинг янги босқичида эканлигини эътироф этган ҳолда, бунда таълим тизимини тубдан ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини айтиб ўтди.

Тошкент шаҳар ҳокими тантанали йиғилишдан сўнг 9-синф ўқувчилари учун «Мустақиллик дарси»ни ўтди. Маънан юксак ва жисмонан баркамол авлодни улғайтириш давлатимиз ва жамиятимиз олдидаги муҳим вазифалардан бири эканлигига эътибор қаратди. Ўқувчиларга таълим-тарбиянинг инсон камолоти ва ютуқларидаги ўрни ҳақида ҳаётий мисоллар келтирди. Битирувчилар учун муҳим масала касб танлаш эканлигига эътибор қаратиб, уларни қизиқтираётган мутахассисликлар ҳақидаги фикрларини тинглади. Яқин 10 йилда юксак малакали педагоглар, ахборот-коммуникация соҳаси мутахассислари ва шифокорларга талаб юқори бўлишини қайд этиб, ёшларга касб танлаш борасида муҳим кўрсатмалар берди.

Мавзуга оид