Жамият | 16:50 / 04.09.2019
41305
3 дақиқада ўқилади

Заҳарлаб ўлдирилган итлар: Самарқанд вилояти ҳокимлиги баёнот берди, икки амалдор ишдан кетди

Фото: KUN.UZ

Шу кунларда Самарқанд шаҳридаги «Истиқбол» маҳалласида итлар заҳарлаб ўлдирилиши воқеаси кенг муҳокама этилмоқда. Бу ҳолат фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июль «Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 202-сонли қарори билан қаровсиз итларни тутиш билан жойларда ободонлаштириш бошқармаси ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимлари шуғулланиши белгиланган. 

Самарқанд шаҳрида ҳам айнан ушбу масалага Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ҳузурида қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимлари ташкил этилиб, ушбу масалага масъул этиб белгиланган.

Самарқанд вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабарига кўра, ижтимоий тармоқларда тарқалган видео соҳа мутасаддилари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида атрофлича ўрганиб чиқилиб, натижалари муҳокама этилди.

«Минг афсуски, ушбу ҳодисани итларни ўлдириш билан эмас, аксинча, уларни даволаш, рўйхатга олиш ва ўз вақтида эмлаб бориш каби вазифалар билан шуғулланиши зарур бўлган Самарқанд шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими масъуллари амалга оширгани аниқланди.

Ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб, Самарқанд шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи О.Алламуродов ҳамда Самарқанд шаҳар ветеринария бўлими Сиёб ветучастка мудири У.Ражабов билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди. Улар эгаллаб турган лавозимидан озод этилди», - дейилади ҳокимлик маълумотида. 

Қайд этилишича, бу каби ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик зарурлиги ҳақида Самарқанд вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ҳамда унинг қуйи бўлимлари раҳбарлари, ветучастка мудирлари қатъий огоҳлантирилди.

Мазкур ҳолат юзасидан айбдорларга нисбатан қонуний қарор қабул қилинишини таъминлаш мақсадида ўрганиш натижалари вилоят прокуратурасига юборилган. 

Вилоят ҳокимлиги барча самарқандликларга мурожаат қилиб, шу каби ноқонуний хатти-ҳаракатларга гувоҳ бўлганда ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар, телеграм мессенжери ёхуд 1177 ишонч телефони орқали ҳокимликни хабардор қилишга ҳамкорликка чақирган.

Бундан аввалроқ ушбу мавзуда суриштирув ўтказилиб, «Самарқандда ўлдирилган итлар можароси: уларни ким ва нима сабабдан заҳарлади?» сарлавҳали материал эълон қилинганди.

Мавзуга оид