Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Наманган давлат университетида «Талабаликка илк қадам» тадбирлари ўтказилди
Кеча, 4 сентябрь куни Наманган давлат университетида янги ўқув мавсумининг бошланиши муносабати билан, «Талабаликка илк қадам» мавзусида бир қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.

Университетга кириш имтихонларини топширган 37 399 нафар абитуриентлар ичида юқори балл тўплаб, талабаликка қабул қилинган 3 300 нафар ёшларни табриклаш, университет билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил қилинган мазкур байрамона тадбирда профессор ўқитувчилар ва ота-оналар иштирок этди, деб хабар бермоқда университет матбуот хизмати.


«Аввало, фарзанди Наманган давлат университетига талабаликка қабул қилинган барча ота-оналарни шунингдек, талабаларни мазкур ютуқ билан табриклайман.
Университетимизда ёшлар ўзлари танлаган йўналиш бўйича тўлақонли билим олиши учун барча шароитлар яратилган.
Шуни айтишим керакки, жорий йилги биринчи босқич талабаларимиз орасида бир нафар «Мард ўғлон», бир нафар « Зулфия» давлат мукофоти соҳиби, тўрт нафар «Темурбеклар мактаби», бир нафар Ибрат мактаби битирувчиси, йигирма саккиз нафар турли мусобақалар ғолиблари, икки нафар фан олимпиадаси ва олти нафар халқаро танловлар ғолиблари бор. Бу барчамизни хурсанд қилади.
Мен барча ота-оналардан чуқур билим ва маънавиятга эга кадрларни тайёрлашда биз билан яқиндан ҳамкорлик қилишларини сўраган бўлардим», деди университет ректори Музаффар Эсонов.


«Талабаликка илк қадам» мавзусидаги тадбирлар куннинг иккинчи ярмида талабалар турар жойларида ҳам давом эттирилди. Унда университет талабалар турар жойида яшаб, таълим олувчи талабалар ва уларнинг ота-оналари яратилган шароитлар билан яқиндан танишишди.

Ота-оналар шунингдек, президент томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусни университетда кенг жорий қилиш ишлари доирасида янгидан жиҳозланган бинолар уларга маъқул келганини таъкидлашди.