Ўзбекистон | 08:02 / 06.09.2019
5164
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт соҳасида мутахассислар тайёрлаш бошланади

Республика бизнес ва бошқарув Олий мактаби қошида фалсафа доктори (Doctor of Philosophy – PhD) ва фан докторлари (Doctor of Science – DSc) – «Рақамли иқтисодиёт ва халқаро рақамли интеграция» мутахассислиги бўйича илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш институти очилади.

Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг 2019 йил 30 августдаги қарори билан паспорт, илмий Кенгаш таркиби ва Кенгашнинг илмий семинари тасдиқланди.

Илмий кенгаш таркибига АҚШ, Хитой, Россия Федерацияси ва Ўзбекистон, Массачусетс технология институти, Стенфорд университети, Ҳаузхонг фан ва технологиялар университети, Амалий ахборот технологиялари институти каби етакчи университет ва илмий марказлар олимлари кириб, улар илмий кенгаш йиғилишларида бевосита онлайн тарзда иштирок этадилар.

«Рақамли иқтисод ва халқаро рақамли интеграция» янги мутахассислиги паспорти рақамли иқтисодиёт билан боғлиқ фан ва амалиётнинг деярли барча йўналишлари ва соҳаларини ўз ичига олган мутахассислик ва тадқиқот соҳаси формуласидан иборат бўлиб, уларнинг тўлиқ мазмуни билан Олий мактабнинг расмий веб-сайтида танишиш мумкин бўлади.

Шу тариқа, Олий мактаб республика ва хорижий мамлакатларнинг эҳтиёжларини қондириш учун зарур бўлган рақамли иқтисодиёт соҳасида юқори малакали илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлашнинг халқаро муассасасига айланмоқда.

Ушбу мутахассислик бўйича олий ўқув юртидан кейинги таълим олиш учун ҳужжатларни қабул қилиш жорий йилнинг 15 сентябрь куни бошланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид