Жаҳон | 10:26 / 06.09.2019
45241
2 дақиқада ўқилади

Роберт Мугабе вафот этди

Зимбабвенинг собиқ президенти Роберт Мугабе 6 сентябрь куни 96 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда BBC News хабар тарқатди.

Кейинчалик диктаторга айланган сиёсатчи 1924 йилнинг 21 февралида ўша вақтда Родезия деб аталган Зимбабве ҳудудида туғилган.

1964 йилда уни Родезия ҳукуматини танқид қилгани учун 10 йилдан ортиқ муддатга қамашган. 

Роберт Мугабе 1980 йилда мамлакат бош вазирига айланади, 1987 йилда эса президентликка сайланиб, 30 йил давомида Зимбабвени бошқаради.

У илк йилларда соғлиқни сақлаш соҳаси ва таълим тизимида ислоҳотлар амалга ошириши билан эътибор қозонганди. 2000-йиллар бошида эса Мугабе Зимбабведа ер ислоҳоти ўтказади, бу ислоҳот доирасида оқ танли фермерларнинг ерлари тортиб олинади. Айнан шу ислоҳот мамлакатда иқтисодий инқироз бошланишига олиб келади.

2007 йилда мамлакатда гиперинфляция бошланади, баъзи ойларда инфляция даражаси ўн миллионлаб фоизни ташкил этади. Икки йил ўтиб ҳукумат Зимбабвенинг ўз валютасини чиқаришни тўхтатади: унинг ўрнига хориж валютаси ишлатилиши жорий қилинади.

Мугабе бошқарувининг сўнгги йиллари юқори даражадаги коррупция ва инсон ҳуқуқлари бузилиши билан характерланади.

У сайёрадаги энг узоқ вақт давомида ҳокимият тепасида турган ва энг кекса давлат раҳбарларидан бири эди.

Ғарб мамлакатлари Мугабени инсон ҳуқуқларини бузиш ва коррупцияда айблар, унинг тузуми диктаторлик деб баҳоланарди. Африкада эса у озодлик учун курашчи ва мустақил Зимбабве давлати асосчиси сифатида ҳурмат қилинарди.

Мугабе 2017 йилнинг ноябрида оммавий норозилик намойишлари ортидан рўй берган ҳарбий давлат тўнтариши орқали ҳокимиятдан четлатилиб, уй қамоқхонасига ташланган, кўп ўтмай ўз ихтиёри билан ҳокимиятни топширган, унинг ўрнини ZANU-PF партияси етакчиси, Мугабенинг ўринбосари Эммерсон Мнангагва эгаллаганди.

Сўнгги марта 2018 йилда унинг соғлиги ёмонлашгани ва юриш қобилиятини йўқотгани ҳақида хабар қилинганди.

Мавзуга оид