Жаҳон | 23:10 / 06.09.2019
9472
2 дақиқада ўқилади

Роберт Мугабе Зимбабвенинг миллий қаҳрамони деб эълон қилинди 

Зимбабвенинг амалдаги президенти Эммерсон Мнангагва 6 сентябрда вафот этган собиқ президент Роберт Мугабени вафотидан кейин миллий қаҳрамон деб эълон қилди. Бу ҳақда New Ziana маҳаллий нашри хабар берди.  

Мугабе 95 ёшида вафот этди. Унинг оиласидаги манбалар собиқ президент Сингапурдаги шифохонада яқинлари, жумладан рафиқаси Грейс қуршовида вафот этганини маълум қилишган.

“Роберт Мугабе Африкани мустамлакачилик зулмидан озод қилишга эришган курашчилар авлоди вакили ҳисобланади. Бу Зимбабвенинг миннатдор халқи ва Африканинг қолган халқлари томонидан ҳеч қачон унутилмайди”, деб айтган Мнангагва.   

Президент, шунингдек, Мугабе дафн этилмагунча мамлакатда мотам кунлари эълон қилинишини қўшимча қилган. 

Ҳозирда ҳукумат Мугабе жасадини Сингапурдан ватанига қайтариш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

2017 йил ноябрда 93 ёшли Роберт Мугабе ҳарбийлар ва ҳукмрон партия босими остида президент лавозимини тарк этганди. Бунгача у мамлакатни 30 йил давомида бошқарган.    

Мавзуга оид