Ўзбекистон | 18:47 / 07.09.2019
36595
9 дақиқада ўқилади

Адвокатлар палатаси ва адвокатлар янги Солиқ кодекси лойиҳасига жиддий эътироз билдирди

Жорий йилнинг 2 сентябрь санасида Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида янги Солиқ кодекси лойиҳаси яна жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинганди.

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг янги таҳрири лойиҳаси юзасидан ўз муносабатини Палатанинг расмий сайти орқали билдириб, лойиҳанинг адвокатурага доир қисмлари билан келишиб бўлмаслигини маълум қилди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси янги таҳрири лойиҳаси муҳокамага қўйилган бўлиб, унинг адвокатурага дахлдор қисмларида амалдаги меъёрлардан фарқ қилувчи жиҳатлар мавжуд.

Жумладан, Кодекс лойиҳасининг 488-моддасида адвокатлар ҳайъатининг нотижорат ташкилот шаклида ташкил этилиши, уни сақлаб туриш ва тадбиркорлик фаолияти бўлмаган умумий вазифаларни бажариш учун адвокатлардан олинадиган маблағлар қисми бўйича адвокатлар ҳайъати юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини ва қўшилган қиймат солиғини тўловчи ҳисобланмаслиги белгилангани ҳолда адвокатлик фирмалари ва адвокатлик бюроларининг солиқ солиш мақсадларида тадбиркорлик субъектлари деб эътироф этилиши ҳамда юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ бўлган фаолият қисми бўйича солиқлар ва йиғимларни ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда тўлаши кўрсатиб ўтилган.

«Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси эса муҳокама учун қўйилган янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасининг адвокатурага тааллуқли мазкур моддалари билан келишиб бўлмайди деб ҳисоблайди», – дейилади Палатанинг расмий ахборотида. Хабарда таъкидланишича, шунга кўра Палата Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Солиқ қўмитасига янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳаси юзасидан ўз эътирозларини юборган.

Адвокатлар палатасининг эътирозлари ахборотда жумладан қуйидагича баён қилинган:

«Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 116-моддасида адвокатура фаолияти қонун билан тартибга солиниши кўрсатиб ўтилган. «Адвокатура тўғрисида»ги қонунда эса адвокатлик фаолиятини амалга ошириш учун ташкил этиладиган адвокатлик бюроси, адвокатлик фирмаси ва адвокатлар ҳайъати нотижорат ташкилотлари этиб белгиланган (4-1, 4-2, 4-3-моддалар).

Шунингдек, «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасида ҳам «Адвокатура нотижорат ташкилотдир» деб белгилаб қўйилган. Зеро, адвокатура ўзининг асосий фаолияти давомида даромад (фойда) олишни кўзламайди ва фаолияти давомида йиғилган даромадни (фойдани) ўз аъзолари (иштирокчилари) орасида тақсимламайди. Адвокатлик тузилмалари Конституцияга мувофиқ фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилади. Шунинг учун ҳам Қонун адвокатлик тузилмаларининг, ҳар қандай мақсад йўлида ҳам, статусига ёки ташкилий тузилишига кўра нотижорат фаолиятдан ташқари фаолият билан шуғулланишини инкор этади.

Шуларга кўра, тақдим этилган солиқ кодекси лойиҳасининг 488-моддаси таҳрири нафақат Конституциямиз, балки «Адвокатура тўғрисида»ги, «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонунлар нормаларига ҳам зиддир. Шунингдек, у ҳатто тақдим этилган лойиҳанинг 11-моддасида белгиланган талабга ҳам мос келмайди. Зеро, мазкур моддада фуқароларнинг Конституция билан қўриқланадиган ҳуқуқларини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган солиқларни жорий этиш мумкин эмаслиги белгиланган.

Масаланинг яна бир нозик жиҳати шундаки, солиқ солишда адвокатлик фирмалари ва бюроларига нисбатан дифференциал муносабатда бўлиниши фуқароларнинг ўз конституцион ҳуқуқларини амалга оширишда қийинчиликлар яратиши ва адвокатура институтини ривожлантиришда негатив ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин.

Жумладан, СК лойиҳасининг 488-моддаси таҳрири давлат ҳисобидан кўрсатиладиган юридик ёрдамни молиялаштиришда маълум муаммоларни келтириб чиқаради. Яъни гумонланувчи, айбланувчи ёки судланувчига давлат ҳисобидан кўрсатилган адвокатлик ёрдами адвокатлик фирмаси ёки адвокатлик бюроси томонидан амалга оширилганида давлат томонидан тўланадиган пул миқдори ҚҚС ва бошқа солиқлар миқдорида ошади ва бу бюджетга қўшимча харажатларни келтиради. Бу ўринда яна шуни ҳам эътиборга олиш лозимки, айрим вилоятларда адвокатлар ҳайъати мавжуд эмас ва ҳар қандай юридик ёрдам (жумладан, давлат ҳисобидан молиялаштириладигани ҳам) фақат адвокатлик фирма ёки бюролари орқали кўрсатилади».

Шунингдек, Палата бундай эътироз билан чиқишга ҳақли эканини ҳам ахборотда қисқача таъкидлаб ўтади: «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддасида адвокатура манфаатларига дахлдор масалаларнинг давлат органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси иштирокида белгиланган тартибда ҳал этилиши кўрсатилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 майдаги «Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5441-сон Фармонининг 7-бандида адвокатлик фаолияти ва суд ишини юритиш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари Адвокатлар палатаси билан келишилиши шартлиги белгилаб қўйилган. Бу эса янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасининг адвокатлик тузилмалари фаолиятига бевосита дахлдор моддалари юзасидан ҳам Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг муносабати инобатга олиниши лозимлигини билдиради», - дейилган хабарда.

Шундан сўнг, бир нечта адвокатлар билан ҳолат юзасидан боғландик. Улардан бири Баҳодир Ҳамрокулов ҳолатга қуйидагича изоҳ бериб ўтди.

«Адвокатлар палатаси айтганидек, лойиҳанинг ўзи асосий қонунларимизга зид. Мазкур лойиҳа бўйича адвокатлик фаолияти билан шуғулланувчи адвокатлар ҳайъати нотижорат ташкилот сифатида қолади, адвокатлик бюроси ва адвокатлик фирмаси тижорат ташкилотига айлантирилиши ният қилинган.

Бу лойиҳа адвокатлик бюроси ва фирмалари учун илгари тўламаган қўшимча солиқлар тўланишига олиб келади. Бу эса ўз навбатида малакали юридик ёрдам кўрсатиш қийматини ошишига сабаб бўлади.

Ҳозирда демократик жамият қуришни мақсад қилган Ўзбекистон учун энг муҳим вазифалардан бири ҳуқуқий онг ва маданиятни ошириш ҳисобланади. Бу лойиҳа билан давлатнинг мазкур сиёсати амалга оширилиши қийинлаштирилади.

Шундоқ ҳам ҳозирги кунда айрим фуқароларимиз малакали юридик ёрдам олиш учун иқтисодий томондан қийналишади. Агар Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига киритилган бу янгилик амалга киритилса, аҳоли малакали юридик ёрдам олишда иқтисодий муаммоларга дуч кела бошлайди» - деди адвокат Баҳодир Ҳамроқулов.

Адвокат Абдумалик Абдуллаев ҳам бу борада ўз фикрларини билдирди:

«Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент фармони мавжуд.

Унда адвокатлик фаолияти ва суд ишини юритиш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари Адвокатлар палатаси билан келишилиши шарт, дейилган. Шунга кўра, мазкур янги солиқ кодекси лойиҳаси ташаббускорлари палата билан келишганларида мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Бундан ташқари, ҳозирда фаолият юритиб келаётган тахминан 1600та адвокатлик фирмалари ва бюролари адвокатлик ҳайъати шаклига ӯзгартириб олиниши мумкин, бу билан ҳеч нарса ӯзгармайди, фақатгина ортиқча қоғозбозлик, яна бюрократия авж олади холос. Ӯзбекистоннинг адвокатура имиджига салбий таъсир қилади.

Шунингдек, лойиҳа ташаббускорлари давлат манфаатини ӯйлаш билан бирга халқ манфаатини ҳам ӯйлаши лозим эди, масала шундаки амалдаги қонунчилик талабларидан келиб чиқиб, агар адвокатлар халққа ҳуқуқий ёрдамни бепул кӯрсатган ҳар бир ҳолат диққат эътиборда бӯлгани ҳолда уларга тегишли солиқ имтиёзлари ва преференцияларини жорий этиш устида бош қотириши лозим», - деди у.

Давлат солиқ соҳасида ислоҳотларни амалга оширишни муҳим вазифаларидан бири деб ҳисоблайди. Бошқа томондан, бу соҳада амалга оширилаётган ишлар давлатнинг асосий вазифаларидан бири бўлган фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш сиёсатига халал бермаслиги керак. Юқоридагиларга кўра, янги солиқ кодекси лойиҳаси қайтадан кўриб чиқилишини кўрсатмоқда. Ўйлайманки, лойиҳа ташаббускорлари Адвокатлар палатаси эътирозларини инобатга олади ва бу борада муқобил ечим берилади.

Зафарбек Солижонов

Зафар Солижонов
Тайёрлаган Зафар Солижонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид