Ўзбекистон | 19:25 / 08.09.2019
35074
3 дақиқада ўқилади

Тўра Боболов: «Халқ пахта теримидан даромад ола бошласа, мажбурий меҳнатга ўрин қолмайди»

Kun.uz сайтиининг маҳаллий ҳокимликлар ва давлат идоралари раҳбарлари билан мунтазам уюштирилаётган интервьюларининг бири Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Абдиевич Боболов билан бўлиб ўтган эди.

Мазкур интервьюда Сурхондарё вилояти ҳокими вилоятда оқсаб қолган пахтачилик соҳасини ўнглаш ва пахта йиғим терими ишларига янгича ёндашув билан мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги ҳақида Kun.uz мухбирига гапириб берди.

«Бу йил қишлоқ хўжалиги йўналишида кескин бурилиш ясалди. Пиллачилик, ғалла етиштиришда мисли кўрилмаган ютуқларга эришилди. Қарийб 542 минг тонна ғалла йиғиб олинди.

Пахтачиликка тўхталадиган бўлсак, сўнгги йилларда бедақандала, кўсак қурти, ўргимчаккана сингари ғўзага катта зиён келтирувчи ҳашаротлар ҳосилдорлик қарийб 40 фоизга камайиб кетишида бош омил бўлаётган эди. Бу йил зараркундаларга қарши кураш учун катта эътибор берилди. Давлатимиз томонидан 13 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Бу йил пахтачиликда яхши ҳосил кутилмоқда. Бироқ саратон ойларидаги иссиқ туфайли пахтанинг етилиши 10–15 кун орқага сурилди. Биз ғўзани фақат культивация қилиб, кечаси шарбат билан суғориш йўли орқали нобуд бўлишдан сақлаб турдик. Бу йил сурхондарёлик деҳқонларнинг юзи ёруғ бўлади, деган катта умидимиз бор», — дейди вилоят ҳокими Тўра Боболов.

Пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнат ҳолатларига йўл қўймаслик ҳақида тўхталар экан, Сурхондарё вилояти ҳокими шундай деди: «Бу йилги мавсумга умуман бошқача ёндашаяпмиз. Ҳозирги кунда терим отрядлари ташкил қилинмоқда. Бу отрядларни шакллантириш аввало фермерларнинг ўз зиммасига юклатилмоқда. Яъни, аввало фермер хўжалиги аъзолари, меҳнатга лаёқатли, вояга етган қариндошлари жалб қилинади.

Иккинчидан, маҳаллада вақтинча ишсиз бўлиб турган фуқароларни жалб қилиш. Биз имконият даражасида пахта-йиғим терими учун кунлик пул беришни йўлга қўймоқчимиз. Теримда фаол қатнашган қишлоқ аҳлига пахта йиғим-терими мавсумидан сўнг ғўзапояни тенг тақсим қилиш тартибини ҳам жорий қилмоқдамиз.

Ижтимоий соҳа ходимлари пахта йиғим-теримидан озод қилинган. Бир пайтлар ҳаттоки мактаб ўқувчилари ҳам пахтага чиқарилган дамларни ҳам эслаймиз. Энди мажбурий меҳнатсиз ҳам ҳосилни йиғиб олишга ўрганишимиз керак. Пахта бўлса, унга пайдар-пай пул тўлаб турилса, халқнинг ўзи териб олади. Чунки харид нархи йилдан йилга ошиб бормоқда. Пахта териб одамлар даромад қилишмоқда. Бундай шароитда, ўз-ўзидан мажбурий меҳнатга ўрин ҳам қолмайди», — деди вилоят ҳокими.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид