Ўзбекистон | 22:17 / 08.09.2019
28080
4 дақиқада ўқилади

«Вазирлар Маҳкамаси қарори Конституцияга зид эди» — Акмал Саидов мактабларга қабулни пуллик қилмоқчи бўлганларни танқид қилди

6 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.  

Кун тартибидаги дастлабки масала — «Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни янги таҳрирдаги лойиҳасининг биринчи ўқишдаги муҳокамаси қизғин кечди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати – Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг раиси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов Тошкентдаги мактабларда пуллик қабулни жорий қилиш тўғрисидаги қарор борасида сўз юритаркан, халқ таълими вазирини танқид қилди. 

«...вазир жаноблари Конституциянинг 41-моддасини ўқиши керак. Ҳатто Тошкентдаги 81та мактабда 10 млн сўмдан пул олиб ўқитамиз деб, Вазирлар Маҳкамасининг қарорини қабул қилишди. Одамлар навбатда турганди. Бир марта гапиргандим, бекор қилишди. Конституция деган нарса бор. Ўйлашимча, биринчи раҳбарларнинг ўзи Конституцияни яхшилаб ўқиб олиши керак. Таълимдаги пуллик ва бепул масаласи ҳамон очиқ турибди. Бу жудаям катта масала», деди Акмал Саидов.

Саидов шунингдек, таълим соҳасидаги коррупция масаласига тўхталиб ўтди. 

«Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқда энг кўп муҳокамалар олий таълимда контракт учун тўланадиган пулнинг миқдори тўғрисида кетяпти. Бизда энг катта муаммо афсуски, таълим тизимимизда коррупциявий онгни шакллантирдик. Боғчадан бошлаб... Боғчадаги болангизнинг тарбиячисига туғилган куни, янги йил, 8 мартда совға қилмасангиз, айтади, анави бундай совға қилибди, деб. Кейин мактабда, олий таълимда бошланади», деди у.

Шунингдек, парламент аъзолари «Ноширлик фаолияти тўғрисида»ги, «Бола ҳуқуқлари кафолатларининг янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва кўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаларини ҳам биринчи ўқишда атрофлича муҳокама қилишди.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 469-қарорига мувофиқ Тошкентдаги 81та мактабда 1-синфга қабул учун  тажриба сифатида янги тизим жорий қилинмоқда. Унга кўра бошқа микроҳудуддаги мактабларнинг 1-синфига ҳужжат топширганлар ва мактаб ёшига етмаган болалар қўшимча квота асосида қабул қилиниши, бунинг учун энг кам иш ҳақининг 10 баробаридан кам бўлмаган миқдорда бир марталик йиғим ундирилиши белгиланганди.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ҳам Facebook’даги саҳифасида талаб юқори бўлган пойтахт мактабларида янги ўқув йилидан болаларни 1-синфга қабул қилишнинг янги тизими жорий этилиши борасида тушунтириш берганди.

Шунга қарамай бу тартиб ижтимоий тармоқда кўпчиликнинг норозиликларига сабаб бўлиб келган, кейинроқ 19 июнь куни Шерзод Шерматов махсус матбуот анжумани ташкил қилиб, журналистларнинг саволларига жавоб қайтарганди. Матбуот анжумани давомида вазир пойтахтнинг 81та мактабида жорий этилаётган янги тартиб Ўзбекистон Конституциясига зид эмаслигини билдирганди.

Август ойи бошида Халқ таълими вазирлиги Тошкентдаги 81та мактабга қўшимча квота бўйича пуллик қабул амалга оширилмаслигини маълум қилди.

Мавзуга оид