Ўзбекистон | 19:27 / 10.09.2019
19181
5 дақиқада ўқилади

Кузнинг биринчи ёмғири ва шамол ортидан муаммолар: Водийда яна ток ўча бошлади

Совуқ мавсум бошланиши билан аҳоли учун энг катта муаммолардан бири бўй кўрсатади. Доимгидек, электр муаммоси.

Электр таъминотидаги узилишлар деярли барча соҳани шол ҳолатга келтириши эса кундек равшан.

Кеча, 9 сентябрь куни Фарғона водийсида кузнинг биринчи ёмғири ёғиб, бундай буён ҳар қандай ҳолатга тайёр туриш кераклигини эслатиб қўйди.

Тўрақўрғон ИЭС ишга тушиб, водий аҳлининг кўнгли кўтарилгани рост. Бироқ, симёғочлар, ҳаво линиялари, трансформаторлар ҳали совуқ мавсумга тайёр эмас, чоғи...

Шу куни озгина шамол эсиб, бир-икки томчи ёмғир ташлади ва жуда кўплаб одамлар токсиз қолишди.

Шу оқшомда Андижон вилоятида чироғи ўчмаган туман бўлмади. Қўшни Фарғона ва Наманган вилоятларида ҳам деярли шу аҳвол кузатилган.

Наҳотки, энергетиклар куз-қиш мавсумига тайёр эмасдилар? Мурожаат қилсангиз, ҳукумат томонидан қабул қилинган қарорларга асосан «фалонча симёғоч, неча минглар километр линия, трансформаторлар ўрнатилгани» ҳақида ҳисобот оласиз.   

«Бутун дунё коинотни забт этаман деб турганда, қачонгача электр муаммоси билан яшаймиз?», дея савол беришмоқда мурожаатчилар. 

Андижон: «Андижоннинг Олтинкўл туманиданмиз. Кеча кечқурун кузнинг биринчи шамоли бўлди, кейин ёмғир ёғди. Шамол бошланиши билан электр ўчди. Кейин билсак, туманни ярмида эрталабгача бўлмабди. «Электр тармоқлари куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўрганмикан», деб ўйланиб қолдик. Ҳаво линияларини таъмирлаш ишлари қилинмаган, чоғи. Ахир рўзғорда электрсиз яшаш қийин. Болалар дарс тайёрлашмади. Чўчиб қолдик. Туман марказига яқин, Иттифоқ, Сарой маҳаллаларида, Чаққон, Маслаҳат қишлоқларида ҳам шу аҳвол. Ҳали куз, қиш кунлари олдинда. Ҳеч ўнгланмас экан-да. Электр тармоқларига телефон қилиб тушиб бўлмайди».

Кеча Шаҳрихон, Пахтаобод, Асака туманларида ҳам электр энергиясидан узилишлар бўлган.

Наманган: «Наманган шаҳар, Амир Темур кўчасида ҳам электр ўчиб, эртасига ёнди. Куз энди бошланди. Электрчиларнинг қишга тайёргарлигидан шубҳамиз бошланди. Болаларни дарс тайёрлашига, уйни ёритишга, кийим дазмоллашга электр ахир».

Фарғона: «Бешариқ тумани, Қият қишлоғида яшаймиз. Шамоллар мавсуми бошланиши билан ток ўчишни бошлайди. Электр тармоқларига мурожаат қиламиз, ёқиб кетишади. Агар кечаси ўчса, келишмайди эртасига ёнади. Ўрганиб кетганмиз. Кеча яна ўчди. Бу йил ҳам шу аҳвол бўлар экан-да...»

Юртимизда электр таъминоти учун миллиардлаб сўм миқдорида маблағ сарфланади. Мутасаддиларнинг йил давомида қилинган ишлари бўйича берган ҳисоботларини ОАВ орқали билиб борамиз. Бу гапларни эшитган халқ «Хайрият-эй, энди ҳаммаси яхши бўлар экан» деб ич-ичидан қувонади. Лекин ҳар йили кузнинг биринчи шамоли, ёмғири ўша қувонган одамларнинг ичига ёғади. Чунки ёмғир ёғиб-ёғмасдан туриб ҳамма ерда чироқ ўчади ва атрофни зулмат қоплайди. Шу боис, куз келиши биланоқ одамлар қалбини битта хавотир чулғаб олади, «Чироқ ўчмай турармикан-а» деган ўй уларнинг миясини «ғажий» бошлайди.

Энди ўзингиз айтинг, шу аҳволда яхши яшаб бўладими? У ёқда Президентимиз халқнинг шароитини яхшила, одамларни рози қил деб қайта-қайта таъкидлаяпти. Соҳа масъуллари масъулиятларини оширишса бўларди. Улар аҳволни ўнглаш ҳақида заррача бош қотиришмаса, муаммолар муаммолигича ётаверади-да! Наҳотки, қўлида тайёр маблағ ва тайёр ишчи кучи бўла туриб, оддийгина линияларни соз ҳолатга келтириб бўлмаса?

Бошқа мамлакатларда ҳам шамолда электр ўчармикин?

Мутасаддиларга шундай савол берсангиз, ҳали уни, ҳали буни баҳона қилиб, сувдан қуруқ чиқишга уринишади, шамол кучли бўлгани, ёмғир узоқ ёғгани ҳақидаги баҳоналарни келтиришади.

Бошқа мамлакатларда шамол бўлмайдими, ёмғир ёғмайдими? Уларда электр тармоқларини ҳам оддий одамлар тортади, оддий одамлар назорат қилиб туради. Бирор носозлик бўлса, бирор нуқсон учраса, тезда бартараф этишади. Бирор кўчага оддийгина симлар тортишни йилма-йил чўзиб юришмайди. Бизда эса ҳамма ишлар ҳар доим чала-чулпа, пала-партиш. Айниқса, электр симлари салгина шамол ёки ёмғирга дош бера олмайдиган ҳолатда. Бундай тармоқнинг кимга кераги бор?

Ер ости кабеллари, усти ёпиқ линиялар бу кетишда қачонлардир туманларга, қишлоқларга ҳам етиб келармикин?

Мақола билан танишгач, «жуда ваҳима қилиб, ошириб юборишибди», деб ўйлашингиз мумкин. Биз энергетикларни ҳали кузнинг қуёшли кунлари олдинда эканлиги учун ишларини охирига етказишларини, аҳолини электр билан таъминлаш уларнинг асосий вазифасилиги ҳақида яна бор огоҳлантириб қўймоқчимиз.

Энергетика тизимига берилаётган эътибордан хабаримиз бор. Биз фақат бир нарсага - давлат ажратаётган шунча маблағни шамол учириб, ёмғир оқизиб кетаётганига ачинамиз.

Kun.uz мухбири, Элмурод Эрматов

Элмурод Эрматов
Тайёрлаган Элмурод Эрматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид