Ўзбекистон | 11:25 / 10.09.2019
279629
4 дақиқада ўқилади

Пахта терими учун янги тўлов тарифлари тасдиқланди

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг “2019 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти, “Ўзагросервис” акциядорлик жамияти, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг 2019 йил ҳосили учун етиштирилган пахта хомашёсини териб олишда:

пахта хомашёсининг машинада терилган 1 тоннаси учун 600 000 сўм хизмат ҳақи тўлаш;

пахта хомашёсининг қўлда терилган 1 килограмми учун биринчи теримда — 800 сўмдан, иккинчи теримда - 1 200 сўмдан меҳнат ҳақи тўлаш;

пахта йиғим-терими мавсумида (пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотлари ва кластерлар фаолият юритаётган ҳудудлардан ташқари) вақтинчалик ишсиз фуқаролардан тайинланадиган терим отряди раҳбарларига ҳар ойда 2 млн сўмдан ҳамда тажриба тариқасида ташкил этилаётган пахта терим марказларининг раҳбарлари (менеджерлари)га ҳар ойда 3 млн сўмдан истисно тариқасида фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан меҳнат ҳақи тўлаш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотлари ва кластерларга пахта хомашёси етиштирувчи фермер хўжаликларининг моддий манфаатдорлигини ошириш, етиштирилган пахта хомашёсини ўз вақтида териб олишни таъминлаш мақсадида ўзларига бириктирилган ҳудудда пахта хомашёсини қўлда териб олиш учун меҳнат ҳақини мазкур қарорда белгиланган нархлардан кам бўлмаган ҳолда эркин белгилаш тавсия этилди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси президентининг “Аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан ўз вақтида таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 4 апрелдаги ПҚ-4262-сон қарори асосида эксперимент тариқасида Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан пахта териш ишларига жалб қилинадиган пахта териш машиналари хизматидан фойдаланганлик учун харажатларнинг 30 фоизини қоплаб бериш тартибини жорий йил 15 сентябрга қадар тасдиқлайди.

Белгиланишича:

отряд раҳбарлари терилган пахта хомашёси миқдоридан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан меҳнат ҳақини ошириб бориш асосида рағбатлантирилади;

пахта йиғим-теримида иш кучи етишмовчилиги мавжуд бўлганда, туманлар ҳокимликлари, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотлари ва кластерлар ҳамда туман ҳокимликлари буюртмаларига асосан туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказлари ва хусусий бандлик агентликлари томонидан қўшимча теримчилар ихтиёрий равишда жалб этилади;

иш кучи етишмовчилиги мавжуд бўлган ҳудудларга хусусий бандлик агентликлари хизматлари томонидан ҳар бир иш билан банд бўлмаган аҳолини пахта йиғим-теримига ихтиёрий равишда жалб қилганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдоригача хизмат ҳақи меҳнат органлари томонидан Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади.

Мазкур банд билан тўланадиган маблағлар пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотлари ва кластерлар фаолият юритаётган ҳудудларга татбиқ этилмайди.

Мавзуга оид