Ўзбекистон | 20:53 / 11.09.2019
65952
6 дақиқада ўқилади

Олий таълимда бир қатор ўзгаришлар ва янгиликлар жорий этилмоқда. Талабаларни қандай ўзгаришлар кутмоқда?

10 сентябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбар ходимлари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

Вазир ўринбосари Сарвар Бузрукхонов стипендиянинг қатъийлаштирилган қиймати ва унинг жорий этилишини қуйидагича изоҳлади:

«Янги жорий қилинган стипендияли ва стипендиясиз ўқиш тизими кеч эълон қилинди. Шунга қарамай, жорий йил сентябрь ойидан бу тизм тўлиқ ишга тушади. Жойларда муаммо бўлмаслиги керак. Қатъийлаштирилган 400 минг сўмлик стипендия давлат бюджети асосида ўқийдиганлар учун ҳам, контрактда ўқийдиганлар учун ҳам жорий этилади».

Шунингдек, у олий таълим муассасасида таълим олаётган талабалар қўшимча рағбатлантирилиши, бу давлат бюджети ва ОТМ махсус фондидан амалга оширилишини таъкидлади.

Унга кўра давлат грантида ўқийдиган талабалар семестрни «4» ва «5» баҳога ўзлаштирса, давлат бюджети ҳисобидан 50 фоизгача рағбатлантирувчи маблағ ажратилади.

Контракт асосида ўқийдиган талабалар «4» ва «5» баҳоларга ўзлаштирган тақдирда эса уларга Олий таълим муассассида ташкил этиладиган фонд ҳисобидан 50 фоизгача миқдорида рағбатлантирувчи маблағ ажратилади.

«Ўзлаштириши яхши бўлган, илмий ва жамоатчилик ишларида фаол бўлган талабаларга стипендиянинг 50 фоизигача (200 минг сўмгача) миқдорда қўшимча рағбатлантириш берилиши мумкин. Бундай қўшимча стипендияни кимга беришни ректорлар ҳал қилади. Бундай рағбатлантириш маблағлари грантда ўқийдиганлар учун давлат бюджетидан, контрактда ўқийдиганлар учун эса ОТМларнинг ҳар бирида ташкил этиладиган фонд ҳисобидан ажратилади», деган вазир ўринбосари.

Бу тизим 1, 2 ва 3-курс талабаларининг барчаси учун ишлайди. Битирувчи курс талабалари эски стипендия тизимида (яъни улар учун аввалгидек «3», «4» ва «5»лик стипендия тартиби) ўқишни давом эттиради. Битирувчи курслардаги табақалаштирилган стипендия тўлови сақлаб қолиниши фақат давлат гранти асосида ўқувчи талабалар учун амалда бўлади.

Шунингдек, қатъийлаштирилган стипендия фақат биринчи курс магистрлар учун амал қилади. Магистратура таълимидаги барча битирувчилар эски тизим (ўзлаштиришига қараб) асосида стипендия олишда давом этади. Стипендияли ва стипендиясиз ўқиш тизими оширилган контракт асосида ўқийдиганлар учун ҳам жорий қилинади.

Президент стипендияси ва бошқа номдор стипендияларни олган талаблар учун стипендия миқдори сақлаб қолинади. Ногиронлар, кам таъминланган оила фарзандлари, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган талабалар учун ҳам ОТМ фондидан стипендия қоплаб берилади.

«Жамоатчилик фикридан келиб чиққан ҳолда, қатъийлаштирилган 400 минг сўмлик стипендия миқдори қайта кўриб чиқилиши ҳам мумкин», дея қўшимча қилган вазир ўринбосари.

Талабаларга контракт суммаларини ойма-ой бўлиб тўлаш имконияти берилади

Қайд этилишича, талабаларга тўловларни амалга оширишда қулайлик яратиш, аҳолининг кенг қатлами учун олий таълимнинг ҳаммабоплигини таъминлаш мақсадида 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб, тўлов-контракт қиймати миқдорлари икки хил кўринишда – «стипендияли» ва «стипендиясиз» этиб белгиланди.

Стипендиясиз қиймат миқдорлари, ҳар ойлик талабага тўланиши белгиланаётган 400 000 сўм, бир йилда жами 4 800 000 сўмни чегириб ташлаш ҳисобига шакллантирилади.

Мисол учун, бакалавриатнинг Гуманитар фанлар, Педагогика, Техника, Қишлоқ ва сув хўжалиги таълим йўналишлари бўйича тўлов-контракт асосида таҳсил оладиган талабалар 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб, қуйидаги тартибда тўловларни амалга ошириши мумкин:

Стипендия билан – 10 792 960 сўм (Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан 17 баробарида);

Стипендиясиз – 5 992 960 сўм (10 792 960 сўм - 4 800 000 сўм).

Бундан ташқари, аҳолига тўловларни амалга оширишда енгиллик яратиш мақсадида контракт суммаларини ойма-ой бўлиб тўлаш имконияти берилади ҳамда олий таълим муассасалари ректорлари тўлов муддатларини узайтириш ваколатига эга бўлади.

Янги ўқув йилида тўлов-контракт қиймати миқдорини 18 фоизга оширилишида (индексация қилишда) асосий омил сифатида, олий таълим муассасалари ходимларининг иш ҳақи миқдорлари, коммунал хизматлар тарифлари ва бошқа сақлаш харажатлари ошгани ҳолда, олий таълим муассасалари харажатлари даромадларига нисбатан 74 фоизга ўсганлиги инобатга олинган.

Шу билан бирга, ёшларни олий таълим билан қамров кўрсаткичи 2017/2018 ўқув йилидаги 9 фоиздан жорий ўқув йилида 20 фоизга ортганлиги ёки талабалар контингентининг 126 минг нафарга кўпайганлиги олий таълим муассасаларида ўқитувчилар ва ўқув бинолари қувватларини яратиш бўйича қўшимча эҳтиёжга олиб келади, бу эса ўз навбатида қўшимча харажатларни талаб этади.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, 2019/2020 ўқув йилидан тўлов-контракт миқдорларининг ўртача 18 фоизга оширилиши — бир талабани бир йиллик ўқитиш харажатларини қисман, яъни ўртача 68 фоизи қопламоқда холос (бунда харажатлар қопланиши ўтган йилги даражада сақлаб қолинмоқда), дейилади вазирлик шарҳида.

Давлат грантида ўқувчи талабалар ўзлаштириши 30 фоиздан паст бўлган ҳолда стипендиядан маҳрум қилинади

«Бюджет асосида ўқийдиган талабанинг ўзлаштириши 30 фоиздан паст бўлса, кейинги семестрдан бошлаб стипендиядан маҳрум қилинади», дея таъкидлаб ўтган вазирликдаги бошқарма бошлиғи Мақсуд Ҳамроев.

Сиртқи ва кечки таълим контрактлари камайтирилди

Жорий ўқув йилида сиртқи ва кечки таълим учун контракт миқдори ўтган йилгига қараганда 35-40 фоизга камайтирилди. Ўтган йили бу сумма 9 млн сўмга тенг бўлган, жорий йилда эса 6 млн 300 минг сўм этиб белгиланган.

Мавзуга оид