Ўзбекистон | 16:10 / 11.09.2019
58129
2 дақиқада ўқилади

Супер-контракт бўйича қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

Таълим кредити оширилган контракт (супер-контракт) асосида ўқийдиганлар учун ҳам ажратилиши кутилмоқда. Бу ҳақида Олий таълим вазирлиги мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълумот берилди.

Олий таълим вазири ўринбосари Сарвар Бузрукхоновнинг сўзларига кўра, талабаларга контракт тўловини тўлашда қулайлик яратилиши учун бериладиган таълим кредити оширилган контракт асосида ўқийдиганлар учун ҳам татбиқ этилиши мумкин.

Шунингдек, таълим кредитини олишдаги муаммолар бўйича ҳам муносабат билдирилди.

«Таълим кредитини ажратишда банклар томонидан тўсиқлар бўлмаслиги керак. Талаба қайси босқичда ўқишига қараб кредит бериш деган нарса йўқ. Агар талабалар кредит олиш масаласида қийинчиликка дуч келса, биз Марказий банкка мурожаат қилиб, талабанинг манфаатини ҳимоя қиламиз», дейди Сарвар Бузрукхонов.

Анжуманда маълум қилинишича, оширилган контрактлар учун бир қатор қулайликлар жорий қилиниши кутилмоқда. Яқин орада янги қулайликлар ҳақида маълумот берилади.

Оширилган контракт учун ҳам стипендияли ва стипендиясиз тўлов жорий қилинади. Оширилган контракт миқдорини белгилашда стипендиясиз контракт - 6 миллион 200 минг сўм асос қилиб олинади.

Бундан аввалроқ, супер-контрактни иккига бўлиб тўлаш мумкин бўлиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, супер-контракт нархлари арзонлашиши кутилмоқда.

Мавзуга оид