Жаҳон | 12:38 / 12.09.2019
39163
5 дақиқада ўқилади

Инсоният қалбидаги 80 йиллик жароҳат

Фото: KUN.UZ

Иккинчи Жаҳон уруши бошланганига ҳам 80 йил тўлди. Айни шу кунлари туғилганларнинг ҳам аксарияти оламдан ўтиб кетишди. Бу машъум уруш қатнашчилари эса саноқли қолган. Кўҳна Қитъа – Европада бу уруш ташкилотчилари ҳам, мазлумлари ҳам бу санани мутлақо унутмайдилар. Айниқса жорий йил бу сана аксарият давлат раҳбарлари иштирокида, юзлаб ОАВ вакиллари кўз ўнгида нишонланди.

Бу журналистлар орасида Ўзбекистон вакиллари ҳам бор эдилар. Польша давлатининг Ўзбекистондаги элчихонаси ташаббуси ва бевосита ҳомийлигида бўлиб ўтган бу сафар чиндан ҳам мазмунли бўлди.

Савол туғилади, нега айнан Польша?

Гап шундаки, иккинчи жаҳон урушининг дастлабки учқуни ҳам, энг оғир жанглари ҳам, энг кўп қурбонлар бериш ҳам айнан шу давлатда кечган. Польша ҳудудининг ҳар бир қаричи тарихни муҳрлаб олган. Бу давлатдаги бепоён қабристонларда ётган жангчиларнинг, мангу қўним топган аскарларнинг аниқ сонини ҳеч ким билмайди.

“Сўнгги аскар шахси аниқланиб, ҳурмат билан дафн этилмагунча уруш давом этаверади” деган нақл бор. Мана, 70 йилдирки Польшада бу масалага жиддий қаралади. Ҳар йили мунтазам тарзда “Номаълум аскар қабри” дея номланувчи қабристонлар бўйлаб  тадқиқотлар ўтказилади, аскарлар шахси аниқланса, уларнинг яқинлари изланади. Расмий ва тасдиғини топган маълумотларга қараганда Польша ҳудудида собиқ иттифоқнинг 600 минг нафардан ортиқ аскарлари тупроққа қўйилган, аммо ҳали тасдиғини топиб улгурмаган маълумотлар бу рақамнинг 1,2 млн кишига етишини кўрсатади. Албатта, тупроққа қўйилган, деган гап озроқ муболағали. Сабаби уруш талотўплари пайтида аскар жасадини қайсидир расм-русумга мувофиқ дафн этиш катта иш саналган. Кўп ҳолларда бунга имкон ҳам, вақт ҳам бўлмаган. Нобуд бўлган аскарлар тўдаланиб, умумий чуқурларда дафн қилинган ва бирор белги қўйиб кетилаверган. Ёки жон берган жангчи шунчаки табиий тарзда ерга қоришиб кетган...

Юз минглаб бундай жасадлар орасида ўзбеклар, ватандошларимиз ҳам талайгина бўлганлиги табиий. Польша ҳукумати аскарлар шахсини аниқлаш ишларини давом эттираркан энг илғор ва қимматбаҳо технологияларни қўллашни йўлга қўйган. Масалан бирор аскар шахси аниқланса, ёки авлодларидан кимдир бирор ҳудудни кўрсатса, олинган ДНК намуналари давлат ҳисобидан лаборатор текширувдан ўтказилади ва аниқлик киритилади.

Умуман Польша ҳудудида совет аскарлари дафн қилинган 718 та объект бўлса, фақат аскарлар мозорига айланган 230 та қабристон бор. Уларнинг 60 тасида поляк аскарлари ва асирга тушган турли миллат вакиллари аралаш қўйилган. Уруш тугаши билан бу жойларни қайд этишга киришган Польша ҳукумати ҳар бир қабристонга алоҳида эътибор қаратади, мунтазам назорат қилиб туради.

Дастлаб эксгумацияга киришилган 1948-1954 йилларда ерда ётганлар сони тахминан ҳисобланган ва ҳудудлар иҳоталанган. Айниқса асирлар зичлаб кўмиб ташланган ҳудудларда минглаб кишилар сони таваккалчилик асосида ҳисобланган. Бу давлат ҳудудида бир миллиондан ортиқ асирлар кўмилгани ҳисоб-китоб қилингани эътиборга олинса, жуда кўплаб тақдирлар чалкашиб кетгани аниқ.

Ҳар йили Польшада минглаб эксгумациялар ўтказилади. Аммо уларнинг жуда озчилигининг шахси аниқланади. Расмий маълумотларга кўра 2016 йил ҳолатига 115 минг 296 кишининг шахси аниқланган. 1,5 миллиондан ортиқ киши ҳамон “номаълум аскар” мақомида эканлиги ҳисобга олинса, бу жуда кам туйилади. Аммо ишлар мунтазам давом эттирилмоқда.

Бу борадаги ишларни олиб бориш ҳуқуқини олган ва ягона ижрочи бўлган ташкилот – Миллий Хотира институти ҳисобланади. ОАВ вакилларини ҳам айнан мана шу институт таклиф қилган.

Польшада 1933 йилдан буён амал қилиб келаётган қонунга кўра бу давлат ҳудудидаги ҳар қандай ҳарбий қабр аскарнинг дини, миллати ва давлатидан қатъи назар давлат васийлигида бўлади. Давлатнинг бу қадар эътибори туфайли юзлаб қабристонларда ажиб бир сукунат ҳукм суради.

Сафар иштирокчилари кўп сонли ватандошлари қабрлари қаторида ўзбекистонлик генерал Собир Раҳимовнинг рамзий қабрини ҳам зиёрат қилдилар. Ҳудудда ўсаётган якка мажнунтол ҳам юзлаб тошларга номлари муҳрланган ватандошларимиз тақдирига куйикиб эгилиб тургандек эди гўё...

 

Мавзуга оид