Жамият | 19:25 / 12.09.2019
95737
12 дақиқада ўқилади

Контракт ошди, стипендия эса камайди. Талабалар сўнгги ўзгаришларга қандай муносабатда?

Сўнгги кунларда олий таълим тизимида кузатилаётган ўзгаришлар аҳоли орасида кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда. Контракт миқдорининг яна ошгани, стипендия қийматининг камайгани билан боғлиқ турли миш-мишлар, чин ёки ёлғонлигини аниқлаш қийин бўлган гап-сўзлар, тушунмовчиликлар кўпайди. Хўш, аслида нималар ва нега ўзгарди?

Контракт нархи 18 фоизга қимматлашди. Сабаб ─ харажатлар кўп!

2019 йил сентябрь ойидан бошлаб олий таълим муассасалари учун тўлов-контракт миқдори 18 фоизга ошди. Бунга асос сифатида таълим харажатлари ортиб бораётгани кўрсатилмоқда.

«Олий таълим муассасалари ходимларининг иш ҳақи миқдорлари, коммунал хизматлар тарифи ва бошқа сақлаш харажатлари ошгани ҳолда, олий таълим муассасаси харажатлари даромадига нисбатан 74 фоизга ўсган. Шунингдек, ёшларни олий таълим билан қамраш кўрсаткичи 2017/2018 ўқув йилидаги 9 фоиздан жорий ўқув йилида 20 фоизга ортди, талабалар контингенти 126 минг нафарга кўпайди. Бу олий таълим муассасаларида ўқитувчилар ва ўқув бинолари қувватларини яратиш бўйича қўшимча эҳтиёжга олиб келади, ўз навбатида қўшимча харажатни талаб этади. Шу боис, контракт нархи ҳам ошди. Аслида контракт пули таълим харажатларини тўлиқ қоплаши керак, лекин ҳозир бизда фақат 68 фоизини қоплаяпти, холос. Қолган қисмини эса олий таълимда кадрлар тайёрланишидан манфаатдор бўлгани учун давлат бюджетидан қопланмоқда. Лекин давлат даромадининг ҳам чеки бор. Агар контракт нархи камайтирилса, чегирма ҳисобидаги бўшлиқни тўлдириш ҳам давлат бюджети ҳисобига тушади. Лекин бюджет ҳам халқдан олинадиган пул ҳисобига тўлдирилади-ку», дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Сарвар Бузрукхонов.

Сарвар Бузрукхонов

Икки хил контракт шакли жорий этилди: стипендияли ва стипендиясиз

2019 йилдан бошлаб стипендияли ва стипендиясиз контракт шакли жорий этилди. Стипендияли контрактда талаба ҳар доимгидек ўз стипендиясини ойма-ой олади ва белгиланган контракт суммасини тўлиқ тўлайди. Стипендиясиз контрактда эса талаба 12 ой давомида оладиган стипендиясининг умумий суммасини (400,000х12=4,800,000) бир йиллик контракт нархидан чегириб қолган ҳолда, қолган суммани тўлаши мумкин бўлади.

Бу тизим бакалавр, магистрларнинг барчаси учун, шунингдек, супер-контракт асосида ўқийдиганлар учун ҳам жорий этилади.

Шунингдек, аҳолига енгиллик яратиш мақсадида контракт суммасини ойма-ой бўлиб тўлаш имконияти берилмоқда. Олий таълим муассасалари ректорлари тўлов муддатларини узайтириш ваколатига ҳам эга бўлади.

Стипендия миқдори бир хил ─ 400 минг сўм

Ҳозиргача амал қилиб келган тартибга кўра, талабалар семестр якунида топширган тест синовлари натижасига асосан баҳоларига қараб («5» баҳо учун, «4» баҳо учун ва «3» баҳо учун) табақалаштирилган стипендия олишар эди. Янги ўқув йилидан бошлаб барча талабалар учун бюджет ёки контракт асосида ўқишдан қатъи назар қатъийлаштирилган 400 минг сўмлик стипендия жорий қилинди. Фақат битирувчи босқичнинг бюджет асосида ўқийдиган талабалари аввалги, табақалаштирилган тизими асосида баҳосига қараб стипендия олади.

Олий таълим вазири ўринбосари Сарвар Бузрукхонов берган маълумотларга кўра, стипендия нархи қатъийлаштирилиши стипендиясиз тўлов шакли жорий этилиши билан боғлиқ. Қатъийлаштирилган стипендия учун нега айнан 400 минг сўм белгиланганига қуйидагича изоҳ берилди.

«Ўзбекистонда талабаларнинг 62 фоизи 3 баҳога ўқийди. 3 баҳо учун 374 минг сўм стипендия белгиланган. Уни яхлитлаб, 400 минг сўм қилиб қўйдик. Чунки кассир ҳам камини бера олмай қолиши, у ҳам бир жиноятни бошлаши мумкин. 600 минг қилиб қўйсак, бу кимгадир малол келиши мумкин. Стипендиянинг қатъийлаштирилган миқдорини белгилашда талабалар, ректорлар кенгаши билан муҳокама қилинган, олий таълим муассасалари билан келишилган. Олий таълим муассасаси раҳбарларининг фикри ҳам жамоатчилик фикрини беради. Биз талабаларнинг ҳам фикрини олдик», дейди Сарвар Бузрукхонов.

Аммо талабаларнинг фикри қай тартибда ва қайси манбада ўрганилгани ҳақидаги маълумот очиқланмади.

Яхши ўқиган талабалар рағбатлантирилади

Янги тартибга кўра, ўзлаштириши яхши бўлган, илмий ва жамоатчилик ишларида фаол бўлган талабаларга стипендиянинг 50 фоизигача (200 минг сўмгача) миқдорда қўшимча рағбатлантириш берилиши мумкин. Бундай рағбатлантиришга номзодлар ректор томонидан тавсия қилинади. Рағбатлантириш маблағлари давлат гранти асосида ўқийдиган талабалар учун давлат бюджети ҳисобидан, тўлов-шартнома асосида ўқийдиган талабалар учун эса ҳар бир олий таълим муассасасида ташкил этиладиган фонд ҳисобидан қопланади.

«Ногиронлар, кам таъминланган оила фарзандлари, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган талабалар учун ҳам стипендия ОТМ фондидан қоплаб берилади», дейди Олий таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Мақсуд Ҳамроев.

Мақсуд Ҳамроев

«Бюджетчи»лар 30 фоиздан кўп «3» баҳо олса, стипендиясиз қолади

Маълум қилинишича, мазкур ўқув йилидан бошлаб давлат бюджети асосида ўқийдиган талабалар барча фанларнинг 30 фоиздан кўпини «3» баҳога ёпса, кейинги ўқув семестрида стипендия олишдан маҳрум бўлади.

Супер-контракт тизимида ўзгаришлар кутилмоқда

Сарвар Бузрукхонов берган маълумотларга қараганда, талабаларнинг контрактни тўлаш жараёнини енгиллаштирувчи таълим кредити оширилган контракт (супер-контракт) асосида ўқийдиганлар учун ҳам ажратилиши кутилмоқда. Шунингдек, оширилган контрактлар учун бир қатор қулайликлар жорий қилиниши, хусусан, контракт суммаси камайтирилиши кутилмоқда.

Яқин орада янги қулайликлар ҳақида батафсил маълумот берилиши айтилди.

Оширилган контракт учун ҳам стипендияли ва стипендиясиз тўлов жорий қилинади. Оширилган контракт миқдорини белгилашда стипендиясиз контракт ─ 6 миллион 200 минг сўм асос қилиб олинади.

Шу билан бирга, оширилган контрактни иккига бўлиб тўлаш мумкинлиги ҳақида ҳам хабар берилди.

Сиртқи ва кечки таълим учун контракт суммаси камайтирилди

«Жорий ўқув йилида сиртқи ва кечки таълим учун контракт миқдори ўтган йилгига қараганда 35-40 фоизга камайтирилди. Ўтган йили бу сумма 9 млн сўмга тенг бўлган, жорий йилда эса 6 млн 300 минг сўм этиб белгиланмоқда», дейди Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Мақсуд Ҳамроев.

Талабалар қандай фикрда?

Стипендияли ва стипендиясиз тўлов-шартнома тизими жорий этилиши, айниқса, стипендия миқдорининг қатъий 400 минг сўмга тенглаштирилгани кенг жамоатчилик ўртасида муҳокамаларга сабаб бўлди. Норозиликлар сони ижобий фикрлардан кўп эканлиги рост. Kun.uz ижодий ходимлари ушбу ҳолат талабалар томонидан қай тарзда кутиб олинганини билиш мақсадида талабалар шаҳарчасига йўл олишди.

Ўзбекистон Миллий университети ва Тошкент давлат техника университети талабаларининг ушбу қарорга муносабатлари қандайлигига қизиқдик, улардан белгиланган 400 минг сўмлик стипендия бир ойлик харажатларига етиш-етмаслигини сўрадик.

Талабалардан бирининг айтишича, ушбу қарор фақатгина ота-оналар учун ижобий янгилик бўлиши мумкин. Аммо талабанинг ўзи стипендия олмасдан яшаши қийин.

«Фикримча, стипендияли тўлов-контрактни танлайдиганлар учун ҳам 400 минг стипендия белгилаб қўйиш тўғри қарор эмас. Энди талаба ўқишни эмас, ишлашни биринчи ўринга қўяди. Ўз-ўзидан таълим сифати тушади. Илгариги тизим оптимал ечим эди», дейди талаба.

Шунингдек, янги тизим таълимдаги сохталикларга барҳам бериши бўйича мулоҳаза ҳам билдирилди.

«Ҳар ким ўзига керакли билимни олади, моддий манфаат йўқолади. Талаба олдиндан иқтисодий режа тузиб олиши керак. Ана шунда оз даромад билан катта ҳажмли харажатни қопласа бўлади», дейди талабалардан яна бири.

400 минг сўмлик стипендия бир ойлик харажатларни қоплайдими? Бу саволга деярли барча респондентлар «йўқ» дея жавоб қайтаришди. Бугунги кунда вақтинчалик турар жойда яшаш харажатларининг ўзи 300 минг сўмни ташкил қилмоқда. Бундан ташқари, озиқ-овқат хариди ва бошқа харажатлар ҳам кутиб турибди.

Умумий қилиб айтганда, стипендия масаласида бюджет ва тўлов-шартнома асосида ўқийдиганлар алоҳида икки қутбга ноҳақ ажратиб қўйилгани айтилди ва бу ҳаракат адолатсиз қарор, дея баҳоланмоқда.

Жамоатчилик нима демоқда?

Расул Кушербаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Иш ҳақлари 10 фоизга ошган даврда қайси мезон ва виждон билан контракт миқдорини 18 фоизга ошириш мумкин? Ахир контракт ошиши узоқ изланишлар билан инновацион услубда топилган гениал таклиф — иш ҳақлари ошадиган фоиз миқдорларига боғланган эмасмиди?

Бунисига-ку чидаш мумкиндир, бироқ контракт асосида таҳсил олаётган талабаларга қандай баҳо олишидан қатъи назар бир хил 400 минг сўм стипендия белгиланишини қандай изоҳлаш мумкин? Гапни қанча айлантирмайлик, реал ҳаётда бу талабалар ўртасида яхши ўқиш учун рағбат буткул йўқолиши ва ўз устида ишлашга ихлос қайтишига олиб келиши факт.

Тасаввур қилинг, 32 мингта талабага ётоқхонадан жой топилмай турган вақтда улар пул ҳисобига квартира топиш, еб-ичиш, ўқишга қатнаш харажатлари билан талаба бўлиб таҳсил оладими ёки яшаш учун норасмий сектордаги ишчи бўлиб кун ўтказадими?

Хуллас, табақалаштириш деганда биз контракт тўловида енгиллик бўлиши, талабаларга имконият берилиши учун амалга ошириладиган «тўлов табақалаштириш»ни тушунгандик. Бунда эса талабаларни бюджет ва контрактга ажратиб очиқчасига ерга уриш билан табақалаштириш бошланиб кетибди. Шўринг қурсин, талаба!

Хушнудбек Худойбердиев, ҳуқуқшунос, блогер:

— Контракт нархлари кутилганидек 10 фоиз эмас, балки 18 фоиз ошганига асосий сабаб ОТМ ходимларининг иш ҳақи ошгани, коммунал хизматлар тарифлар ва бошқа сақлаш харажатлари кўпайгани экан. Аслида бутун дунёда ОТМнинг топаётган даромади ошса, шундан кейингина ходимларнинг ойлиги оширилади. Лекин бизда аввал ўқитувчиларнинг ойликларини ошириб, кейин унинг ўрнини қоплаш учун контрактларни қимматлаштиришади. Ажойиб!

Талабанинг бир ойлик харажати қанча?

Вилоятдан Тошкентга келиб таҳсил олаётган талабалар билан суҳбат уюштирилди. Улар берган маълумотларга кўра, ўрта ҳисобдаги талабанинг бир ойлик харажатлари қуйидагича кўринишда бўлади.

Йўл харажатлари ─ метро ва автобус учун ойлик йўл чиптаси (проездной) 83 минг сўм;

кунлик тушлик харажатлари ─ ўртача 7 минг сўм (бир ойда 210 минг сўм),

озиқ-овқат хариди ─ 100 минг сўм;

ўқув қуроллари ва дарс топшириқлари бўйича компьютер хизматлари ─ 40 минг сўм;

телефон харажатлари ─ 40 минг сўм;

квартира ижараси ─ 220 минг сўмдан бошланади;

кийим-кечак хариди ─ 150 минг сўм;

университетдаги турли харажатлар ─ 30 минг сўм.

Бир талабанинг энг минимал даражадаги харажатлари ҳисобланганда бир ойда 873 минг сўмни ташкил қилади.

Шунингдек, аксарият талабалар тил курсларига қатнаши керак. Бунинг учун ҳам ойига энг камида 300 минг сўм ажратиш керак.

Университетлардаги талабалар турар жойлари нисбатан арзон ва қулай. Бир ўқув йили учун тўлов бир миллион сўмдан бошланади, ҳар бир ой бошига 100 минг сўмдан тўғри келади. Лекин талабалар турар жойларида ўрин чеклангани боис аксарият квартираларда ижарага туришга мажбур бўлади.

Юқоридаги асослар ва ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрлардан кўриниб турибдики, контракт нархининг ошгани ва бунинг баробарида стипендия миқдорининг қатъийлаштирилгани аксарият томонидан салбий қабул қилинмоқда. Аммо контракт миқдори камайтирилишидан умид қилмаса ҳам бўлади. Бу ҳақида Олий таълим вазирлиги масъуллари ўз нутқларида баён қилишган.

Қатъийлаштирилган 400 минг сўм стипендия эса ўзгариши мумкин. Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, мазкур янги амалиёт ишлай бошласа, самарадорлик ва талабаларнинг фикрини ўрганган ҳолда сумма миқдорига ўзгартириш киритилиши мумкин

Демак, воқеалар ривожини кузатамиз...

Саодат Абдураҳмонова, Муҳаббат Маъмирова тайёрлади.
Тасвирчи: Муҳаммаджон Ғаниев

Мавзуга оид