Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мақолага муносабат: Бухоро ихтисослаштирилган маданият мактаб-интернатида муҳит яхшиланади
Kun.uz сайтида «Бухоро ихтисослаштирилган маданият мактаб-интернатида нималар бўлмоқда?» сарлаҳали мақола эълон қилинган эди.
Унда Бухоро шаҳридаги ихтисослаштирилган маданият мактаб-интернатидаги раҳбар ва педагогик жамоа ўртасидаги зиддиятлар, таълим масканидаги носоғлом муҳит журналистик суриштирув асосида танқид остига олинган эди.
Айни вақтда танқидий мақоладан сўнг маданият мактаб-интернатида вазиятни яхшилаш бўйича чоралар кўрилмоқда. Бу ҳақида вилоят ҳокимлигининг buxoro.uz сайтида маълум қилинди ва муносабат билдирилди.
«Kun.uz сайтида эълон қилинган «Бухоро ихтисослаштирилган маданият мактаб-интернатида нималар бўлмоқда?» сарлавҳали материал ижтимоий тармоқда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Гап шундаки, ушбу таълим даргоҳининг бир гуруҳ ўқитувчи ва ходимлари томонидан мутасадди идораларга мурожаат йўлланганди. Унда таълим масканида носоғлом муҳит юзага келгани, мактаб интернати раҳбари томонидан турли қонунбузилишларга йўл қўйилаётгани, жамоага тазйиқ ўтказилаётгани ва қўпол муомалада бўлинаётгани баён этилган.
Ушбу танқидий мақолага нисбатан вилоят маданият бошқармаси қуйидагича муносабат билдирди:
«Ҳолат юзасидан вилоят маданият бошқармаси томонидан мутахассислардан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, ушбу мурожаат атрофлича ўрганиб чиқилди.
Бухоро ихтисослаштирилган маданият мактаб-интернати раҳбарлигини вақтинча бажариш ваколати республика Маданият вазирлиги буйруғи асосида шу пайтгача ушбу даргоҳда ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари вазифасида ишлаб келган Нодира Ражабовага юклатилган.
Дастлаб у малакали кадр-раҳбар сифатида ўзига юклатилган вазифани сидқидилдан бажариб келган. Жумладан, даргоҳда янги Халқ чолғуларидан иборат бўлган миллий чолғу ансамбли ва оркестри, мақом ижрочилигига асосланган «Мерос» ансамбли, «Чорзарб» фольклор-этнографик ансамбли ташкил қилинган. Мактаб-интернатнинг вилоят миқёсида ўтказиладиган маданий-маърифий тадбирлардаги иштироки кенгайди. Шунга қарамасдан, мактаб-интернатида ички носоғлом муҳит шаклланган. Бу ерда ёшларга сабоқ берадиган ўқитувчи мутахассислар икки гуруҳга бўлиниб қолгани оқибатида келишмовчилик юзага келгани ўз исботини топди.

Таълим масканига 2017 йилдан буён раҳбарлик қилиб келаётган Нодира Ражабова жорий йил май ойида лавозимидан озод этилган эди. Бухоро вилоят маданият бошқармаси раҳбари Йўлдош Генжаев томонидан янги тайинланган директор жамоага таништирилди. Аммо орадан бир кун ўтиб «баъзи сабаблар»га кўра, янги раҳбар ишлашдан бош тортди ва Нодира Ражабова яна директор вазифасини вақтинча бажарувчи сифатида ишини давом эттирмоқда.
Эътиборли жиҳати, мактаб-интернатидаги аҳвол ижтимоий тармоқда муҳокамаларга сабаб бўлишидан анча олдин вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Йўлдош Генжаев бевосита мазкур мактаб-интернатида бир неча марта бўлиб, ўқитувчилар билан учрашиб, носоғлом муҳитга барҳам бериш борасида қатор тушунтириш ишларини олиб борди. Аммо натижа бўлмади. Ишчи гуруҳи томонидан ўрганиш натижаларига мувофиқ, Нодира Ражабова иш фаолияти давомида назоратни сусайтириб юбориб, ваколат доирасида ишларни ташкил этмагани, ўқув жараёнлари назоратсиз қолдирилгани ойдинлашди.
Kun.uz сайтидаги мақоладан сўнг мактаб-интернатига республика Маданият вазирлигидан мутахассис-вакил, яъни Таълим муассасалари ва тармоқларини методик таъминлаш бошқармаси бошлиғи жалб қилиниб, аҳвол мутасаддилар иштирокида жойида муҳокама этилди.
Шундан сўнг вилоят маданият бошқармаси томонидан республика маданият вазирлигига Бухоро ихтисослаштирилган маданият мактаб-интернати раҳбари ва унинг ўринбосарлари лавозимига номзодлар тақдим этилди.
Бундан кўринадики, тез кунда ушбу таълим муассасасидаги муҳит мутлақо ўзгаради, унга янги мутасаддилар тайинланиши таълим сифатини юқори босқичга кўтаради. Демак, тез кунда Бухоро ихтисослаштирилган маданият мактаб-интернатидаги муҳит мутлақо ўзгаради», – дейилади ушбу муносабатда.
Мавзуга оид
16:16 / 16.05.2025
Танзила Норбоева Бухорода жиноятчиликка қарши курашиш масалаларини муҳокама қилди
14:39 / 16.05.2025
Бухорода йўлдан ўтаётган аёл экскаватор босиб кетиши оқибатида ҳалок бўлди
19:05 / 12.05.2025
Бухоро шаҳрида 3 та машина ёниб кетди
14:03 / 11.05.2025