Ўзбекистон | 20:15 / 13.09.2019
2806
2 дақиқада ўқилади

Наманганда Халқаро тиббиёт ва фармацевтика форуми иш бошлади

Бугун, 13 сентябрь куни Наманган вилоятида “XXI асрда тиббиёт ва фармацевтикани ривожлантиришда инвестиция ва инновацияларнинг роли” мавзуидаги Халқаро тиббиёт ва фармацевтика форуми ўз ишини бошлади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Икки кун давом этадиган форумда жаҳоннинг 30 дан ортиқ давлатидан 150 нафар хорижий компаниялар вакиллари ва тиббиёт соҳасининг етук олимлари иштирок этишмоқда.

Форумнинг биринчи куни эрталабки дастуридан бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг хорижлик инвесторлар билан музокаралари ўрин олди.

Азиз Абдуҳакимов
Хайрулло Бозоров

Куннинг иккинчи ярмида бешта йўналиш - эндокринология, кардиология, жарроҳлик, оналик ва болалик муҳофазаси ҳамда фармацевтика бўйича секция йиғилишлари ўтказилди.

Наманган вилояти ҳокимлиги, Соғлиқни сақлаш, Инновацион ривожланиш вазирликлари ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилаётган халқаро форумда вилоят тиббиёти ва фармацевтика саноатининг салоҳияти намоён этилмоқда.

Форум доирасида хорижий тадбиркорлар билан тиббий хизматлар ва фармацевтикага оид кўп миллион долларлик қатор инвестицион шартномалар имзоланиши кутилмоқда. 

14 сентябрь куни тиббиёт соҳасининг таниқли мутахассислари иштирокида вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят перинатал маркази, вилоят кардиология маркази ҳамда “Анамед” ва “Ойдин шифо” хусусий клиникаларида юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилади.

Шунингдек, Россиянинг Урал давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликда Наманган давлат университетида ташкил этилган қўшма тиббиёт факультетининг очилиш маросимини ўтказиш режалаштирилган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид