Ўзбекистон | 23:15 / 14.09.2019
12792
2 дақиқада ўқилади

Президент қарорларининг ижроси таъминланмаса, халқнинг ичига кирмаса, унинг қуруқ қоғоздан фарқи йўқ – депутат

Бугун Олий Мажлис Сенати биносида Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторларнинг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ахборот макони, жамоатчилик фикрини тўғри йўналишда шакллантириш, сўз эркинлиги, одамларнинг бугунги қарашлари ва ОАВ, ижтимоий тармоқларнинг роли мавзуида ўзаро баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Азамат Зиё ОАВнинг роли, одамларнинг дунёқараши, холис ахборот ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирди.

“Бизда ҳамиша яхши ташаббуслар бўлган. Лекин энг катта камчилигимиз шундаки, уларнинг кўпи қоғозда қолиб кетган. Президент шунча қарорларни чиқаргани билан ижроси таъминланмаса, халқнинг ичига кирмаса, унинг қуруқ қоғоздан фарқи йўқ. Қонунлар ишламаслигининг асосий сабаби жамоатчилик билан ишлашда сусткашликка йўл қўяётганлигимиздир. Биз уюшмаган миллат бўлганимиз ҳам яна бир сабабдир. Ёрқин мисол айтаман: Чўлпоннинг “Қор қўйнида лола” ҳикоясида 17 яшар қиз эшонга тортиқ қилинади. Чўлпон бу билан ўша даврнинг манзарасини очиб берган. Худди шу эшон ҳам, бегуноҳ 17 яшар қизлар ҳозир ҳам бор. Чўлпон бу асарни ёзганига 150 йил бўлган бўлса, шу давр ичида биз умуман ўзгармаганмиз. Ҳалиям ўрта аср дунёқараши билан юрибмиз. Жамоатчилик ўз қарашларини ўзгартириши керак. Бугун жамият ўзи учун курашмаса, қабул қилган қарорларимиз қоғозда қолиб кетаверади”.

Азамат Зиёнинг таъкидлашича, шунча вақтда эришилган энг катта куч эркинликдир. Унда ҳам бунёдкорлик, ҳам бузғунчилик бор. Жамоатчилик давлатни назорат қилишни ўрганди. Аммо жамоатчилик ўзини назорат қилишга ўтгани йўқ. Энг катта хато ва муаммо ҳам шунда.

Мавзуга оид