Жамият | 11:20 / 16.09.2019
20730
5 дақиқада ўқилади

«Деҳқончилигимизга қирон келди» - Урганч тумани аҳолиси томорқаларни зах босиб кетаётганидан азият чекмоқда

Хоразм вилоятида захкашларнинг тутган ўрни, аҳамияти жуда юқори. Захкаш - ер ости сувларининг сизиб чиқиши ва йиғилиши учун, яъни ернинг захини қочириш, шўрини ювиш самарадорлигини ошириш учун мўлжалланган катта ва чуқур ариқдир. Вилоят ҳудудида ер ости сувлари юзага жуда яқин жойлашгани туфайли, захкашлар тизими қишлоқ хўжалигида ва умуман одамларнинг турмушида муҳим ўринни эгаллайди.

Kun.uz таҳририятига Хоразм вилояти, Урганч тумани, Қайчили маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролардан шу мавзуга оид мурожаат келиб тушди. Унда ер ости сувлари сатҳи кўтарилиши натижасида томорқаларни зах босиб, шўрланиши кучайиб, мевали дарахтлар, экинларга қирон етаётгани ҳақида шикоят қилинган эди.

Урганч тумани, Қайчили маҳалласидаги зах босган томорқа. Ер яроқсиз ҳолга келиб, экинлар қуриб қолган

Ҳозирги кунда маҳаллада 500га яқин хонадонда 3 мингга яқин одам истиқомат қилмоқда. Ҳар қандай қишлоқ аҳолиси каби қайчиликлар ҳам бир қарич ердан унумли фойдаланишга, сабзавот ва полиз экинлари, мевали дарахтлардан ҳосил олишга, чорва моллари учун ем-хашак тайёрлашга, бу билан қўшимча даромад олишга ҳаракат қилишади. Бироқ, сўнгги йилларда деҳқончилик ва чорвачилик қилиш учун шароит оғирлашиб кетган.

Ҳаммасига захкашлар кўмилиб қолгани натижасида томорқаларни зах босиб кетаётгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Томорқаларни зах босиб, уйларнинг деворларигача яқин келмоқда

Хоразм вилоятида ер ости сувлари сатҳи кўтарилиши билан боғлиқ муаммолар азалдан мавжуд. Аммо бу асрлар давомида синалган самарали усул – захкашлар орқали ҳал қилинган. Далалар, уй-жойларга яқин ҳудудларда катта ариқлар қазилган. Натижада, ер ости сувлари сизиб, шу захкашларга оқиб кетган, ерларнинг захи қочиб, деҳқончилик учун яроқли ҳолга келган.

 Зах туфайли қуриб қолган узум ва экинлар

Афсуски, сўнгги йилларда захкашларга бўлган эътибор турли сабабларга кўра сўнди. Ернинг эгалари тез-тез ўзгарди, кўплаб фермерларнинг қўлидан ўтди. Баъзан улар ўз манфаатлари йўлида умумхалқ аҳамиятига эга бўлган захкашларни кўмиб юборишди. Баъзан захкашлар табиий ҳолда кўмилиб кетди. Улар қайтадан қазилмади, тозаланмади. Маҳаллий ҳокимликлар эса бунга эътиборни сусайтирди.

Зах туфайли қуриб қолган экинлар

Захкашларни асрашга эътиборсизлик қилган ҳудудлар бугунги кунда бунинг аччиқ мевасини тотишяпти. Ернинг захи чиқиб кетиши натижасида тупроқ шўрланиб, экинлар, дарахтларнинг гуллари тўкилиб, мевага кирмаяпти, деҳқончиликдан барака кўтарилмоқда. Агар уй-жойларнинг пойдевори баланд бўлмаса, деворларга ҳам зах чиқиб кетмоқда.

Бу жойда олдин лойдан пахса девор бўлган. Аммо зах туфайли қулаб тушган. Ҳозир унинг ўрнига профнастилдан девор қилинган

Қайчили маҳалласига яқин ҳудудда қачонлардир захкаш бўлган, буни шу жойда қолган қамишзор ҳам билдириб турибди. Афсуски, захкаш фермерлар томонидан кўмиб, далага қўшиб юборилган.

 Лой пахса девор зах туфайли қийшайиб, қулаб тушиш хавфи остида турибди

Ҳозирги кунда маҳалла ҳудудига яқин далаларга шоли экилган. Бу экин жуда кўп вақт давомида сув ичида туради. Захкаш йўқлиги оқибатида шоли даласидаги сув хонадонларнинг томорқаларига сизиб чиқяпти, уй деворларини эса зах босиб кетмоқда. Аҳоли вакилларининг сўзларига кўра, бундай зах шароитида шолидан бошқа экин экишга имкон ҳам йўқ.

Кўмилиб кетган захкашнинг ўрни. Қамишзор буни билдириб турибди

Бугунги кунда аҳоли томорқадан фойдаланиш, бир қарич ерини ҳам бўш қолдирмай, экин ва дарахт экиш, бу билан қўшимча даромад олиш қанчалик муҳим эканини билиб, тушуниб турибди. Одамлар бу ишларни қилишга тайёр. Аммо шароит бўлмаса, ҳар қандай саъй-ҳаракатлардан фойда йўқ.

 Зах туфайли томорқага фақат маккажўхори экилмоқда, у ҳам сарғайиб қолган

Мурожаат бўйича Урганч тумани ҳокимлиги билан боғландик. Раҳбарият мутахассисларни жалб қилиб, вазиятни ўрганиб, янги захкаш қазиб бериш ишларини лойиҳалаштириш бошлаб юборилгани, бажарилган ишлар бўйича қўшимча ҳисобот берилишини маълум қилди.

Зах томорқани шўра ўсимлиги босиб кетган

Қайд этиш жоизки, Хоразм вилоятининг бошқа туманларида ҳам захкашлар ҳолатини ўрганиб, уларни қазиш, чуқурлаштириш ва тозалаш ишларини ташкил қилиш лозим. Бундан ташқари, аҳолига, фермерларга захкашларни кўмиб юбормаслик, уларга чиқинди ташламаслик, даладаги экин сувларини унга йўналтирмаслик, ўзбошимчалик билан томорқага айлантирмаслик бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш шарт. Бу ишлар ҳокимлик ва жамоатчилик томонидан мунтазам назоратга олиниши керак.

Маҳалла ҳудудидаги мактабнинг футбол майдони. Зах туфайли лойга айланган ва шўр босган

Kun.uz мухбири Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид