Ўзбекистон | 14:56 / 16.09.2019
158003
13 дақиқада ўқилади

Ҳарбий хизматни ўташнинг янгиланган тартиби тасдиқланди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги янгиланган низом тасдиқланди.

Низомга кўра, ҳарбий хизматни ўташ қуйидагиларни ўз ичига олади:

муддатли ҳарбий хизматга чақириш ёки контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш;

сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олиш; 

ҳарбий лавозимга тайинлаш ва уни бажариш; 

ҳарбий унвон бериш; 

ҳақиқий ҳарбий хизматдан бўшатиш; 

резервдаги хизматга олиш;

ҳарбий хизматга мажбурларни истеъфога чиқариш;

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва мазкур Низомга, шунингдек мазкур соҳадаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ ҳарбий хизматчиларнинг хизмат ва ижтимоий-ҳуқуқий мавқеини белгилаб берувчи бошқа ҳолатлар (вазиятлар).

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларига қуйидаги талаблар қўйилади:

муддатли ҳарбий хизматчилар эгаллаб турган лавозими бўйича ҳарбий ихтисосликни сифатли ўзлаштириши, ишониб топширилган қурол ва ҳарбий техникани ишлата билиш кўникмаларини эгаллаши, мустаҳкам ҳаётий позиция, ватанпарварона дунёқараш, юксак маънавий-ахлоқий ва жисмоний сифатларга эга бўлиши, ҳарбий бурчни бажаришга тайёр туриши зарур;

оддий аскарлар таркибига мансуб контракт бўйича ҳарбий хизматчилар муддатли ҳарбий хизматчиларга тааллуқли бўлган сифатларни эгаллаш билан бир қаторда, ҳарбий касбни чуқур ўзлаштириши, ўзаро боғлиқ мутахассисликларни ўрганиши, вазиятнинг турли шароитларида жанговар ва хизмат вазифаларини бажариш вақтида ишониб топширилган қурол ва Ғарбий техникани қўллашнинг мустаҳкам кўникмаларига эга бўлиши лозим;

сержантлар таркибига мансуб контракт бўйича ҳарбий хизматчилар маънан етук, ҳарбий бурчни бажаришга руҳан тайёр бўлиши, ҳарбий касбни мукаммал билиши, қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникани моҳирона қўллай олиши ҳамда уни сақлаш ва ундан фойдаланишда эҳтиёткор бўлиши керак. Уларга бўлинмаларда юксак жанговар руҳ, соғлом маънавий-руҳий муҳит яратиш, бўйсунувчиларда Ватанга содиқлик ва ватанпарварлик ҳисларини доимий равишда тарбиялаб бориш, уларни ҳарбий ихтисосликлар ва зарурий кўникмаларни ҳосил қилиш вазифалари юклатилади;

офицерлар таркибига мансуб контракт бўйича ҳарбий хизматчилар профессионал тайёргарликка эга командир (раҳбар), ҳарбий бўлинмаларга командирлик (раҳбарлик) қилиш, мураккаб вазиятларда тезкор мослашиш ва мустақил ҳаракат қилиш, ностандарт қарорларни қабул қилиш ҳамда шахсий намунаси билан бўйсунувчиларни жанговар ва хизмат вазифаларини ҳал этишга йўналтира олишга қодир, ҳарбий ишга оид чуқур билимлар, юксак маънавий-руҳий сифатлар, кенг дунёқараш, интеллект, яхши ташкилотчилик қобилиятига эга, ишониб топширилган қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникадан тўғри фойдаланиш ва уни сақлашни биладиган мутахассис бўлишлари зарур.

Юқорида санаб ўтилган сифатлар ўзини ҳарбий хизматга, Ватанга хизмат қилишга бағишлаган ҳар бир фуқаро учун ҳаётий мақсад бўлиб қолиши ва машаққатли меҳнат асосида шакллана бориши, нафақат экстремал шароитларда, балки тинчлик даврида кундалик хизмат давомида ҳам сингдирилиб, намойиш этилиб борилиши лозим.

Ишлар тажрибаси ворисийлигини таъминлаш, ёш ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий хизматга мослашуви, касбий шаклланиш ва юклатилган хизмат вазифаларини мустақил бажариш қобилиятини ривожлантириш жараёни тезлашишини таъминлаш мақсадида ҳарбий хизматчиларга юқори даражали касбий сифатларга эга бўлган, тайёргарлиги энг яхши ҳарбий хизматчилар ва Қуролли Кучлар фахрийлари орасидан мураббийлар бириктирилади.

Мураббийлик тартиби вазирликларнинг идоравий ички ҳужжатлари билан белгиланади.

Қуролли Кучлардаги ҳарбий хизматга ватанпарварона дунёқараш, юқори маънавий-ахлоқий сифатлар, зарурий интеллектуал савия, билим доираси кенг, шунингдек жисмоний тайёргарликка эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари киради.

Қуролли Кучларни контракт бўйича ҳарбий хизматчилар билан бутлаш номзодларни ҳарбий-касбий саралаш йўли билан амалга оширилади, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган шахслар бундан мустасно.

Қуролли Кучларни бутлаш территориал ва экстерриториал тамойиллари асосида амалга оширилиши мумкин.

Территориал (экстерриториал) тамойил бўйича бутланадиган бўлинмалар ва/ёки мутахассисликлар рўйхати вазирликлар раҳбарлари томонидан белгиланади.

“Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасида қуйидаги ҳарбий хизмат турлари жорий этилган:

муддатли ҳарбий хизмат;

сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат;

контракт бўйича ҳарбий хизмат;

Қуролли Кучлар сафида ҳарбий хизматни ўтаган резервчилар хизмати.

Муддатли ҳарбий хизмат - чақирув ёшидаги фуқароларнинг оддий аскарлар лавозимларидаги, шунингдек муқаддам ҳарбий хизматни ўтамаган офицерларнинг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган муддат мобайнида Қуролли Кучлар сафидаги мажбурий хизматидир.

Сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат - муддатли ҳарбий хизматни ўташга яроқли ҳамда чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ Қуролли Кучлар сафига навбатдаги муддатга чақирилмаган шахслар ўтайдиган ҳарбий хизмат туридир. Ўзбекистон Республикаси фуқароларини сафарбарлик чақируви резервига олиш Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан сафарбарлик чақируви резервида хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.

Контакт бўйича ҳарбий хизмат - давлат билан ҳарбий хизмат назарда тутилган вазирлик ўртасида тузиладиган контрактга биноан ихтиёрий равишда Қуролли Кучлар сафидаги ҳақиқий ҳарбий хизматга кирган фуқаролар ўтайдиган ҳарбий хизмат туридир.

Резервчилар хизмати - Қуролли Кучларнинг қўшилма, ҳарбий қисм ва бўлинмаларини уруш даври штатларига қадар бутлаш, шунингдек уруш даври тузилмаларини кенгайтириш мақсадида ҳақиқий ҳарбий хизматни ҳамда сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаган оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлардан бўлган ҳарбий хизматга мажбурлар учун умумий ҳарбий мажбурият асосида жорий этиладиган ҳарбий хизмат туридир.

Ҳарбий хизматга биринчи марта ёки ихтиёрий равишда (контракт бўйича) кирган фуқаролар Ватанига, Ўзбекистон Республикаси халқи ва Президентига содиқлик тўғрисида қасамёд қабул қиладилар.

Ҳақиқий ҳарбий хизматда бўлишнинг бошланиши деб:

а) муддатли хизматга чақирилган чақирилувчилар ва захирадаги офицерлар учун - ҳарбий қисмга жўнаш мақсадида мудофаа ишлари органида ҳозир бўлган кун;

б) контракт бўйича ҳарбий хизматга кирганлар ҳарбий хизматчилар учун - ҳарбий хизматни ўташ тўғрисидаги контракт кучга кирган кун;

в) вазирликларнинг олий ҳарбий таълим муассасаларига курсант лавозимига ҳамда ўқиш ҳарбий хизматга тенглаштирилган таълим муассасаларига ўқишга кирган чақирилувчилар ва ҳарбий хизматга мажбурлар учун - тегишли таълим муассасасига ўқишга қабул қилинган кун;

г) Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ҳарбий лавозимга тайинланган шахслар учун - тегишли фармон, қарор ёки фармойиш имзоланган кун ҳисобланади.

Ҳақиқий ҳарбий хизмат муддатлари календарь ҳисобида:

а) муддатли ҳарбий хизматни оддий аскарлар ва офицерлар лавозимларида ўтаётган ҳарбий хизматчилар учун - ўн икки ой;

б) контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар учун - контрактда кўрсатилган муддат;

в) Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ҳарбий лавозимга тайинланган шахслар учун - Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ёки фармойишига мувофиқ вазифаларни бажариш даври этиб белгиланади.

Ҳарбий хизмат муддати ҳақиқий ҳарбий хизмат бошланган кундан ҳисобланади.

Резервдаги ҳарбий хизматга мажбурлар ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олинган фуқаролар ҳарбий йиғинлар ўтказилаётган даврда ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтайдилар.

Фуқароларга контракт бўйича ҳарбий хизматга олинганидан сўнг, шунингдек олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ва олий таълим муассасалари ҳарбий тайёргарлик курсларида ўқишни тугатган талабаларга олий таълим муассасани битирганидан сўнг шахсий рақам, белгиланган намунадаги жетонлар ва шахсни тасдиқловчи гувоҳномалар берилади.

Ҳарбий хизмат назарда тутилган вазирлик, давлат қўмитаси ва идораларининг ҳарбий қисми, қўшилма, ҳарбий бошқарув органи, корхона, муассаса, ташкилот ва ҳарбий тузилмалари ҳамда уларда ишлаш ёки ўқиш ҳарбий хизматга тенглаштирилган ташкилот ва муассасаларда ҳарбий хизматчи резервга бўшатилиши ёки истеъфога чиқарилиши муносабати билан ҳарбий қисм шахсий таркиби рўйхатидан чиқарилган кун унинг учун ҳақиқий ҳарбий хизматнинг тугаши (охирги куни) деб ҳисобланади.

Календарь ҳисобида камида ўн йил хизмат қилган офицерлар таркибига мансуб контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга ҳарбий хизматдан бўшатилаётганда ҳақиқий ҳарбий хизмат муддатига қуйидагилар қўшиб ҳисобланади:

олий таълим муассасасининг кундузги бўлимидаги бир ой ўқиш муддати бир ой хизмат муддати ҳисобида;

олий таълим муассасасини тамомлаганидан сўнг ихтисослигига мос келадиган лавозимлардаги бир ойлик иш стажи бир ойлик хизмат ҳисобида.

Пенсияни ҳисоблаш вақтида ҳарбий хизматдан ташқари давлат хизматларининг бошқа турлари назарда тутилган вазирликлардаги хизмат махсус унвон берилган кундан бошлаб ҳарбий хизмат муддатига қўшиб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппарати билан келишилган ҳолда давлат органлари ва ташкилотлари ходимларини Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига ҳарбий хизматга олишда уларнинг олий таълим муассасаларидаги ўқиш муддатлари ва олдинги иш жойларидаги меҳнат стажи пенсияни ҳисоблашда бир ойлик ўқиш (иш) бир ойлик хизмат ҳисобида ҳақиқий ҳарбий хизмат муддатига қўшиб ҳисобланади.

Олий юридик маълумотга эга ҳарбий прокуратуранинг офицерлар таркиби ҳарбий хизматчиларига олий таълим муассасасидаги ўқиш, ички ишлар вазирлиги органларидаги хизмат, шунингдек улардаги иш ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти билан боғлиқ бўлган судлар, прокуратура ва адлия органлари ва муассасаларидаги узлуксиз иш стажи уларнинг ҳарбий хизмат муддатига қўшиб ёзилади.

Ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий хизмат муддатига куйидагилар қўшиб ҳисобланмайди:

а) ҳарбий хизматчининг интизомий ҳарбий қисмда бўлиш даври;

б) суднинг айблов ҳукми чиққан ҳарбий хизматчига нисбатан жиноятнинг олдини олиш чораси сифатида қамоқда ушлаб турилган даври;

в) хизмат бўйича чеклаш кўринишидаги жазо муддатини ўташ даври, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно;

г) ҳарбий қисмни ўзбошимчалик билан ташлаб кетилган муддат.

Интизомий қисмда жазони ўтаб, белгиланган муддати тугагандан сўнг ёки муддатидан илгари озод этилган, ҳарбий ихтисосликка эга бўлган ҳарбий хизматчига, шунингдек хизмат бўйича чеклаш кўринишидаги жазо муддатини ўтаган, умумҳарбий низомлар талабларини қатъий бажараётган, хизматни бенуқсон ўтаётган ҳарбий хизматчига унинг интизомий ҳарбий қисмда бўлган ёки хизмат бўйича чеклов даври Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда ҳарбий хизмат муддатига қўшиб ҳисобланиши мумкин.

Ҳарбий хизматнинг умумий давомийлиги, ҳарбий хизматчининг ҳам чақирилиши бўйича ва ҳам контракт бўйича ҳақиқий ҳарбий хизматнинг жами вақтини, шу жумладан ҳақиқий ҳарбий хизматга қайтадан киришни ўз ичига олади.

Ҳарбий хизматнинг умумий давомийлиги календарь ва имтиёзли ҳисобдаги ҳарбий хизматдан иборат бўлади.

Календарь ҳисоб - бу ҳарбий хизматчининг йил, ой ва суткаларда ифодаланган ҳақиқий ҳарбий хизматда бўлган расмий умумий давридир.

Пенсия, ижтимоий имтиёзлар тайинлаш ёки тўлаш учун имтиёзли ҳисоб-китоб Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ белгиланади.

Жанговар ҳаракатларда ёки террористик ташкилотларнинг қуролланган тузилмаларини аниқлаш ва йўқ қилиш бўйича махсус операцияларни ўтказиш давомида жанговар вазифаларни бажаришда қатнашган, шу жумладан, юқорида кўрсатилган ҳаракатларда қатнашиш даврида ярадор бўлгани, шунингдек озодликдан маҳрум этилиши кўринишида жазони ўташ даври ҳамда кейинчалик реабилитация қилинган ҳарбий хизматчиларга (жароҳат ва травма олгани, контузия бўлгани) касаллангани сабабли даволаш муассасаларида бўлган бир куни имтиёзли равишда хизматнинг уч кунига тенг ҳисобланади.

Қуйидаги ҳарбий унвонлар жорий этилди:

“III даражали сержант” - 3 йил;

“II даражали сержант” - 4 йил;

“I даражали сержант” - 5 йил.

Ўқиш давомийлиги 5 йил бўлган олий ҳарбий таълим муассасаларининг битирувчилари учун “лейтенант” ҳарбий унвонини олиш учун хизмат муддати 1 йил этиб белгиланди.
 

Мавзуга оид