Жамият | 11:30 / 17.09.2019
31198
7 дақиқада ўқилади

Иштихон машина-трактор паркини онлайн аукционда ютиб олган ғолиб у ерга кира олмасдан сарсон бўлмоқда

Сайтимизда МИБ томонидан суд ижро ҳужжатлари асосида аукционга чиқарилган мулкларни харид қилган фуқаролар дуч келаётган муаммолар ҳақида аввал ҳам бир неча бор мақолалар берилган.

Масалан, «Лазейкаванд» судьяларга таъсир қилмаётган «доза»си паст норматив ҳужжатлар: уларни қатъийлаштириш вақти келмадими?» сарлавҳали мақола шундай бошланган эди: «Мақола муаллифи сифатида ҳеч қачон аукционлардан кўчмас мулк ё бошқа нарса харид қилмасликни маслаҳат бераман. Чунки бу харид ортидан ўзингизга битмас-туганмас бошоғриқ орттириб, икки-уч йил ўтиб қадрсизланган пулингизни қайтариб олишингиз эҳтимоли жуда-жуда юқори. Мулк ҳеч қачон сизники бўлмайди. Ҳали қонунчилигимиз хом, судьяларимизнинг ҳам аксарияти тажрибасиз ва ишни адолатли кўра олишмайди. Бу борада Самарқандда ноёб тажриба тўпланаётганига тан бермай илож йўқ».

Самарқанд вилоятида бўй кўрсатиб турган навбатдаги «гўзал» муаммо қаҳрамонлари ўша мақолани ўқишмаган кўринади. Йўқса, катта пул сарфлаб ўзига мулк эмас, «бошоғриқ» сотиб олмаган бўлишарди.

Таҳририятимизга Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи Санъат Қодиров номидан унинг ишончли вакили Шерзод Газиев мурожаат қилди. С.Қодиров 2019 йилнинг 20 август куни 0097993 лот билан савдога чиқарилган, бошланғич нархи 1 млрд 202 млн 600 минг сўм бўлган кўчмас мулк, нотурар жой объектлари — Иштихон туманидаги Машина-трактор паркини 1 млрд 539 миллион 328 минг сўмга харид қилган.

Қайд этиб ўтиш керак, ушбу аукцион такрорий ўтказилган ва 30 июлдан 1 августга қадар ўтган дастлабки аукционда ғолиб аниқланмаган.

Хуллас, иккинчи аукционда ким ошди савдосида ғолиб бўлган С.Қодиров айни пайтда ушбу ҳудудга кира олмаяпти.

Иштихон туман «Агросервис МТП» МЧЖ раҳбари Неъмат Шакаров «Менга ҳеч ким бинони тарк этишни буюрмаган: на вилоятдаги раҳбарим, на туман ҳокими. Бунча техникани қаерга олиб кетаман?», деган важ билан аукцион ғолибларига бинони бўшатиб бермаяпти.

 Ўзи нега МТП ери ва бинолари аукционга чиқиб кетди?

Гап шундаки, 2017 йил 6 июнда вилоят «Агросервис МТП» МЧЖ ўз таркибидаги «Кейс-А» МЧЖга 6 дона Klass Dominant ғалла ўриш комбайнлари харид қилиш учун 2 млрд 346 миллион сўм, шунингдек, Иштихон туман МТПнинг аввалги кредити сўндирилмасдан тургани ҳисобига банкда гаровда сақланаётган эски комбайнларни ҳам харид қилиш учун 650 миллион сўм — жами 2 миллиард 996 миллион сўм маблағни «Туронбанк» АТБдан 5 йилга 7 фоизлик имтиёзли кредит олади.

Кредитга гаров сифатида янги олинадиган комбайнларнинг ўзи, шунингдек ўз тасарруфидаги корхоналар — Иштихон МТП ва Булунғурдаги МТП бинолари қўйилади.

Лекин кредит маблағлари ўз вақтида тўланмаслиги боис «Туронбанк» АТБ судга мурожаат қилади. Суд ундирувни гаровга қаратиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаради. Ижро вақтида мулклар аукционга чиқарилади.

Бошланғич нархи 900 миллион сўмга баҳоланган Булунғурдаги МТП ҳамон аукционда турибди — бошоғриқ керак бўлса бемалол харид қилишингиз мумкин.

Ушбу машмашаларда энг характерлиси — барчасининг бошида турган, ўша вақтда ҳужжатларга имзо чеккан Самарқанд вилоят «Агросервис МТП» МЧЖ раиси — Рустам Мамарасулович Ҳайитов айни пайтда «Ўзагросервис» АЖга раҳбарлик қилмоқда.

Нега Иштихон МТПнинг 8,3 гектар ер майдони тўсатдан 6 гектар бўлиб қолди?

Аукцион ғолиби С.Қодировни ташвишлантираётган яна бир жиҳат шуки, аукционга чиқарилган нотурар жойларга тегишли ер майдони 8,3 га деб кўрсатилган. Бу аукционолди маълумотларида ҳам, ғолиблик баённомасида ҳам акс этиб турибди.

Бироқ айни кунда Иштихон туман «Агросервис МТП» МЧЖга қарашли ерларнинг 2 гектардан зиёди туман ҳокими Ш.Негматовнинг қарори билан бошқа тадбиркорларга бериб юборилган. Биз, албатта, туман ҳокимнинг ушбу қарорлари нечоғлик қонуний эканлигини ўрганиб кўрамиз.

Бу ҳақда Ер ресурслари ва давлат кадастри Иштихон туман бўлими бошлиғи Ҳусниддин Астанов билан суҳбатлашдик.

Унинг айтишича, Самарқанд вилоят «Агросервис МТП» МЧЖнинг хатига асосан, МТПнинг фойдаланилмай ётган ер майдонлари туман ҳокимлиги захирасига қайтарилган. Туман ҳокими эса уни тадбиркорларга бўлиб берган. Бироқ, вилоят «Агросервис МТП» МЧЖда бўлганимизда, туман ҳокими номига Иштихон МТПнинг ортиқча ерларини захирага олиш учун ҳеч қандай хат жўнатилмагани маълум қилинди. Ҳозир тадбиркорларга бериб юборилган ҳудудлардан бирида ишлаб чиқариш йўлга қўйилган...

Энди савол туғилади: кадастр ҳужжатлари тақиқда турган объектнинг ерини қандай қилиб захирага олиш ва уни қандай қилиб бўлиб бериш мумкин? Умуман, туман ҳокими ер ажратиш тўғрисида қарор чиқаргани билан, гаров учун тақиқда турган объектни қандай қилиб ҳужжатлаштириш, шунга кўра солиқ тўлаш мумкин? Бу саволга тумандан аниқ жавоб ололмадик, «Ергеодезкадастр» давлат қўмитасидагилар вазиятга аралашиб, таҳририятга аниқ ва пухта жавоб бера олишса керак.

Иккинчидан, суд қарори ижросини амалга оширган ва мулкни аукционга чиқарган МИБ Самарқанд шаҳар бўлимига ҳам саволларимиз бор:

1. Мулкни аукционга чиқаришдан аввал нега у ижрочи томонидан инвентаризация қилинмаган?

2. Нега мулкка оид маълумотлар аукционга нотўғри чиқарилган? Агар ҳудуднинг 2 гектардан зиёд ери олиб қўйилган бўлса, нега у савдоларда 8,3 га кўрсатилган? Харидорнинг эътироз билдиришича, ер майдони 6 га деб кўрсатилганида, у бу савдога аралашмас эди.

3. Хўп, мулк аукционга чиқарилган экан, нега у ердаги одамлар ва техникалар ҳудуддан чиқарилиб, объект муҳрланмаган?

Энди бу машмаша «узоқ ёнса» керак

Чунки Самарқанд вилоят «Агросервис МТП» вилоят иқтисодий судига кассация шикояти билан мурожаат этган. Гарчи бундай ҳолатда 60 миллион сўмга яқин давлат божи тўланиши зарур бўлса-да, Самарқанд вилоят иқтисодий суди судьяси О.Нуримов Самарқанд вилоят «Агросервис МТП» МЧЖнинг кассация шикоятини давлат божини кечиктирган ҳолда қабул қилиш ҳақидаги илтимосномасини қаноатлантирган ва кассация шикоятини иш юритувга қабул қилган.

Тўғри, буларнинг барчаси олдинги инстанция суди қарори ижросини тўхтатиб туриш, МТПни қандай бўлса-да сақлаб қолиш мақсадида қилинмоқда. Вилоят иқтисодий судида МТПнинг кассация шикояти 26 сентябрь куни кўриб чиқилиши белгиланган.

Kun.uz бу ушбу масалани синчковлик билан кузатишда давом этади.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид