Жамият | 17:39 / 17.09.2019
9253
6 дақиқада ўқилади

Кўзлардаги мунг азоб берса, кўнгилдаги илинж ҳаётга ундайди. Бемор болажонлар албатта ғолиб чиқадилар!

 “Гeматология ва қон қуйиш илмий-тeкшириш институти”да даволанаётган бемор болаларга кўмак бериш доирасидаги акциямиз давом этади. Ёдингизда бўлса, “Синов ва умидлар маскани... Болалар шифохонасига навбатдаги ташриф. Улар Сизнинг кўмагингизни кутишмоқда” номли мақоламиз эълон қилинганди. Ўшанда жуда кўп юртдошларимиз болажонлар тақдирига бефарқ бўлмай, қўлларидан келганича ёрдам бергандилар ва ҳамон беришда давом этмоқдалар. Айниқса ўзини таништиришни истамаган, аммо биздаги маълумотларга қараганда исми Нодирбек бўлган ёш йигитнинг ҳар бир беморга 2,5 млн. сўмдан бериб кетгани кўпчиликни тўлқинлантирди. Юртимизда шундай сахий инсонлар кўп бўлсин ва уларнинг топганларига барака берсин.

Биз бугун ўша ташрифимизнинг иккинчи қисмини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Қозоқ паҳлавони кўмакка муҳтож

Биринчи беморимиз Қамисбаев Муқағалий 6 ёшда, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидан. Бу мураккаб касалликка яқинда чалинган. Аммо дард шиддат билан ўз кучини кўрсатмоқда. Шифохонада Муқағалийни бувиси Гуласал Бердиалиева парваришламоқда. Бунинг сабабларини қуйида билиб оласиз.

– Қизим боласини ёлғиз ўзи катта қилмоқда. Ўзи яқинда ишга кирди, рўзғорида камчилик кўп. Шундай пайтда боласига қараш имконияти йўқ. Узоқ вақт ҳатто касали шунақа эканлигини яшириб юрдим, билдирмасликка ҳаракат қилдим. Аммо бу шундай мураккаб касаллик эканки... Дори-дармонларга кетган ва кетаётган пулларни, қарзларни қандай тўғрилаймиз, ҳайронман-, деди йиғлаб Г. Бердиалиева.

Пластик карта рақами: 8600 0604 7829 7147 “Халқ банки”, бувиси Гуласал Бердиалиева номида.

Ёлғизликда боланг касал бўлмасин экан...

Навбатдаги болажоннинг ҳам онаси ёлғиз, фарзандларини ҳам она, ҳам ота бўлиб тарбия қиляпти. 6 ёшли Алсу Хансуварова Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидан келган. Онаси Луиза қизини парваришлаб ўтиргани учун оилада айтарлик даромаднинг ўзи йўқ. Яқинлар кўмагига суяниб қолишган.  Лейкоз касаллиги болани жуда чўктириб қўйган.

– Болаларимиз касал бўлишмасин, деб дуо қилиш маъносини энди тушуняпман. Алсу яқинда реанимацияга тушиб қолди, шифокорларимиз ҳаётини аранг сақлаб қолишди. Лекин ёлғизлик қурсин, дори-дармонларига жуда қийналяпман-, дейди онаси Луиза.

Пластик карта рақами: 8600 0423 7998 1243 “Агробанк”, онаси Луиза Хансуварова номида.

Муҳаммад Али сизни дуо қилади

Сахий инсонлар кўмагидан умид қилаётган яна бир бемор Муҳаммад Али Шарофутдинов эндигина 7 ёшга тўлди. Муҳаммад Алининг онаси ҳам ёлғиз. Елиб югуриб топгани дори-дармонларга, кундалик харажатларга етмайди. Дорихоналардан анчагина қарз бўлиб қолишган. Яхши инсонлар кўмагини кутишяпти.

– Ўғлим яқинда реанимациядан чиқди. Олти ойдирки шу дард билан курашамиз. Дориларни етказиш, рўзғорнинг кам-кўстини бутлаш жуда оғир бўляпти. Ҳеч ким бунақа оғир кунларни бошдан кечирмасин экан-, дейди Муҳаммад Алининг онаси Амирсоҳиба Шарофутдинова.

Пластик карта рақами: 8600 1306 9756 2454 “Асакабанк”, онаси Амирсоҳиба Шарофутдинова номида.

Икки йилдирки шу дард билан курашамиз

Навбатдаги беморимиз 7 ёшли Беҳзод Йўлчиев Бухоро вилоятининг Олот туманидан келган, шифохонада онаси Гулноза Худоева билан бирга даволанмоқда. Беҳзодга мактабга бориш насиб қилмади. Икки йилдирки у оққон касаллиги билан мардона курашмоқда.

– Боламнинг бу касалликка чалинганини дастлаб билмаганмиз. Бошқа касалликлар деб ўйлаб даволанишлар самара бермади, оққон эканлиги аниқ бўлганидан сўнг жуда қийин аҳволда қолдик. Ўтган йиллар давомида бор-будимизни сотиб тугатдик. Лекин ҳали анча даволанишимиз керак-, дейди онаси.

Пластик карта рақами: 8600 0423 6682 6989 “Агробанк”,

отаси Йўлчи Муродов номида.

Турмуш ўртоғим ногирон, боламга эса бу дард ёпишди...

Сўнгги бемор Тошкент шаҳридан Соҳибжон Алимов бўлади. Соҳибжоннинг бу дардга чалингани яқинда маълум бўлди. Онаси Лайло Алимова фарзандини парваришламоқда. Оила моддий ёрдамга жуда муҳтож.

– Турмуш ўртоғим иккинчи гуруҳ ногирони. Ота-онам ўтиб кетишган, кекса тоғам бор, лекин у киши ҳам кўп ёрдам бера олмайди. Боламни даволатиш ёлғиз ўзимга жуда оғирлик қиляпти. Ким ёрдам берса, мендан қайтмаса Аллоҳдан қайтсин. Фарзандим соғайиб кетиб, келажакда элига хизмат қиладиган инсон бўлади ва биз ҳамма қарзларни қайтарамиз. Мен бунга ишонаман. Лекин ҳозир жуда мураккаб вазиятда турибмиз–, дейди Соҳибжоннинг онаси Лайло Алимова.

Пластик карта рақами: 8600 3329 0992 3249 “Ипотекабанк”, онаси Лайло Алимова номида.

Муҳтарам ватандошлар, сахий инсонлар! Хайрия акцияларимизнинг ҳеч бири сизни бефарқ қолдирмаган ва навбатдагилари ҳам шундай бўлишига ишонамиз. Ҳамиша берувчи қўл бўлиб қолинг, олувчиларнинг дуолари ижобат бўлсин ва топганингизга барака берсин.

Аброр Зоҳидов, тасвирчи Абдусалим Абдувоҳидов.


Ҳурматли "UZCARD" карточка эгалари! "UZCARD" тизими сизни огоҳлантиради!

Ҳеч кимга ва ҳар қандай вазиятда пластик картангизга тааллуқли маълумотларни, айниқса телефон рақамингизга кирувчи СМС хабарларни (масалан, То'lovni tasdiqlash kodi: 123456. Kodni hech kimga bermang" ёки "Код oplati. Nikomu ne soobshayte etot kod. 123456") ошкор қилманг. Сизга ёрдам пулини пластик карточкасидан ўтказиб бераётган номаълум шахс телефон орқали мурожаат қилиб мобил телефонингизга келиб тушаётган СМС — кодлар тўғрисидаги маълумотларни билмоқчи бўлаётганини сезган бўлсангиз, билингки ушбу шахс фирибгарлик йўли билан карточка ҳисоб рақамингиздаги пул маблағларини ўғирлашга уринмоқда. Агар карта ҳисоб рақамингиздан пул маблағлари ўғирланаётганини сезган бўлсангиз дарҳол карточкангизни олган банкингизга картани блоклаш учун мурожаат қилишингиз ёки ушбу амалиётни бевосита ўзингиз мобил ёки веб иловада бажаришингиз мумкин.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид