Жамият | 21:15 / 18.09.2019
39746
6 дақиқада ўқилади

Паст Дарғомда давлат аҳамиятидаги йўл четидан 300 метр жой тадбиркорга аукционсиз берилмоқда: бошқалар норози

Самарқанд вилояти Паст Дарғом тумани маркази Жума шаҳридан ўтувчи 4R-46 — «Самарқанд-Жума-Каттақўрғон» автомобиль йўли ёқасидаги «Сифат кафолат файзи» МЧЖ директори Ғиёс Сулаймонов ва «Жума автобошбекати» МЧЖ директори Низом Пирназаровдан Kun.uz таҳририятига мурожаат келиб тушди.

Мурожаатчиларга кўра, Жума автобошбекати ва Шаббода тўйхонасигача бўлган 4R-46 йўлининг 330 метр масофасида Паст Дарғом туман ҳокими Шунқор Худойбердиевнинг 2019 йил 6 сентябрдаги 4396-Қ сонли қарори билан тадбиркор Манзура Калановага енгил йиғма конструкциядан ясалган замонавий типдаги гўзаллик салони, савдо дўконлари ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси қуриш учун 33 сотих майдон ажратилиши кўзда тутилган. Мазкур масалада ўтказилган комиссия йиғилиши баённомасида, ажратилаётган ҳудудда ҳеч қандай иморатлар ва дарахтлар йўқлиги ҳам қайд этилган.

Ҳолбуки, «Жума Автобошбекати» МЧЖ раҳбари Н.Пирназаров шу йилнинг 28 августида Самарқанд вилоят қурилиш бошқармасига мазкур ҳудудда қурилиш ишлари олиб бориши мумкин-мумкин эмаслигига қизиқиб, йўллаган мурожаатига вилоят бош архитектори Б.Элмуродов томонидан рад жавоб берилган.

Бироқ туман ҳокимнинг юқорида айтиб ўтилган қарорини ушлаб олган янги тадбиркор ҳудуддаги экилган арчаларни кесиш билан ишни бошлаган. Ҳали лойиҳа тайёрламасдан, архитектура лойиҳа топшириғини тасдиқлатмасдан ва тегишли органлардан рухсат олмасдан!

Масалан, «Шаббода» тўйхонаси эгаси Ғ.Сулаймонов 4R-46 автомобиль йўлининг ҳимоя зонасида 5-6 йил бурун ушбу арчаларни ўзи эккани, парваришлаб келганини таъкидлади. У эккан арчалар, номаълум кимсалар томонидан ҳеч қандай ҳужжат тақдим этмасдан кесилиб, номаълум жойга олиб кетилмоқда.

Воқеа жойига борганимизда арчаларни кесиб юклаётган ишчиларга дуч келдик. «Дарахтларни нега кесдингиз, кесиш учун рухсатнома борми?» десак, «ҳоким айтди, биз ҳокимнинг топшириғини бажаряпмиз», деган жавоб қайтарилди.

Ахир дарахт кесиш учун экология бўлимининг хулосаси, туман ҳокимининг рухсатномаси керак бўлмайдими? Ноқонуний дарахт кесиш учун катта жарималар назарда тутилмаганмиди?

Боз устига, «Жума Автобошбекати» МЧЖ балансида бўлган ер захирага олинмасдан, ҳеч қандай ҳужжатлар тақдим этмасдан бошқа тадбиркорга бериб юборилаётганини туман ҳокими қандай изоҳлар экан?

Мабодо йўл четидан бу узун қурилма қуриладиган бўлса, тўйхонани майли қўя турайлик, лекин автобошбекат, қурилаётган бошқа биноларнинг олди тўсилиб, уларга элтувчи йўл ҳам ёпилади.

Мўлжаллаётган узун дўконлар растаси олдидан юқори кучланишли электр линияси, остидан эса газ қувурлари ўтгани-чи? Бундай жойда қурилиш ишлари олиб бориш мавжуд меъёрларга қанчалик мос?

Бизга Ғ.Сулаймонов ўзига тегишли тўйхонанинг мутасадди органлар томонидан тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларини тақдим этди. Унга кўра, Самарқанд-Каттақўрғон автомобиль йўлининг марказидан 40 метр муҳофаза зонаси ташланиб, сўнгра қизил чизиқдан ташқарида бино ва иншоотлар қурилишига рухсат берилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги автомобиль йўлларида хавфсизликни таъминлаш ва ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2011 йил 26 декабрдаги №342-сонли қарорида умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари учун хавфсизлик минтақаси (қизил чизиққача бўлган масофа) йўлларнинг тоифалари бўйича қурилиш учун ажратилган ер тасмаси чегарасидан бизнинг ҳолатимизда 3-тоифадаги автомобиль йўлларида — 20 метр қилиб белгиланган.

Туман ҳокими келгусида кенгайиши муқаррар бўлган «Самарқанд-Каттақўрғон» автойўлининг муҳофаза зонасига туризмни ривожлантириш важи билан нега дахл қилмоқда? Бу ҳолда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари бузилмаяптими?

Боз устига туман ҳокими Ш.Худойбердиев М.Калановага мазкур ер участкасини вақтинчалик ажратиб бериш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига таяняпти.

Чиндан ҳам мазкур фармоннинг 2-иловаси — 2019–2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш Концепциясини амалга ошириш бўйича 2019 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режасининг 10-бандида Замонавий туризм комплексини яратиш, республикага ташриф буюрувчилар ва аҳолининг туризм хизматларига бўлган эҳтиёжларини қондириш учун ҳар бир ҳудудда Туризм инфратузилма объектларини жойлаштиришнинг бош чизмасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни 1 июнгача бажариш ва бунга масъул этиб, Қурилиш вазирлиги, «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 апрелда «Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 3677-сонли Қарорида 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида электрон аукцион орқали амалга оширилиши белгиланган эди.

Савол кетидан савол туғилаверади: Нега ушбу ҳолатда Президент қарорида белгиланган янги қоидага амал қилинмади? Хўп, шу ерда шу нарса қурилиши керак экан, чиндан ҳам нега ер кимошди савдосига чиқарилмади? Манзура Калановага қайси хислати учун ер танловсиз ажратиб берилмоқда?

Биз шу куни ушбу саволларга жавоб топиш учун бориб, Паст Дарғом туман ҳокимлигида бўлиб, масала юзасидан саволларимизга жавоб бера оладиган мутасаддини топа олмадик.

Kun.uz ушбу мавзу бўйича журналистик суриштирув ишларини давом эттиради ва бу борадаги кейинги чиқишларда вилоят ва туман мутасаддиларининг фикрлари билан қизиқиб кўради.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ, Kun.uz мухбири
Фахриддин ҲОТАМОВ, тасвирчи-оператор.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид