Ўзбекистон | 17:13 / 18.09.2019
22803
5 дақиқада ўқилади

Президент мактабига медиа-тур: Бу мактаб таълим сифатини оширишда ўзи хос локомотивга айланадими?

Ўзбекистон фуқаролик жамиятига асосланган демократия қуришни асосий мақсадга айлантирди. Бунда ҳукумат олдига бир неча муҳим вазифа қўйилди. Шулардан бири ёш авлодни ҳар томонлама мукаммал билимга эга қилиб тарбиялаш ҳисобланади. Ушбу вазифаларни бажариш учун Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 20 февралдаги «Президент мактабларини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига асосан президент мактаблари лойиҳаси йўлга қўйилди. Янги ташкил этилаётган президент мактаблари юртимизда таълим сифати ва самарасини ошириш бўйича локомотивга айланиши белгилаб олинди.

Бу лойиҳа мамлакатимизда иқтидорли ёшларни ўқитиш тизимини яратиш ҳамда келгусида уларда раҳбарлик ва етакчилик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган.

Илк президент мактаби Тошкент шаҳрида иш бошлади. Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, айни пайтда Наманган, Нукус ва Хивада президент мактабларини қуриш ва жиҳозлаш ишлари якунланмоқда.

Президент мактаблари дастлаб чекланган миқдорда ташкил этилиши ушбу муассасаларни бошқариш учун мутлақо янги моделни синаб кўриш зарурати билан боғлиқ. Синовдан сўнг, президент мактабларини 2020 йилда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида, 2021 йилда Aндижон, Навоий, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида ҳам қуриш режалаштирилган.

Президент мактабига кириш имтиҳонлари қандай ўтди?

Жорий йилда кириш имтиҳонлари Наманган, Нукус, Хива ва Тошкентда икки босқичда бўлиб ўтди. Дастлаб, саралаш имтиҳонларида қатнашиш учун 28 452 нафар номзод рўйхатга олинди. Шундан 27 471 нафари имтиҳонда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди. 27119 нафар номзод эса саралаш имтиҳонларида иштирок этди.

Саралаш босқичи имтиҳони натижаларига кўра, 12 мингга яқин ўқувчи асосий имтиҳонларда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Aсосий имтиҳонларда битта ўринга даъвогарлар сони 20 кишини ташкил қилди. Имтиҳон натижаларига кўра, мактабга 144 нафар ўқувчи қабул қилинди (ҳар бир синфда 24 ўқувчи).

Президент мактабларида асосий ва дастлабки синовлар «Cambridge Assessment International Education» мутахассислари томонидан ўтказилди.

Халқ таълим вазирлиги президент мактабига кира олмаган бир гуруҳ ўқувчиларга юртимиздаги бошқа ихтисослаштирилган мактабларда таълим олишни тавсия қилди. Улар ушбу ихтисослаштирилган мактабларга имтиҳонсиз қабул қилинди.

Президент мактабида ўқув жараёнлари қандай?

Президент мактаблари интернат сифатида фаолият кўрсатмоқда. Яъни, ўқувчилар 5 кун давомида мактаб ҳудудида (кампусда) яшаб, ўқишади. Дам олиш кунлари ота-оналар фарзандларини уйга олиб кетишлари мумкин. Президент мактаби ўқувчилари бепул мактаб формаси ва овқат билан таъминланади.

Президент мактабларида ўқув жараёни «STEAM - таълим» дастури (Science — табиий фанлар, Technology — технологиялар, Engineering — техник ижодкорлик, Art — санъат, Mathematics — математика) бўйича олиб борилади. Бу эса иқтидорли ёшларнинг фикрлаш қобилияти, ирода, ижодий салоҳияти, мослашувчанлигини ривожлантиришга имкон беради. Ушбу йўналишдаги дарслар инглиз тилида олиб борилади. Айни пайта мактаб STEAM методологияси бўйича дарслик ва ўқув қўлланмалар билан таъминланган.

Ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва юртга садоқат руҳида тарбиялаш учун президент мактабларида ўзбек тилида ўқитиладиган она тили ва адабиёти, тарих ва бошқа фанларни чуқур ўрганишга алоҳида эътибор берилади.

9-11-синф ўқувчиларининг қизиқишлари ва хусусиятларига қараб, президент мактабида таълим ўқув жараёнини индивидуализация қилган ҳолда олиб борилади.

Президент мактаблари битирувчилари белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган шаҳодатнома, аттестат билан бир қаторда, халқаро даражадаги тегишли дастур дипломи (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels)га эга бўлади. Бу эса ўз навбатида хорижий олий ўқув юртларига кириш имконини беради.

Канаданинг «Teachaway» ҳамда Буюк Британиянинг «TIC Recruitment» рекрутинг компаниялари билан ҳамкорликда мактабга 30 нафар чет эллик мутахассис танлаб олинди. Шунингдек, мактабга 72 нафар тажрибали ва малакали маҳаллий ўқитувчи ҳам жалб этилди. Уларнинг барчаси махсус имтиҳондан ўтказилди.

Cambridge Assessment International Education вакиллари томонидан маҳаллий ва хорижий мутахассислар учун Кембриж ўқув дастурлари асосида махсус тренинглар ўтказилди. Шунингдек, Cambridge ўқув дастурини амалга оширишнинг ижобий тажрибасини ўрганиб, уни мамлакатимиздаги бошқа мактабларда қўлловчи маҳаллий мутахассислар жамоаси шакллантирилган.

Зафарбек Солижонов, тасвирчи Мирвоҳид Мирраҳимов. 

Зафар Солижонов
Тайёрлаган Зафар Солижонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид