Жамият | 07:45 / 19.09.2019
65478
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда киберфирибгарлар гуруҳи қўлга олинди

Пойтахтда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари киберфирибгарлар гуруҳини қўлга олди.

«Ўзбекистон 24» телеканалининг мухбирларига кўра, 17-19 ёшда бўлган шахслар банк карталаридан пулларни ўғирлашган.

«Улар банкоматлар ва компьютер клубларига бориб, у ердан 1-1,5 миллион сўм пул олишган. Унинг акаси бор эди ва у пулларни ўша акасига берарди», - деди гувоҳлардан бири.

Маълум бўлишича, қўқонлик ёш йигит Россиядан олиб келинган турли хил сим-карталар ва Webmoney иловаси орқали миллионлаб сўм пулларни ўғирлаган. Бунда унга қўшнилари ёрдам беришган. Кўпинча болаларни даволаш учун пул йиғган одамларнинг пластик карталаридан пул ўмарилган.

Яқинда кибержиноятчилар Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ушланди.

«Мен бир пайтлари Paynet тизими билан ишлаганман. Бир куни қўшним келиб, Telegram’да одамлар хайрия учун пул йиғадиган кўплаб каналлар борлигини айтди. У фирибгарлар шу тарзда пул йиғишини таъкидлади. Мен унга ишондим», - деди қўлга олинган шахс.

Хусусан, кибержиноятчилар Чилонзор туманида яшовчи фуқаронинг 24 миллион сўм пулини ўғирлашган.

«Менга 65 минг сўм ўтказиб беришди ва кўпроқ пул ўтказишни режалаштиришгани учун гўшакни қўймаслигимни сўрашди. Кейин мен хабарнома олдим ва улар мендан махсус кодни сўрашди. Мен уларга барча рақамларни бердим. Икки дақиқадан сўнг барча пуллар банк картамдан йўқолди», - деди жабрланувчилардан бири.

Қўлга олинганларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда, жиноий иш қўзғатилди. 

Мавзуга оид