Жамият | 00:20 / 20.09.2019
27756
7 дақиқада ўқилади

«Салланинг ўрнига каллани олишибди» ёхуд Тошкент шаҳрининг «Асака»сидаги чинорлар можароси

19 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги «Асака» МФЙга қарашли Тамарахоним кўчасида бир қанча чинор дарахтларининг кесилаётгани акс этган видео тарқалди. Мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон экологик партияси Марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Борий Алиханов ташаббуси билан тезкор суриштирув ўтказилди. Унга ОАВ вакиллари ва блогерлар ҳам жалб этилди.

«Бу менга эмас, ариза ёзган фуқароларга юборилган»

«Асака» маҳалласи раиси Отабек Фузайиловнинг айтишича, шу йилнинг март ойида уч-тўртта машина устига дарахт шохлари синиб тушган ва жиддий шикаст етказилган. Шундан сўнг МФЙ вакиллари бир қанча дарахтларни бутлашни сўраб, Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда Тошкент шаҳар ободонлаштириш бошқармаларига мурожаат қилишган. Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг 6 августдаги хулосасига асосланиб, 23 август куни Мирзо Улуғбек тумани ҳокими ўринбосари А.Абдулҳақов имзоси билан жавоб хати келган.

Унда «Асака» маҳалла фуқарорлар йиғини ҳудудида қўриқхоналар ва бошқа табиий муҳофаза ҳудудларидан ҳамда табиат ёдгорликларидан ташқари ҳудудларда қонун бўйича, бинолар, иншоотлар ва коммуникациялар қурилиши ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ санитария тартибида диаметри 20,7 сантиметр бўлган заранг, 12 сантиметр бўлган сафора, 18 сантиметр бўлган ўрик, 25 сантиметр бўлган айлантус, 45 сантиметр бўлган акация, 40 сантиметр бўлган эман дарахтларини кесишга рухсат берилган. Рухсатнома муддати 2 сентябргача этиб белгиланган. Бироқ кесиш жараёнлари орадан ўн беш кун ўтгач, яъни 17 сентябрдан бошланган.

Тадбир давомида туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Умиджон Халиловга туман ҳокимининг ўринбосари А.Абдулҳақов номидан 4 турдаги 7 дона дарахтларни соғломлигини инобатга олиб, дарахтни сақлаб қолган ҳолда бутлаш ишларини амалга оширишини сўраб ёзилган хат келиб тушмаганлиги ойдинлашди. «Бу менга эмас, ариза ёзган фуқароларга юборилган», деди У.Халилов.

«Нима учун одамларни ўйламаймиз?»

Бир қанча шериклари билан бирга дарахтларни буталашга «бел боғлаган» Тошкент вилояти Қибрай туманида яшовчи А.К.нинг таъкидлашича, улар 5-6 йилдан бери дарахат кесиб, сотиш билан шуғулланишади.

— Бизга шу ҳудуддаги уй-жой мулкдорлари ширкати вакиллари қўнғироқ қилиб, «Дарахтларни қуриган шохларини олиб беринглар. Фарзандларимиз ва машиналар устига тушиб кетяпти», — дея чақиришди. Аслида бу дарахтларнинг учи қуриган эди, — деди у.

Марҳамат ая Эргашева:

— Мазкур ҳудудда истиқомат қиламан. Дарахтларни буталашда ёрдам сўраб, маҳалла раиси икки йилдан бери туман ободонлаштириш бошқармасига мурожаат қилиб келди. Сарсонгарчиликларга нуқта қўйилиб, энди амалий ишларга қўл урилганда бундай «фожиа» юз бергани ачинарли. Дарахтларни кесган бу одамлар бизга ёрдам бераман, деб боши балога қолди. Булар оиласини боқиш йўлида зўрға кун кўраётган инсонлар бўлишса. Улардан норози эмасман.

Нозима:

— Ўзим ушбу маҳаллада ишлайман. Шу кунга қадар юздан зиёд турли дарахтлар экдик. Маҳалламни, аҳолимни яхши кўраман. Ҳар бир фуқарони ўйлаб фаолият юритаман. Баҳор ойида тўртта машина устига дарахт шохи синиб тушди. Бир сафар кичкина қизча ҳам дарахт тагида қолиб кетай деди. Нима учун одамларни ўйламаймиз? Уларнинг хавфсизлигини таъминлашимиз керак-ку?!

«Туман ободонлаштириш бошқармасининг хабари бўлмаган»

Нодиржон Юнусов, Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи:

— 19 сентябрь эрталаб соат 09:30 да бошқарманинг телеграм ботига ушбу ҳолатга тааллуқли хабар келиб тушди. Жойига чиқиб ўрганганимизда, дастлаб диаметри 112,7 см бўлган 1 туп чинор дарахтининг ноқонуний кесилиши натижасида ўсишдан тўхтайдиган даражагача шикастлантирилганлиги ҳамда 2 туп чинор дарахтининг нотўғри буталаниши оқибатида дарахтларнинг шикастлантирилганлиги аниқланди. Суриштирув натижасида маълум бўлдики, ёлланма ишчилар муддати 2019 йил 2 сентябрга қадар бўлган ҳамда юқорида таъкидлаб ўтилган дарахтларга дахли бўлмаган рухсатнома, яъни туман ҳокимлигининг 2019 йил 23 августдаги 38-сон рухсатномаси асос қилиниб, қонунбузарликни содир этишган. Бу жараёндан туман ободонлаштириш бошқармасининг хабари бўлмаган.

Кўрсатиб ўтилган ҳуқуқбузарлик натижасида ўсимлик дунёсига жами 86.657.800 сўм зарар етказилган. Кун давомида маҳалла раиси томонидан иккита УЖМШ раҳбариятидан тушунтириш хатлари олиниб, тегишли далолатнома тузилди. Етказилган зарар кўп миқдорда бўлганлиги сабабли тўпланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 198-моддаси билан жиноий иш қўзғатиш ҳамда айбдор шахсларга тегишли чоралар кўриш учун Тошкент шаҳар прокуратурасига юбориш учун тайёрланмоқда. Ушбу модда бўйича айбдор деб топилганлар камида энг кам иш ҳақининг 50 баравари (11.150.000 сўм)гача мидқорда жаримага тортилади, кўпида уч йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

«Бошқаларга ўрнак бўлса ажабмас»

Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Борий Алиханов мазкур манзара юзасидан шахсий фикрларини қуйидагича билдирди:

— Дарахтлар агротехник буталаниш ўрнига каллакланган, яъни улар деярли ўсмайдиган ҳолатга олиб келинган. Қисқача қилиб айтганда, салланинг ўрнига каллани олишган. Партиямиз бу экологик фожиани кучли назорат қилиб, вазиятни охиригача ўрганади.

Воқеа жойига етиб келган Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Элбек Шукуров ҳам ҳолат бўйича ўз муносабатини баён этар экан «Шаҳар ҳокими ҳам дарахтларни кесиш ҳолатига бир неча маротаба ўз позициясини билдирган. Биз ҳам ноқонуний кесилишларга бутунлай қаршимиз. Бу борада махсус гуруҳ тузулиб, рейд тадбирлари тез-тез ўтказиляпти. Ушбу ҳолат ҳам бошқаларга ўрнак бўлса ажабмас. Кесилган дарахтлар товонини тўлаган билан уларни яна яшашга қайтариб бўлмайди афсуски», деган гапларни таъкидлаб ўтди.

Қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган ҳолатнинг келгусидаги жараёнларини кузатишда давом этамиз.

Миролим ИСАЖОНОВ

Мавзуга оид